Сувэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia |
Нутриялар оиласи - Myocastoridae |
Нутрия – Myocastor coypus (Molina, 1782) |
Ташқи кўриниши. Катта бошли, семиз танали, калта оёқли ва узун думли йирик кемирувчи. Танасининг узунлиги 60 см гача, думи узунлиги 45 см гача, оғирлиги 8 кг гача етади. Кўзлари ва қулоқлари кичкина, тумшуғи тўмтоқ. Олдинги тишлари олов ранг. Орқа панжалари орасида сузиш пардаси яхши ривожланган. Думи думалоқ учли, деярли жунсиз ва тангачали тери билан қопланган, сузаётганда у бошқарув руль вазифасини бажаради. Мўйнаси қалин, сув ўқазмайдиган, узун, дағал сочли ва қалин юмшоқ пардан ташкил топган. Ранги бир меърли, тўқ-жигар ранг. Фермаларда кўпайтириладиган ҳайвонлар жигар ранг, олтин ранг, сарғиш, оқ ва қора бўлиши мумкин. Тарқалиши. Ватани – жанубий Америка, Евросиёда инсон томонидан иқлимлаштирилган. Ўзбекистонда 1950-йй. Айдар-Арнасой кўллар тизими, Амударёнинг Термез атрофида, Тошкент вилояти Бекобод атрофида ва Қашқадарё вилоятида табиатга қўйиб юборилган. Сув ҳавзалари кам музлайдиган Сурхондарё вилоятининг жанубида энг яхши мослашган. Ҳаёт тарзи. Чучук ва шўрхок сув ҳавзалари оқимсиз еки секин оқимли сувларда яшайди. Қалин қамишли кўллар соҳиллари, дарёларнинг ботқоқлик қирғоқларини эгаллайди. Гуруҳ бўлиб яшайди, катта эркак, бир неча урғочи ва уларнинг болаларидан иборат бўлади. Тунги ҳаёт тарзини кечиради. Жуда яхши сузади ва шўнғийди. Асосан қамиш, лух ва бошқа ўсимликлар, баъзан зулук ва моллюскалар билан озиқланади. Қалин чакалакзорли соҳилбўйларида қамишдан қурилган инларда яшайди, тикка соҳилларда инлар қазийди. Йил давомида кўпайиш қобилиятига эга, лекин бизнинг шароитда асосан баҳор ва ёзда 3 марта насл келтиради насл келтиради, ҳар бирида ўртача 4-5 та боласи бўлади. Болалари жун билан қопланган, кўриш, югуриш ва сузиш қобилиятли бўлиб дунёга келади. Нутрия илиқсевар ҳайвон, совуқ шароитга мослашмаган: қишга ғамлама тайёрламайди, илиқ қишги панажойлар қурмайди ва музлик остида ҳаракатлана олмайди. Шунинг учун –35 ҳаво ҳароратида яшай олса ҳам, узоқ давом этган қаҳратон қишда сув ҳавзалари музлаши натижасида у совуқ ва очликдан нобуд бўлади. Ўзбекистон шароитида нутриянинг душмани чиябўри, ит, тўқай мушуги ҳисобланади. Сони. 1980 йй. охири ва 1990 йй. бошларида Зоология институти мутахасссислари томонидан олиб борилган ҳисоблар натижасида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида тахминан 100-150 та нутрия бўлган. Замонавий популяциянинг 2008 йил қаҳратон қишдан кейинги аҳволи номаълум. Хўжалик аҳамияти. Мўйнаси жуда юқори баҳоланади, гўшти овқатга ишлатилади. Ов объекти. Фермаларда қафас ва яримтутқунлик шароитда яхши қўлга ўргатилади ва кўпайтирилади. |
|