Қушлар: Товуқсимонлар туркуми - Galliformes |
Қирғовуллар оиласи - Phasianidae |
Каклик – Alectoris chukar (J.E.Gray, 1830) |
Ташқи кўриниши. Ўрта ўлчамдаги куш: умумий узунлиги 32-34 см, оғирлиги 370-770 г га етади. Танасининг устки қисми ва кўкраги кўкимтир кулранг, ён томонида кенг қора ва оқ кўндаланг чизиқлари бор, тумшуғи ва оёқлари қизил. Томоги ва чаккалари ок кора чизикли. Эркаги урғочисидан каттароқ. Жўжалари чипор ҳимоя рангида бўлади. Тарқалиши. Жанубий Европа, Олд, Ўрта ва Марказий Осиё, Шарқий Хитой ва Ҳимолойгача тоғ ҳудудларда яшайди. Ўзбекистонда Ғарбий Тян-Шан, Помир-Олойда, Устюртда, Қизилқумнинг қолдиқ тоғларда ва жанубий-шарқий қисмида тарқалган. Яшаш тарзи. Тоғларда (д.с.б. 400-500 м дан 2000 м гача) яшайди, қалин ўсган дарахт ва бутазорлардан қочади. Жанубий-шарқий Қизилқумда баланд-паст қумликларда бутазор, саксовулзор орасида яшайди. Ўтроқ ҳаёт кечиради, вақти-вақти билан озиқа, сув ёки ёғингарчилик шароитлари билан боғлиқ бўлган кичик масофага қўчиши мумкин. Масалан, ёзги жазирама иссиқ бошланиши билан у тоғ этакларидан юқорига, сув булоқлар кўп бўлган жойга қўчиб ўтади. Тез югуришга ва қисқа-қисқа кескин учишга мослашган. Тошлар остига ёки қалин ўтлар орасига уя қуради. Май ойида урғочиси 8-20 (одатда 12 та гача) тухум қўяди. Июнда тухумдан болалари очиб чиқади. Ўтларнинг яшил барглари, ҳашаротлар, ўсимлик уруғлари, тут мевалари билан озиқланади. Сони. Ўзбекистонда оддий ўтроқ қуш, айрим жойларда кўп сонда учрайди. 1980 йилар охири-1990 йиллар бошида умумий сони 500 мингта саналган, 1 кв.км га сони 50-60 та тугри келган. Ҳозирги вақтда умумий сони 200 мингта жониворга тенг. Нурота тоғ тизмасида ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда сони кўп, 1 кв.км га 100 та қуш тугри келади. Қишнинг қаттиқ совуғидан ва очликдан кўп какликлар нобуд бўлади, аммо кўп болалаши тўфайли тез кўпаяди. Хўжалик аҳамияти. Мамлакатимизда ов қилинадиган энг севимли қушлардан бири ҳисобланади. Кўпинча сайроқи куш сифатида тўрқовоқларда боқилади. 1980 йилларда Ўзбекистонда ҳар йил 50-70 мингта каклик овланган. 1990 йиллардан бугунги кунгача расмий маълумотларга қараганда Ўзбекистоннинг йил давомида ўртача 2,5 мингта каклик овланарди. Ноконуний ов тўғрисида маълумотлар йўқ, аммо аслида ноқонуний овлаш анча кўп сони ташқил этади. |
Бедана – Coturnix coturnix (Brandt, 1836) |
Ташқи кўриниши. Товуксимонлар орасида энг кичик қуш. Умумий узунлиги 16-18 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 32-35 см, оғирлиги 70-155 г. Танасининг устки томони сарғиш-қўнғир олачипор ҳимоя рангда, қорин қисми оқиш. Эркагининг томоғида қорамтир йўл ўтади ва бўйнинг пастки қисмида оқ-қора бўйинбог бор, кўкраги оч сарғиш доғсиз. Урғочининг кўкрагида қўнғир майда доғлар бор. Тарқалиши. Евросиёда (жанубий-шарқий қисмидан ташқари) ва Шимолий-Ғарбий Африкада тарқалган. Кавказ ортида, Жанубий Европа, Ҳиндистон, Африка ва Аравия яриморолида қишлайди. Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди районларда ва дарё водийларида уялайди, учиб ўтиш даврида республикамиз барча ҳудудларда учрайди. Яшаш тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Очик ландшафтларда қалин ўтзорларда яшайди, кўпинча ғалла ва беда далаларда уялайди. Ўрта Осиёда д.с.б. 2500-2900 м гача учрайди. Асосан ер устида ўтлар орасида ҳаёт кечиради, кам учади. Кўпайиш вақти май оҳирида бошланади. Бу вақтда эркаклар сайраб урғочиларини чақиришади. Доимий жуфтликлар бўлмайди. Ерга оддий чукурчага уя қуриб, унга қуруқ ўт ва пат тўшайди. 8-15 та тухум қўяди, тухум босиш 17-20 кун давом этади. Эркаклари тухум босишда ва полапонларни боқишда иштироқ этмайди. Ўсимликларнинг яшил новдалари ва уруғлари, ҳашаротлар билан озиқланади. Ўзбекистонда баҳорги учиб ўтиши март-майда бўлади, кузги учиб ўтиши – август-октябрда. Сони. Ўзбекистонда – оддий уяладиган ва учиб ўтадиган қуш. Нурота тоғ тизмасида ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда уя қурмайди, лекин учиб ўтиш даврда кўп сонда учрайди. Овлаш ва учиб ўтиш даврда электр узатиш симларида нобуд бўлиши натижасида сони камайиб бормоқда. Хўжалик аҳамияти. Мамлакатимизда ов қилинадиган ва тутиладиган энг севимли қушлардан бири ҳисобланади. Кўпинча сайроқи куш сифатида тўрқовоқларда боқилади. |
|
Қирғовул – Phasianus colchicus (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги куш (товуқдек). Оғирлиги 720-1800 г. Танасининг шаклидан товуқга ўхшайди, фақат узун думи билан ажралиб туради. Эркаклари турли чиройли рангда товланади, урғочилари оддий ҳимоя чипор рангида бўлади. Эркагининг боши яшил, кўзи атрофидаги териси қизил, томоғида оқ бўйинбог, танаси ва думи қизил ёки олов рангда, ёнларида қора чизиқлар бор. Тарқалиши. Туркиядан Узоқ Шарқгача, Кавказ, Ўрта ва Марказий Осиё ҳамда Хитойни кушганда. Европа, Шимолий Африка ва Австралияда интродуция килинган. 32 тага якин кенжатурларини ажратиш мумкин, бир биридан ранги ва катталиги билан ажралиб туради, шулардан Узбекистонда 6 та кенжатур учрайди. Амударё этагида - Хива қирғовули, ўрта оқимида – Амударё қирғовули, Амударёнинг юкори қисмида ва Сурхондарё бўйлаб – тожик қирғовули, Зарафшон дарё водийсида – Зарафшон қирғовули, Сирдарё водийсида ва Айдар-Арнасой қирғоқларида – Сирдарё қирғовули, Тошкент вилоятининг тоғли дарёларида – етти дарё қирғовули яшайди. Яшаш тарзи. Қамишзорларда ва бутазорларда ўтроқ ҳаёт кечиради. Ўзбекистонда дарё водийларида тарқалган бўлиб, у ердаги тўқайзор, қамишзорларда ва воҳалар чеккасида канал ва коллекторлар қирғоқларида яшайди. Асосан ер устида ҳаёт кечиради, қалин қамишзорлар орасида тез югуради, кам учади. Ҳашаротлар, ўтларнинг кўк поялар ва уруғлар, тўкилган дон, жийда, зирқ, маймунжон ва бошқа мевалари билан озиқланади. Баҳорда жуфтликлар ҳосил бўлиш ва кўпайиш вақти март ойида бошлайди. Уясини ерга қуради. Урғочиси 8-22 тагача (одатда 10-15 та) оч яшил-жигар ранг тухум қўяди. Тухум босиш ва болалари боқишни фақат урғочиси бажаради. Болалари тухумдан чиққан биринчи куниёқ уясини тарк этади ва онасининг кетидан эргашиб юради. Икки ойлик бўлганда тўла мустақил яшашга ўтади. Сони. Ўзбекистонда 1998-2003 йилларда умумий сони 53,5 мингта атрофида қирғовулни ташқил этган, шу жумладан Жиззах вилоятида 10-15 мингта. Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларида сони кам. Сони камайиб кетишининг асосий омиллари – ноқонуний овлаш ва тўқайларни йўқ қилиш. Хўжалик аҳамияти. Кам сонли ов объекти, махсус лицензия билан овланади. Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра қирғовулни овлашга ҳар йил 1000 дан 7000 гача лицензия беради ва йил давомида ўртача 230 та қирғовул овланарди. Ноконуний ов тўғрисида маълумотлар йўқ, аммо аслида ноқонуний овлаш анча кўп сони ташқил этади. Ҳолати. Зарафшон қирғовули Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган. |
|
|
|
|
|
|