Балиқлар: Лаққасимонлар туркуми - Siluriformes

Лаққалар оиласи - Siluridae

Лаққа – Silurus glanis (Linnaeus, 1758)

            

Ташқи кўриниши. Ўрта Осиёнинг энг йирик балиғи. Лаққанинг энг катта маълум катталиги узунлиги 5 м га яқин ва оғирлиги 300 кг. Бугунги кунга келиб Айдар-Арнасой кўллар тизимида учрайдиган энг йирик вакилларининг узунлиги 2 м ва оғирлиги 70 кг дан ортиқ. Танаси чўзинчоқ, боши катта ва чўтка тишларига ўхшаган майда тишлари мавжуд. Териси яланғоч, шилимшиқ, тангачасиз. Танасининг усти деярли қора, ён томонлари тўқ кулранг ёки оч жигар ранг доғли, қорни оқиш. Очиқ оқар сув ҳавзалардаги лаққалар туси оч. Танасининг устки сузгичи жуда кичик, бошига жуда яқин жойлашган. Лабининг устида узун жуфт мўйлови бор, тагида икки жуфт қисқа мўйлови бор.

Тарқалиши. Европа ва Ўрта Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда Амударё, Сирдарё ва Зарафшоннинг текислик сув ҳавзаларида учрайди. Аввал Орол денгизида яшарди, лекин экологик кризиснинг ривожланиши туфайли йўқолиб кетди.

Ҳаёт тарзи. Дарё, кўл, канал ва сув ҳавзалари, чучук ёки шўрхок сувда яшайди. Дарё қўлтиқлари, сувга ботган тўнкалар тубига яқин бўлади. Йиртқич балиқ, қурбақа, моллюскалар, йирик вакиллар эса сувда сузувчи қушлар ва ондатрага ҳамла қилиши мумкин. Жинсий етукликка 3-ёшида тана узунлиги 45-55 см етади. Увилдириқ ташлаш май охири-июньда сув ҳарорати 20-23° C етганда содир бўлади. Сув ҳавзасининг қирғоқ олди қисмида увилдириқ ташлайди. Ўсимлик қолдиғидан ин қуради ёки қамиш илдизига увилдириғини ташлайди. Ҳар хил катталикдаги балиқлар серпуштлиги турлича, ёш урғочилар 7-10 мингта, йириклари эса - 1 миллионта диаметри 2-3 мм увилдириқ қўяди. Эркаги инини муҳофазалайди.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида типик вакил, лекин кам сонли. 1995-2003 йилларда бир йил давомида 0,1 дан 1,8 т лаққа овланарди, Айдар-Арнасойнинг умумий балиқ тутишнинг 1 % камини ташқил қиларди. 2003 йилдан кейин сони тутиб олиши туфайли камайиб кетди.

Хўжалик аҳамияти. Қимматли овланадиган балиқ, спорт ва ишқивозлар ови объекти.

 

 

 

 

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие