Қушлар: Қизилқанотсимонлар туркуми - Phoenicopteriformes |
Қизилқанотлилар оиласи - Phoenicopteridae |
Қизил ғоз, фламинго – Phoenicopterus roseus (Pallas, 1811) |
Ташқи кўриниши. Ўзига хос жуда чиройли йирик қуш. Бўйни ва оёқлари узун, тумшуғи калта ва эгилган. Умумий узунлиги 125-145 см, қанотларнинг ёзгандаги кенглиги 140-165 см. Патлари оқ, вояга етган қушлариники пушти рангда товланади. Оёқлари қизил. Тарқалиши. Испания ва Франция жануби, Африка, Каспий денгизи қирғоқлари, Марказий Қозоғистон, Жануби-Ғарбий Осиё, Жанубий ва Марказий Америкада уялайди. Ўртаер, Каспий ва Қизил денгизлар қирғоқлари, Покистон, Ҳиндистон ва Африкада қишлайди. Ўзбекистонда фақат қушларнинг кузги ва баҳорги учиб ўтиши даврида Орол денгизи қирғоқларида ва текислик катта шўр кўлларда учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Денгиз, шўр ва сода кўллар саёз қирғоқларида яшайди. Ўзбекистонда баҳорги учиб ўтиши даврида март-май ойларида, кузда август-октябрьда учрайди. Катта колония бўлиб уялайди, миграция даврида гала ҳосил қилади. Сув умуртқасизлар ва сувўтлар билан озиқланади. Сони. Евросиёда кам сонда учрайди, Африкада сони жуда кўп. Умуман Ўзбекистон ҳудудида учиб ўтаётганда бир неча ўнтадан бир неча юзтагача қуш учрайди. Айдар-Арнасой кўллар тизимида жуда ноёб, миграцияда кам сонда учрайди. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:R) - заиф учиб ўтадиган тур тоифада киритилган. Россия ва Қозоғистоннинг Қизил Китобларига ва СИТЕСнинг II-иловасига киритилган. Ҳар томонлама муҳофаза қилинади. |
|
|
|
|