Қушлар: Кураоёқлилар туркуми - Pelecaniformes |
Бирқозонлар оиласи - Pelecanidae |
Пушти сақоқуш – Pelecanus onocrotalus (Linnaeus, 1757) |
Ташқи кўриниши. Ўзбекистоннинг энг йирик қушларидан бири. Тумшуғи катта ва ясси, унинг остида терили халта жойлашган. Учиши парвоз қилади, ора-орада қанот қоқади. Сузиши ва парвоз давомида унинг бўйни S-шаклида бўлади. Оғирлиги 10-11 кг, қанотларини ёзгандаги кенглиги 270-360 см. Эркаги урғочидан йирикроқ, лекин ранги бир хил. Патлари оқ пушти тусда, учадиган қанотлари қора, шунинг учун учиш давомида яққол қанот учидаги қора кесма кўринади (шу белги туфайли пушти сақоққушдан фарқланади). Ёш саққоқушлар қулранг-қўнғир бўлади. Тарқалиши. Жануби-шарқий Европа, Кавказ олди, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Яқин Шарқда, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбида, Африкада. Ўзбекистонда уялаш, учиб ўтиш ва қишловда кузатилади. Оролбўйида, Амударё дельтасида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида учрайди. Ҳаёт тарзи. Балиқ билан озиқланади. Балиққа бой йирик майда саёз қалин қамишзорли сув ҳавзаларида яшайди. Колония бўлиб яшайди. Уясини қамиш уюмига ёки саёз ва оролчаларга қуради. 1-3 (одатда 2) оқ тухум қўяди. 29-30 кун давомида тухум босади. Ота-она полапонларини ўқчиб ташланган ярим хазм қилинган озиқа, кейинчалик майда балиқчалар билан озиқлантиради. 65-70 кунли ёш полапонларни июнь-августда учишни бошлайди. Баҳорги учиш март-апрель, кузги сентябрь-ноябрьга тўғри келади. Сони. Сонининг асосий қисми тропик ҳудуларда яшайди. Ўзбекистонда 500-700 жуфт (жаҳон популяциясининг 2-3 %) уялайди, бир неча юзтаси қишлайди, учиб ўтишда бир неча мингтаси кузатилади. Айдар-Арнасой кўллар тизимида қишловда ва учиб ўтишда 300-400та қуш кузатилади. Сонининг камайиб кетиш сабаблари: Орол денгизи ҳавзасида сув тартибининг бузилиши туфайли яшаш жойлари йўқолиб кетмоқда, қушларнинг қирилиб кетиши эса ноқонуний овлаш ва сув ҳавзаларинин пестицидлар билан зарарланиши сабаб бўлмоқда. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:D) - заиф, камайиб кетаётган учиб ўтадиган қуш тоифасида киритилган. |
Жингалак сақоқуш – Pelecanus crispus (Bruch, 1832) |
Ташқи кўриниши. Йирик сувда сузувчи қуш. Оғирлиги 13 кг га, қанотларини ёзгандаги кенглиги 300-345 см га етади. Патлари оқ кулранг тусли, боши ва бўйнининг орқа томонида пўпакчаси узун жингалак патли, қанотининг учи қора, тумшуғи остидаги халтаси сариқ, оёғи кулранг. Эркаги ва урғочиси бир тусда бўлади. Ёшлари кулранг қўнғир. Тарқалиши. Жануби-шарқий Европа, Кавказ олди, Қозоғистон, Ўрта ва ғарбий Осиё, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарби. Ўзбекистонда уялаш, учиб ўтиш ва қишловда кузатилади. Амударё, Сирдарё қуйи оқимида ва Сирдарёнинг ўрта оқимида инлайди. Ҳаёт тарзи. Пушти саққоқушга ўхшайди. Сони. Ўзбекистон ҳудудида бугунги кунда 250 га яқин жуфт уялайди, учиб ўтиш жараёнида 1000га яқин сони кузатилади, бир неча ўнликдан юзгача сони қишлайди. Айдар-Арнасой кўллар тизимида учиб ўтиш ва қишловда бир неча ўнликдан 100-200 гача қуш учрайди. Ҳолати. Ўзбекистоннинг Қизил Китобига 2 (VU:D) - заиф, камайиб кетаётган учиб ўтадиган тур тоифада киритилган. Халқаро Қизил Китобга киритилган, LR тоифали. |
|