Сутэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia |
Олмахонлар оиласи - Sciuridae |
Ингичка бармоқли юмронқозиқ - Spermophilopsis leptodactylus (Lichtenstein, 1823) |
Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган ҳайвон. Танасининг узунлиги 20-30 см ва думи узунлиги 7-10 см га етади. Орқа оёқлари нисбатан узунроқ. Товонлари қалин тукли. Бармоқлари узун ва ингичка бўлиб, қаттиқ қил билан қопланган, бу хусусият қумликларда ҳаракатланишга ёрдам беради. Тирноқлари жуда узун. Қулоқ чаноғи заифлашган. Ёзги жуни жуда калта, сийрак ва қаттиқ, қишги эса узун, қалин ва юмшоқ. Танасининг юқори қисми қум-сариқ рангда, қорин томони оқ. Думининг учи қора. Ҳайвон кўтарилган думи билан югурганда бошқа юмронқозиқларга бу белги бўлиб хизмат қилади. Тарқалиши. Ўрта Осиё қум чўлларида эндемик ҳисобланадиган ер олмахони турига мансуб. Ўрта Осиё, жанубий Қозоғистон, шимолий Афғонистон, Эронда тарқалган. Ўзбекистонда Қизилқум, Сундукли чўлларида ва Сурхондарё вилоятининг жанубида учрайди. Ҳаёт тарзи. Қумли чўлларнинг типик вакили, жуда кам ҳолларда тупроқли чўлларда учраши мумкин. Қумликда жойлашган қишлоқлар ва қудуқлар атрофида кўп сонда учрайди. Якка тартибда ҳаёт кечиради, колония ҳосил қилмайди. Бархон қиялигида бутанинг остида ин қазийди. Ининг диаметри 10-15 см, чуқурлиги 1,5 м атрофида. Асосий инидан ташқари, юмронқозиқ ўзи яшайдиган ҳудудда вақтинчали хавфли вазиятда пана жой вазифасини ўтайдиган бир неча инлар ҳам қазийди. Сариқ юмронқозиқдан фарқли, йил давомида фаол, қишги уйқуга ётмайди. Новдалар, уруғлар, тугунаклар ва ўсимликларнинг пиёзлар билан озиқланади. Одатда бир йилда апрель-май ойи бошида бир марта насл беради. Бир вақтда 2-6 та болалайди (ўртача 3-4). Июнь-июльда ёш юмронқозиқлар мустақил ҳаёт кечиришни бошлайди. Айрим йилларда август-ноябрьда иккинчи насл бериши мумкин. Сони. Ўзбекистонда бир неча миллионта сони мавжуд. Қизилқум чўлининг турли жойларида 1 кв.м га зичлиги 2-10 дан 40-60 сони тўғри келади Хўжалик аҳамияти. Узунбармоқли юмронқозиқ ўлат касаллигининг тарқатувчиси ҳисобланади. Саксовул ва бошқа чўл бутазорлари новдаларига зарар етказади. |
Сариқ юмронқозиқ – Spermophilus fulvus (Lichtenstein, 1823) |
Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган ҳайвон. Танасининг узунлиги 27-38 см га, думи узунлиги 6,5-12 см га ва оғирлиги 500-1200 г га етади. Туси сариқ-қум рангда. Ингичқабармоқли юмронқозиқдан йириклиги, яланғоч товонли ва бош суяк шакли билан фарқланади. Тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистон. Шимолий Эрон, Афғонистон. Ҳаёт тарзи. Сариқ юмронқозиқ Ўзбекистоннинг фақат қумли чўлдан ташқари деярли барча текислик ерларида учрайди. Тупроқли чўлларда, тоғ этаклари пастки қисмларида, дарё воҳаларида, далар ўртасида, бўш ётган ерларда, йўл ёқаларида ва қишлоқ чеккаларида яшайди. Ташландиқ лалмикор ерларда кўп сонда учрайди. Нурота тоғ тизмасида денгиз сатҳидан 1200 м гача баландликда учрайди. Инларда яшайди. Инлари одатда гуруҳ бўлиб жойлашади. Қулай жойларда 1 га 25 та ин жойлашиши мумкин. Баҳорда ва ёзнинг биринчи ярмида фаол (йилда 5 ой давомида), йилнинг кўп вақтини уйқуда ўтказади. Баҳорда ер юзига февраль – март бошида чиқади. Июньда, ўтлар қуриб кетганда юмронқозиқлар кейинги баҳоргача уйқуга кетади. Дала, полиз ва узумзорлар атрофида яшайдиган ҳайвонлар июль ойи бошигача фаол. Новдалар, уруғлар тугунаклар ва ўсимликларнинг пиёзлар билан озиқланади. Ҳаётнинги учинчи йили давомида насл қолдиради. Урғочи баҳорда бир марта насл беради. Кўпайиш уйқудан кейин дарҳол бошланади. Хомиладорлик 30 кун давом этади. Одатда 2-8 та болалайди. Апрель охири, 1-ойли даврида ёш юмронқозиқлар ер юзига чиқишни бошлайди ва мустақил озиқланади. Уйқуга кетиш вақтида ёшлари катта юмронқозиқлар катталигига етишади. Сони. Ўзбекистонда бир неча миллион сони яшайди, ўртача зичлиги 125 сони 1 кв.км. тўғри келади. Юмронқозиқларнинг энг кўп сони антропоген ландшафтда кузатилади, бузилмаган табиий ерларда шувоқзорларда сони одатда кўп бўмайди. Фориш даштида ва Нурота этакларида дала ёқаларида ва ташландиқ лалмикор ерларда сариқ юмронқозиқнинг сони 1 гектарга 5-7 сони мос келади, бўз ерда 1 гектарга эса 0,2-2 сони мос келади. Хўжалик аҳамияти. Далада яшайдиган юмронқозиқлар қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади. сариқ юмронқозиқ ўлат касаллигининг асосий тарқатувчиси ҳисобланади. Юмронқозиқнинг мўйнаси арзон, лекин сифатли, турли хил мўйнали маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Сариқ юмронқозик табиий экотизимда жуда катта аҳамиятга эга. Бу кемирувчи Ўзбекистонда яшайдиган йиртқич ҳайвонлар ва қушларнинг, шунингдек йирик илонлар ва эчкемар озиқаси ҳисобланади. У сариқ сор, чўл бургути, итолғи, тулки, шоқол, бўри, чўл мушуги, чўл сассиқ кўзаннинг асосий озиқаси ҳисобланади. |
|