Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata

Эчкемарлар оиласи - Varanidae

Бўз эчкемар – Varanus griseus (Daudin, 1803)

          

Ташқи кўриниши. Бўз эчкемар – Ўрта Осиёда энг йирик калтакесак. Тана узунлиги 55-60 см, думи узунлиги 85-90 см, оғирлиги 3,5 кг гача. Тумшуғи узун, тили узун, учи икки айри. Танасининг юқори қисми қум рангида-сарғиш, орқаси бўйлаб кўпгина қўнғир нуқталар ва доғлар бор. Бўйнида юқорида 2 - 3 энсиз бўйлама қўнғир йўллар, елка томонида 5 – 8 кўндаланг жойлашган қўнғир ёки жигар ранг кенг йўллар ўтган. Бундай йўллар думида ҳам бор. Ёшларининг умумий туси оч кулранг, қора кўндаланг йўллар ажралиб туради. Думи узун ва бақувват, хавфлик юзага келганда думи билан худди хивчиндек фойдаланади.

Тарқалиши. Ўрта Осиё, Жанубий Қозоғистон, Афғонистон, Эрон. Ўзбекистонда жанубий Орол бўйидан Фарғона водийсигача учрайди.

Ҳаёт тарзи. Эчкемар қумли ва соз тупроқли чўлларда яшайди, камроқ дарё вохаларида, туқайларда ва адирларда учрайди. Нуротанинг тоғолди қисмида кам учрайди, айримларида 3-4 км га тоғга 700-800 м баландликга кўтарилиш мумкин. 2002 йилда денгиз сатҳидан 1400 м баландликда (Нурота давлат қўриқхонаси ҳудудида Мажрумсойда) учраган. Фақат кундузи, апрел–октябр ойларида фаол. У жуда тез югуради, камдан-кам ҳолда қушлар инини ахтариб буталарга ўрмалаб чиқади. Катта қумсичқон ва тулкилар ташлаб кетган инларида беркинади ва ўша ерда қишлайди. Ўзи ҳам 2-2,5 м ли чуқур ин қазийди. Инидан озиқа излаб бир неча юз метрга кетиши мумкин. Май-июнда жуфтлашади. Урғочиси июн-июлда бир марта 6-20 тухум қўйиб, уларни тупроққа кўмиб қўяди. Тухуми узунлиги 40-55 мм. Ёшлари тухумдан кузда чиқади ва дарҳол қишловга кетади, ер юзида фақат келаси йилнинг баҳорида чиқишади. Йиртқич ҳайвон, калтакесаклар, кемирувчилар ва бошқа майда сутэмизувчилар (сичқонлар, қумсичқонлар, юмронқозиқлар, типратиконлар, қуёнчалар), судралиб юрувчилар (илонлар, катлакесаклар, тошбақалар), қушлар ва уларнинг тухумлари, ҳашоратлар, чаёнлар ва қорақуртлар билан озиқланади.

Сони. 1970-йилларда Ўзбекистон текислик қисмида ҳар гектарига 3-6 та эчкемар ҳисобга олинар эди. Ҳозирда аксарият яшаш жойларида йўқолиб кетган, қолган жойларда эса жуда кам сони қолган. Чўл зоналарида ерларнинг ўзлаштириши, айниқса шудгорлаш ва суғориш, инсон томонидан таъқиб қилиниши, йўлларда автотранспортдан нобуд бўлиши буз эчкемарининг сонини чекловчи омиллари ҳисобланади.

Ҳолати. Бўз эчкемар Ўзбекистон Республикаси Қонуни томонидан ҳимояланади. Уларни овлаш ва тутиб олиш тақиқланган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, камёблик даражаси 2 (VU:D) - заиф, йўқолиб кетаётган тур. CITESнинг 1 Иловасига киритилган.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие