Сутэмизувчилар: Кемирувчилар оиласи - Rodentia |
Сонялар оиласи - Myoxidae |
Ўрмон олмахони – Dryomys nitedula (Pallas, 1778) |
Ташқи кўриниши. Майда кемирувчи ҳайвон (каламушдан кичикроқ). Танасининг узунлиги 8-12 см, думининг узунлиги 6-11 см, оғирлиги 15-60 г га етади. Эркаклари урғочиларидан бир оз йирикроқ. Танасининг усти кулранг ёки оч жигар ранг, пастки томони сарғиш ёки оқиш рангда. Боши ён томонида кўзи бўйлаб қулоғигача қора йўл ўтади. Думи узун ва бароқ, мўйнаси зич ва қалин, қулоқлари юмалоқ. Овози – паст хушоҳангли чуғурлайди. Тарқалиши. Европа, Кавказ, Олтой, Кичик ва Ўрта Осиё, Қозоғистон, ғарбий Муғулистон ва шимоли-ғарбий Ҳитойнинг ўрмонларида тарқалган. Ҳаёт тарзи. Баргли ва аралаш ўрмонлар, бутазорларда яшайди, кўпинча бевосита одамларга яқин боғлар, узумзорлар, ўрмонзорларда яшайди. Денгиз сатҳидан 3000-3500 м гача баланд тоғларга кўтарилади. Ўзбекистонда жийда ва чаканда чакалакли тўқай ўрмонлари, тоғли ёнғоқ-мевали ўрмонлар, арчазорлар, баланд тоғли қоялар орасидаги сийрак бутазорларда яшайди. Айниқса у ёнғоқзор ва мевали боғларда сони кўп бўлади. Дарахт ковагида яшайди ёки дарахт шохларига, ердан 1-7 м баландликда барглардан юмалоқ шаклда уя қуради. Унинг диаметри 15-25 см га етади. Баъзан ўрмон олмахони қушларнинг эски уяларини эгаллайди ва ўз дидига мослаштиради (устини янги барглар билан беркитади ва ичига жун тўшайди). Якка ҳолда ва оила бўлиб яшайди. Олмахонлар дарахтларда, кам ҳолларда ерда озиқланади. Дарахт ва буталарда енгил ҳаракатланади, шохдан-шохга 2 м узоқликда сакрай олади. Унинг узун думи ингичка шохлар ва сакраганда мувозанат ушлашга ёрдам беради. Қуёш ботганда ва тунда фаол, шунинг учун кўриш кам ҳолларда мумкин, ҳаттоки кўп сонда яшайдиган жойларда ҳам мушкул. Улар ўсимликларнинг меваси, данагини, уруғи, гуллар, барглар, ниҳоллари ва куртаклари, ҳашаротлар, майда қушларнинг тухумлари, майда калтакесаклар билан озиқланади. Ёнғоқ ва данаклар қишга ғамлаб қўяди. Қишни дарахт илдизлари остидаги ёки ковакларда жойлашган инида уйқуда ўтказади, вақти-вақти озиқланиш учун уйқудан туради. Баҳорда, қишги уйқудан кейин ўрмон олмахони кўпайишга киришади. Жуфтлашиш апрельда бўлади. Йил давомида 1, баъзан 2 марта болалайди. Ҳомиладорлик 3-4 ҳафта давом этади. 2-8 та бола (одатда 4-5та) келтиради. 40-45 кунда ёш олмахонлар ота-она инини ташлаб кетади ва мустақил яшайди, келгуси йилда эса кўпайишга киришади. Биринчи қишлов давомида ёшларининг ярмиси қирилиб кетади. Олмахоннинг ҳаёти давомийлиги табиатда 4 йил. Табиатда уларнинг душманлари сусар, чўл ва хонаки мушук, япалоқ қушлар, қарғалар ва йиртқич қушлар, илонлар. Сони. Ҳайвонлар зичлиги жойларда озиқа ва пана жойлар мавжудлигига боғлиқ, турли яшаш жойларида сони 1 гектарга 1-3 тадан 23-25 тагача ўзгариб туради. Нурота тоғ тизмасида ўрмон олмахони типик вакил, лекин кам сонли. |
|