Сутэмизувчилар: Жуфт туёқлилар туркуми - Artiodactyla |
Тўнғизлар оиласи - Suidae |
Ёввойи чўчқа – Sus scrofa (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик ҳайвон. Танаси ихчам тузилган, боши катта, оёқлари нисбатан калта бўлади. Жуни дағал, жигар ранг, тўқ кулранг ёки тўқ қўнғир рангда. Катталарининг ўртача узунлиги 120-180 см, яғрин баландлиги 90 см, оғирлиги 90-150 кг га етади. Энг катта чўчқа эркагининг тана узунлиги 2 м дан ортиқ ва оғирлиги 250-300 кг гача бўлиши мумкин. Катта эркаклар оғзидан чиқиб турадиган узун (10-12 см) қозиқ тишлари мавжуд. Урғочи эркакдан кичикроқ, қозиқ тишлари яхши ривожланмаган. Чўчқачалар 3 ойгача ранги билан катталардан фарқ қилади: оч жигар рангда бўлиб танасининг усти бўйлаб узунасига ўтган тўқ қўнғир йўллар бор. Ёввои чўчқа хонаки чўчқасининг авлоди бўлади. Распространение. Евросиёда (шимолий ерлари ва тропиклардан ташқари) ва Шимолий Африкада кенг тарқалган. Ҳаёт тарзи. Дарё водийларида, кўллар қирғоғида, тоғлардаги баргли ўрмонлар ва арчазор, тўқайли ўрмонларда, қояли дараларда тарқалган, ўзлаштирилган ерларда ҳам учрайди. Кўп аҳоли яшайдиган ерлар, баланд тоғликлар ва сувсиз чўлларда учрамайди, қишда озиқа излаб узоқ 15-20 км масофага чўлга боради. Қамиш ва ёғоч-бутали ўсимликли ерларни хуш кўради. Ботқоқ тупроқда қалин чакалакзорда осон харакатланади, яхши сузади. Кўриш қобилияти ожиз, лекин сезиш ва эшитиш қобилияти жуда сезгир. Асосан, тунда ҳаёт кечиради, эрталаб эса пана жойга беркинади. Қишда кундузи ҳам озиқланиб юради. Ёввойи чўчқа озиқ танламайди, у ҳаммахўр ҳайвон ҳисобланади. Ўсимликлар новдаси, илдизпояси ва пиёзи, мева, сабзавотлар, чувалчанглар, ҳашаротлар, балиқлар, қушларнинг тухуми, майда кемирувчилар билан озиқланади, қишда тол дарахтлар пўстлоғини ҳам ейди. Ёввойи чўчқа фаол ва серҳаракат ҳайвон, озиқа излаб кўп жойларга бориб, дала ва богчаларнинг ерини кавлаб ташлайди. Озиқа излаб ерни буруни билан ҳайдаб, чириган баргларни ағдариб, катта-катта тошларни ҳам жойдан қўзғатади. Тошлар ёки буталар остида, атроф яхши кўринадиган ва билан яхши беркинган жойда соз тупроққа чуқурча қазийди ва ётар жой тайёрлайди. Ноябр - декабрда жуфтлашади. Март охири – апрелда урғочи чўчқа 1-10 тагача болалайди. Дастлабки кунларда болалари инида ётади, лекин тез орада 6-8 кундан кейин онасининг кетидан эргашиб юради. Икки ёшгача болалари онаси билан бирга яшайди. 1-4 та урғочи ёввойи чўчқалар ва болалари йил бўйи пода бўлиб яшайди. Катта ёшдаги эркаклари якка яшайди. Жуфтлашиш ва озиқланиш вақтида бир неча оилалар бирга қўшилиши мумкин. Чўчқа учун ёввоий ҳайвонлардан фақат бўри хафвли. Кўплаб чўчқа боласи дайди итларнинг қурбони бўлади. Сони. Ўзбекистонда ёввойи чўчқанинг энг катта зичлиги Ғарбий Тян-Шан, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмасида бўлади, у ерда 100 кв.км га 50 та бош тўғри келади. Нурота тоғ тизмасида ва Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида ноқонуний ов туфайли сони кам. Йиллар сайин қаҳратон қишлар ёки касалликлардан нобуд бўлган чўчқанинг сони ўзгариб туради. Хўжалик аҳамияти. Ёввойи чўчқа овланадиган ҳайвон сифатида қадрланади. У ов ва ўрмон хўжаликларда ов мавсуми даврида махсус рухсат берадиган хужжат (лицензия) билан овланади. Қишлоқ хўжалиги экинларига ҳосилни ерни худди ҳайдагандек ковлаб олиши натижасида зарар етказади, лекин зарарининг кўлами катта эмас, далаларни ёввойи чўчқадан муҳофаза қилиш мушкул эмас. Нурота тоғларида ноқонуний овлаш натижасида ёввойи чўчқанинг сони камайиб кетмоқда. |
|