Қушлар: Қўнғирсимонлар туркуми - Podicipediformes

Қўнғирлар оиласи - Podicipedidae

Кичик қўнғирTachybaptus ruficollis (Pallas, 1764)

 

Ташқи кўриниши. Сувда сузувчи ўрдакдан кичик қуш. Узунлиги 25-29 см. Ўзбекистонда учрайдиган қўнғирлардан энг кичиги, бошида кокилчаси йўқ, бўйни анча калта. Қиш даврида туси юқори томонида кулранг қўнғир, юзи, бўйнининг олд томони ва қорни оқ. Баҳор ва ёзда (кўпайиш даврида) ранги кўзга ташланади: юқори томони тўқ-қўнғир, юзи ва бўйнининг олд томони қизғиш ранг, тумшуғи қора. Эркаги ва урғочиси бил хил рангда. Учаётганда қанотида оқ «ойна»си кўриниб туради. Овози - хушоҳанг «уит-уит» қичқиради.

Тарқалиши. Евросиё ва Африка. Айдар-Арнасой кўллар тизимида уялайди, учиб ўтишда ва қишловда учрайди.

Ҳаёт  тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Майда оқмас ёки заиф оқимли сув ўсимликлари билан ўсган ҳавзаларида яшайди. Яхши сузади ва шўнғийди, сув устида паст учади. Сув ҳашоратлари ва уларнинг личинкалари, моллюскалар, қисқичбақачалар, увилдироқлар ва майда балиқлар билан озиқланади. Инлаш даврида овоз чиқармайди ва эҳтиёткор бўлади. Ини – ўлиб ётган сув ўсимликларидан иборат бўлган оролча. 4-6 та тухум қўяди. Ота-она тухум босиб ўтиради ва полапонларни озиқлантиради. Баҳорги учиб ўтиш апрельда, кузги сентябрь-октябрьда. Учиб ўтиш тунда ўтади.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида барча мавсумларда кам сонда учрайди.

Қоратомоқ қанжир (қора бўийнли қўнғир) Podiceps nigricollis (C.L.Brehm, 1831)

 

Ташқи кўриниши. Ўрдакдан кичикроқ сувда сузувчи қуш. Умумий узунлиги 28-34 см, қаноти узунлиги 12-14,5 см, оғирлиги 300-400 г. Баҳор ва ёзда танасининг юқори қисми, боши, бўйни қора, ён томони оловранг, қорни оқ, бошида кичик кокилчаси мавжуд ва кўзи орқасида олтинранг патлар тутами мавжуд, тумшуғи қора. Қишда юқори томони кулранг-қўнғир, танасининг пастки томони, бўйни ва бўйнинг олд томони оқ тумшуғи кулранг. Кўзи қизил, тумшуғи бир оз юқорига қараган. Эркаги ва урғочи бир хил тусда.

Тарқалиши. Евросиё, шарқий ва жанубий Африка, Шимолий Америка. Ўзбекистонда, шу қаторда Айдар-Арнасой кўллар тизимида фақат учиб ўтиш даврида учрайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Кичик колониялар бўлиб инлайди, балиқчи ва чигиртчилар колонияси билан бирга инлаши мумкин. Оқимсиз ва заиф оқимли сув ҳавзалари: чучук ва шўрҳак текислик кўллари, дарё ирмоқ ва қўлтиқларни эгаллайди. Сув ҳашоротлари ва уларнинг личинкалари, моллюскалар, қисқичбақачалар, увилдироқлар, балиқчалар ва майда балиқлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиш - апрель, кузги - сентябрь-ноябрь. Учиб ўтиш тунда бўлади.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида кам сонда учрайди.

Қизилтомоқ қанжир (қизил бўийнли қўнғир) Podiceps auritus (Linnaeus, 1758)

     

Ташқи кўриниши. Ўрдакдан кичикроқ сувда сузувчи қуш. Узунлиги 33-38 см, қанот узунлиги 12,5-15,5 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 46-55 см, оғирлиги 250-550 г. Баҳор ва ёзда бўйнининг олд томони, кўкраги ва ён томонлари қизил-жигар ранг, боши кокилли ва узун патлардан иборат ёқа” қора рангда, бошининг ён томонларида олтин-оловрангли узун патлар тутами «шохчалар» ҳосил қилади, тананинг юқори қисми қўнғир. Тумшуғи қора оч учли, кўзи қизил. Қиш фаслида тусида олов ранг йўқ, бўйни ва юзи оқ, қорни ва ён томони хира кулранг, бошида «шохчалари» ва «ёқаси» йўқ. Эркаги ва урғочининг ранги бир хил, лекин эркаги йирикроқ.

Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Американинг ўрмон ва даштли ўрмонлар қисми. Ўзбекистонда, шунингдек Айдар-Арнасой кўллар тизимида фақат учиб ўтиш даврида учрайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Катта бўлмаган ўрмон ва даштли ўрмон кўлларни, йирик дарёлар  қайирларнинг қуриб кетган ўзанларни, дарёлар қўлтиғида инлайди. Алоҳида жуфтлар ёки катта бўлмаган колониялар билан инлайди. Ини қуриб сув ўсимликларидан иборат бўлган сузувчи еки қамиш ёки сув босиб кетган дўнглик. Сув ҳашоратлари ва уларнинг личинкалари, моллюскалар, қисқичбақачалр, увилдироқлар, балиқчалар ва майда балиқлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиш  апрель, кузда октябрь-ноябрда учиб ўтади. Учиб ўтиш тунда содир бўлади.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида кам сонда учрайди.

Кулранг чаккали қўнғирPodiceps grisegena (Boddaert, 1783)

     

Ташқи кўриниши. Ёввойи ўрдак катталигидаги сувда сузувчи қуш. Узунлиги 40-50 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 77-85 см, оғирлиги 400-900 г. Юқори томони қўнғир кулранг, танасининг пастки томони ва юзи оч кулранг, бошида қора «шапкача». Учаётганда қанотининг олд ва учи томонида оқ йўллар сезилади. Бўйни баҳор ва ёзда қизил-жигар ранг, қишда оч кулранг. Кўзи тўқ. Эркаги ва урғочининг ранги бир хил, лекин эркаги йирикроқ.

Тарқалиши. Евросиё, Шимолий Америка. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида кузатилган.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Қамиш ва қўға билан ўсиб кетган кўллар, дарё қўлтиқларида яшайди. Ини қуриб кетган сув ўсимликларидан иборат қамишзор орасида жойлашган. Майда балиқлар ва сув умуртқасизлари билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиши - апрель, кузги октябрь-ноябрда. Учиб ўтиш тунда содир бўлади

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида кам сонда учрайди.

Ката қўнғирPodiceps cristatus (Linnaeus, 1758)

            

Ташқи кўриниши. Ёввойи ўрдак катталигидаги сувда сузувчи қуш. Узунлиги 46-51 см, оғирлиги 1-1,2 кг. Танасининг устки томони олов-кулранг, қорни, бўйни ва боши оқ, бошида қора «шапкача»си бор. Ёзда қора «шохчалари» ва бошидаги қора-оловранг «ёқаси» орқали ажралиб туради. Учатёганда қанотининг олд ва учи томонида оқ йўллар хира кўринади. Қишда ранги кулранг чаккали қўнғирга ўхшайди, боши ва кўзи орасидаги “шапкачаси” орасидаги оқ йўл билан фарқланади.

Тарқалиши. Евросиё, Африка, Австралия. Ўзбекистонда Оролбўйи, Амударё ва Сирдарё қайирида, Зарафшоннинг қуйи этагида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида ва бошқа текислик сув ҳавзаларида инлашда, учиб ўтишда ва қишловда учрайди.

Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Кенг чуқур бўлмаган қамишзорли ва қўҳа ўсиб кетган сув ҳавзаларни хуш кўради. Моҳирлик билан сузади ва шўнғийди. Майда балиқлар, увилдироқлар ва сув умуртқасизлари билан озиқланади. Уясини оролчага ўхшаш қуриб кетган сув ўсимликларидан иборат. 3-5та яшилроқ тухум қўяди. Ота-онаси 28 кун давомида галма-гал тухум босиб ўтиради. Июнь ойида полапонлар тухумдан чиқади. Улар қалин пар билан қопланган, яхши сузади, ота-онаси кетидан биринчи кундан бошлаб кетиши мумкин. Полапонлари кўпинча ота-онасининг устига чиқиб патлари орасига беркиниб олади. Хавф туғилганда қўнғир устидаги полапонлари билан шўнғийди ва бир неча ўн метрдан четроқда  кўриниши мумкин. Полапонлар 2,5 ойли бўлганда мустақил бўлади. Учиб ўтиш тунда содир бўлади.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида кам сонли уялайдиган, учиб ўтадиган ва қишлайдиган тур.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие