Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata |
Қора илонлар оиласи - Viperidae |
Гюрза – Vipera lebetina (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик илон. Танаси йўғон ва думи калта бўлади. Танаси узунлиги одатда 100 см (160 см) гача, умумий узунлиги (думи билан) 180 см гача етади. Боши йирик, учбурчак шаклда, ингичка бўйни билан танасидан ажралиб туради. Кўзи вертикал қорачиғли. Жағининг юқори қисмида катта заҳарли тишлар жойлашган. Танаси бўйлаб чиқиб турадиган кесма кўринади. Бу илоннинг умумий ранги ҳудудларга қараб тўқ кулрангдан жигар рангача ўзгариб туради. Нурота тоғ тизмасида гюрзанинг умумий ранги кулранг, танасининг устки қисми бўйлаб тўқ сариқ ёки жигар ранг доғлар чўзилган, ёни бўйлаб – майдароқ тўқ доғлар мавжуд. Бу тус тошлар рангига ўхшагани туфайли кўлвор илонга беркинишга ердам беради.. Қорни оч, майда тўқ доғли. Тарқалиши. Кавказ бўйлаб, Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисми, Туркманистон, Тожикистоннинг ғарбий қисми, Қозоғистоннинг жанубида тарқалган. Ўзбекистонда Жиззах, Навойи, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида учрайди. Ҳаёт тарзи. Тоғ ёнбағрида, жарликлар, тоғ қияликлари, даралар, ўт ва буталар орасида, тош уюмлари остида яшайди. Кўпинча боғ, узумзор, эски тош деворлар ва харобаларни ҳам эгаллайди. Ёзда сой ва сув ҳавзаларида сув ичишга келган қушларни пойлаб ётади. Озиқа излаб дарахт ва буталарга чиқади. Нурота тоғ тизмасида деярли барча сойларни пастги қимидан юқоригача ўзлаштирган. Қишловдан гюрза март-апрель ойида чиқади. Баҳорда кундузги ҳаёт кечиради. Жазирама ёз келиши билан тунгги ҳаёт кечиришга ўтади. Кўпайиш апрель-майга тўғри келади. Ёзнинг охирида гюрзанинг урғочиси 15-20 та тухум қўяди. 35-45 кундан кейин тухумдан узунлиги 23-25 см ёш илончалар чиқади, улар калтакесаклар, майда кемирувчилар, ўргимчаклар билан озиқланади. Катталари судралиб юрувчилар, кемирувчилар, қушлар, уларнинг тухумлари ва жўжалари билан озиқланади. Нафақат майда қушлар, балки, каклик, каптар ва булдуруқлар билан ҳам озиқланади. Сони. Нурота тоғ тизмасида 1960-1980 йилларда бу илон жуда кўп сонли бўлган. Кун давомида 4 тани учратиш мумкин эди. Бугунги кунга келиб сони ноқонуний ов ва маҳаллий аҳоли томонидан қириши ҳисобига сони камайиб кетган. Нурота қўриқхонасида 2006 йил май ойидан октябрьгача Хаётсойда ёнғокзорда доимий йўналишда (масофа – 2 км) 16 марта судралиб юрувчиларнинг саноқ ўтказилган, 4 марта 1та гюрза учратилган, колган 12 марта учратилмаган эди. Бошқа доимий йўналишда, бодомзор ва тошли ёнбағрида, 2,4 км масофада 6 марта саноқ ўтказилган, улардан фақат бир марта гюрза учратилган. Хўжалик аҳамияти. Гюрзанинг заҳари жуда хавфли ва ўлимга олиб келади. Заҳаридан кўпгина қимматли доривор воситалар тайёрланади. Заҳарни олиш учун уни тутиб махсус парваришхоналарда ушлашади. |
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|
|