Қушлар: Лочинсимонлар туркуми - Falconiformes

Қарчиғайлар оиласи - Accipitridae

Кичик бургут (пакана бургут) – Hieraaetus pennatus (Gmelin, 1788)

               

Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги йиртқич қуш. Умумий узунлиги 45-53 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100-132 см, оғирлиги 500-1300 г га етади. Эркак ва урғочи бир хил рангда, лекин урғочилари йирикроқ. Туси икки хил бўлади – оч тусдаги ва тўқ тусдаги қушлар учрайди Тўқ тусдаги қушларнинг танаси жигар ранг ёки қўнғир рангда, оч тусдаги қушларнинг устки томони оч қўнғир, остки томони оқиш ёки сарғиш бўлиб, учаётганда қанотларининг четида тўқ қўнғир йўл кўринади. Белида оқ йўл ва елкасида иккита оқ доғ бўлади. Думи узун, оч учли. Оёқлари бармоқларгача пат билан қопланган. Кўзлари тўқ, жигарранг, тумшуғи қора, оёқлари сариқ. Учиши тез ва устаомон. Учаётганда қанотлари кўпинча камонсимон қайрилган бўлади. Овози баланд, «кли-кли-кли» деб қичқиради.

Тарқалиши. Евросиё, Шимолий-Ғарбий Африка ва Австралияда тарқалган. Евросиёда Жанубий ва Шарқий Европа, Кавказ, Жанубий Сибир, Қозоғистон, Ўрта, Ғарбий ва Жануби-Шарқий Осиёда, Мўғулистонда уялашда тарқалган. Ҳиндистон ва Поқистонда қишлайди. Ўзбекистонда Ғарбий Тёншон, Ғарбий Помир-Олой, Зарафшон ва Сирдарё сув ҳавзаларида, тоғ ва текисликдаги қайир ўрмонларида уялайди. Учиб ўтиш даврида республиканинг деярли ҳамма жойда камдан-кам учрайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Текисликларда ва тоғларда (д.с.б. 2000-2400 м гача) баргли ва аралаш ўрмонларда яшайди. Ўзбекистонда тоғ ва текисликдаги қайир ўрмонларида уялайди. Уясини ердан 7-12 м баландликда тол, ёнғоқ ва бошқа баланд дарахтларга хас-чўплар ва шоҳлардан қуради. Уясининг четларига ва остига ҳар доим тол, терак, ўрик ёки ёнғоқнинг яшил барглар тўшайди. Камдан-кам ҳолда қояларда уялайди. Баҳорги учиб ўтиши март охирида – апрел ойида бўлади. Апрел-май ойида 1-3 та (одатда 2та) тухум қўяди ва 38 кун босиб ётади. Полопонлари июл охирида - августдан уча бошлайди. Кузги учиб ўтиш даври – сентябр-октябрда. Майда ва ўртача қушлар, калтакесаклар, кемирувчилар билан озиқланади. Нурота тоғ тизмасида унинг асосий озиқаси – какликлар, туркистон агамаси ва сариқилон. Жуфтликлари доимий.

Сони. 1950-йилларгача Ўзбекистонда учраши одатий эди. Ҳозир браконерлик, уялаш жойларида безовта қилиниши ва яшаш жойларининг вайрон қилиниши натижасида сони жуда камайиб кетган. Ўзбекистонда 20 уялайдиган жуфти ҳисобга олинган, шу жумладан Нурота тоғ тизмасида 14 яқин жуфти.

Ҳолати. Заиф, табиатдан камёб тури. Ўзбекистон Қизил китобига 2 (VU:D) тоифасида киритилган. Россия, Қозоғистон ва бошқа давлат Қизил китобларга ва CITES нинг II иловасига киритилган. Қўриқхоналари ва миллий боғларда муҳофаза остига олинган. Қушларни овлаш ва тутиб олиш, уяларини бузиш, тухумини йиғиш тақиқланган.

Ғажир (дашт бургути, чўл бургути)Aquila rapax (Temminsk, 1828)

            

Ташқи кўриниши. Йирик йиртқич қуш, умумий узунлиги 65-85 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 175-250 см, оғирлиги 2,3-4,8 кг га етади. Урғочилари эркагидан бироз йирикроқ. Қанотлари кенг ва узун, думи нисбатан калта, кенг ва думалоқ учли. Бир хил қўнғир туси билан фарқ қилади. Секин учади, канотини кам қоқади, кўпинча парвоз қилади.

Тарқалиши. Евросиё дашт ва чўлларида тарқалган. Ўзбекистонда Устюртда ва Қизилқумда уялайди, бошқа ҳудудларда учиб ўтиш даврида ва қишловда учрайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Очиқ ва қуруқ текисликларда яшайдиган қушлар типик вакили. Қуруқ шохлардан ва хас-чўплардан катта қилиб тепаликларда ер устида, алоҳида турадиган дарахтларга, электр устунларига уя қуради. Уясида кўпинча целлофан, қоғоз, латталар, жун ва суяклар бўлади. Апрел оҳири – май ойида урғочиси иккита оқ тухум қуяди. 40-45 кундан кейин полопонлар тухумдан очиб чиқади. Нурота тоғ тизмасида, Фориш даштида ва Жануби-Ғарбий Қизилқумда уни сентябрдан март-апрелгача кузатиш мумкин. Юмронқозиқлар, қумсичқон, қўшоёқ ва бошқа кемирувчилар, қуён, судралиб юрувчилар билан озиқланади, баъзан ўлаксаларни ейди. Парвоз қилганда, устунда ўтирганда ёки ўлжанинг ини олдида пойлайди.

Сони. Нурота тоғ тизмасида, Фориш даштида ва Жануби-Ғарбий Қизилқумда учиб ўтишда ва қишда кам сонда учрайди.

Ҳолати. Ўзбекистоннинг Қизил китобига 3 (NT) – заифга яқин тур тоифасида киритилган. Қозоғистон ва Россия Қизил китобларига, CITESнинг II-Иловасига киритилган. Дашт ва чўл ерларни ўзлаштириш, ноқонуний овлаш, уяларини бузиш ва электр узатиш симларида нобуд бўлиши натижасида сони камайиб бормоқда. Овлаш ман этилган.

Хўжалик аҳамияти. Кўплаб кемирувчиларни қиради ва шу билан қишлоқ хўжалигига катта фойда келтиради.

Катта бургут – Aquila clanga (Pallas, 1811)

 

Ташқи кўриниши. Ташқи кўринишдан дашт бургутига ўхшайди, лекин ундан сезиларли даражада кичик бўлади. Умумий узунлиги 62-72 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 155-182 см, оғирлиги 1,6-3,2 кг га етади. Бундан ташқари, умумий туси қорамтир бўлади. Вояга етган қушлар думининг асосида оқ патлардан иборат йўл яққол кўзга ташланади. Ёш қушлар қанотларини устки томонида оч доғлари бор.

Тарқалиши. Евросиёнинг мўътадил иқлим зонасидаги ўрмон ва ўрмон-дашт ҳудудларида уялайди. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида учрайди. Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда қишлайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган ҳаёт тарзини кечиради. Баҳорги учиб ўтиши феврал-март ойида, кузги учиб ўтиши сентябр-октябрда бўлади. Аралаш ўрмонларда, кўпинча сув ҳавзалари яқинида уялайди. Сунъий ҳолда барпо этилган ўрмонзорларда ҳам яшайди. Баланд дарахтларга уя қуради. Май ойида 2 та (баъзан 1 та) тухум қуяди. Полопонлари июн иккинчи яримида тухумдан чиқади ва августдан уча бошлайди. Майда сутэмизувчилар, майда ва ўртача қушлар, амфибиялар, судралиб юрувчилар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади, ўлаксаларни ҳам ейди. 

Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Жануби-Шарқий Қизилқумда – кам сонли учиб ўтадиган қуш. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 2 (VU:R) - заиф, табиатдан камёб тури тоифасида киритилган. Ҳалкаро, Россия ва бошқа давлат Қизил китобларга ва CITESнинг II иловасига киритилган.

ҚиронқораAquila heliaca (Savigny, 1809)

Ташқи кўриниши. Йирик йиртқич қуш, қанотларини ёзгандаги кенглиги 180-215 см га етади. Қанотлари кенг ва узун, думи нисбатан калта. Қорамтир-қўнғир тусда, бошининг юқори қисми сарғиш. Катта ёшдаги қушларнинг елкасида иккита оқ доғ бўлади. Ёш қушлари сарғиш ва жигарранг чипор тусда. Секин ва оғир учади, қанотларини кам қоқади, кўпинча парвоз қилади.

Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий-ғарбий Африкада уялашда тарқалган. Ўзбекистонда камдан-кам ҳолда Устюртда ва Қизилқумда уялайди, бошқа ҳудудларда учиб ўтиш ва қишлаш даврида мунтазам учрайди. Ўрта, Ғарбий ва Жанубий Осиёда, Ҳиндистонда ва Африкада қишлайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Ўрмон-даштларда, даштларда, ярим чўлларда, чўлларда ва паст тоғларда яшайди. Ўзбекистонда баҳорги учиб ўтиши феврал-апрелда, кузги учиб ўтиши октябр-декабрда бўлади. Жарликларга, тепаликларга ёки дарахтларга уя қуради. Апрел-май ойида 1-3 та тухум қўяди ва ота-она 43 кун босиб ётади. Полопонлари июл-августдан, 2-ойлик бўлиб уча бошлайди. Кемирувчилар, типратиканлар, қушлар ва ўлаксалар билан озиқланади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Жануби-Шарқий Қизилқумда – кам сонли учиб ўтадиган қуш, ёш қушлар якка ҳолда ёзда ҳам учрайди. Табиатдан ноёб тур. Ерларнинг ўзлаштирилиши, ноқоқуний ов, уяларини бузиши ва электр узатиш симларида нобуд бўлиши натижасида сони камайиб бормоқда.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:D) заиф, камайиб кетаётган учиб ўтадиган тур тоифасида киритилган. Ҳалкаро, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлат Қизил китобларга киритилган. CITESнинг I Иловасига киритилган.

Бургут – Aquila chrysaetos (Linnaeus, 1758)

            

Ташқи кўриниши. Йирик ва кучли йиртқич қуш, бургутлар авлодининг энг йирик вакили. Умумий узунлиги 76-95 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 1,8-2,3 м, оғирлиги 3-6,5 кг га етади. Қанотлари ва думининг узунлиги билан ўзига яқин турлардан ажралиб туради. Танаси бир хил жигар ранг-қўнғир тусда, фақат ёш қушлари учиб юрган вақтида думи ва қанотларида оқиш йўлли қора тусда эканлиги кўринади. Бошининг тепаси ба бўйнинг орқаси сариқ. Бошқа йиртқич қушлардек, урғочи бургут эркагидан каттароқ. Учиши бошқа бургут турлардан нисбатан анча енгил ва тез.

Тарқалиши. Шимолий Яримшарда (Европа, Осиё, Шимолий Африка, Шимолий Америкада) кенг тарқалган. Лекин ҳамма мамлакатларда кам сонда қолган. Ўзбекистонда тоғли ҳудудларда, Қизилқум чўлида, Устюрт ясси текислигида ва Жанубий Оролбўйида уялайди.

Ҳаёт тарзи. Ўрмонларда, тоғларда, тоғ этакларида, чўлларда яшайди. Ўтроқ ҳаёт кечиради. Жуфтлар бутун умрга ҳосил бўлади ва уялаш учун доимий бир майдонни эгаллайди, улар хар йили бир уясида яшайди еки 2-3та уяни галма-галдан алмаштиради. Қояларда, жарликларда, дарахтларда, электр узатиш симлари устунларида шоҳлардан катта қилиб уя қуради, остига қуруқ ўтлар ва яшил барглар тўшайди. Уясининг диаметри 1-2 м га етади. Феврал-мартда 1-3 та (одатда 2 та) тухум қўяди ва 43-45 кун босиб ётади. Бургутлар уялаш даврида жуда эҳтиёткор бўлади, уясининг атрофи бошқа йиртқич қушлардан тажовузкорона қўриқлайди. Полопонлари апрелда тухумдан чиқади, июн-июлдан уча бошлайди ва 5-6-ёшда вояга етади. Жуда кучли ва ҳаракатчан йиртқич қуш бўлиб, кемирувчилар, қуёнлар, турли қушлар, илонлар, тошбақалар билан озиқланади. Анча йирик ўлжани тутиб олиш қобилиятига эга (тулки, ёш ёввойи ва уй эчкилар ва қўйлар, ҳатто бўрилар). Баъзан ўлаксалар билан ҳам озиқланади. Нурота тоғ тизмасида унинг асосий озиқаси – какликлар. Аъло даражадаги кўриш қобилиятига туфайли у катта масофадан туриб ўлжани тутиши мумкин. Унинг кўриш қобилияти одамникидан 8 марта ортиқ.

Сони. Уяларини бузиш, қушларни ноқонуний овлаш ва тутиб олиш, уялаш жойларида безовта қилиниши, ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида бу қуш кўп жойларда кескин камайиб ёки йўқолиб кетган. Ҳозир Ўзбекистонда 80-100 яқин жуфти, шу жумладан Нурота тоғ тизмасида – 10 яқин жуфти уялайди. 

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:R) - заиф, табиатдан камёб тур тоифасида киритилган. Россия, Қозоғистон ва бошқа давлат Қизил китобларга ва CITESнинг II Иловасига киритилган.

 

 

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие