Сутэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia |
Сичқонлар оиласи - Muridae |
Кичик ўрмон сичқони – Sylvaemus uralensis (Pallas, 1811) = Apodemus sylvaticus |
Ташқи кўриниши. Узун думли майда кемирувчи. Қулоғи ва кўзи катта. Танасининг юқори қисми қум ранг ёки жигар ранг, қорни оқ. Думи жунсиз. Танасининг узунлиги 7-11 см, думи узунлиги 7-10 см, қулоғи узунлиги 1-1,8 см, орқа товони узунлиги 1,8-2,3 см га етади. Тарқалиши. Евросиёнинг мўътадил иқлим зонасида кенг тарқалган, Марказий Европадан Ғарбий Сибир ва Олтойгача, жанубда эса Кичик ва Ўрта Осиёгача тарқалган. Ҳаёт тарзи. Турли хил жойларда: чўл, тоғ ва қайирли ўрмонлар, боғлар, дарахтзор, қамишзор, дала четлари, тош уюмларида, харобаларда яшайди. Қишлоқ ва шаҳарларда ҳам учрайди, лекин уй-жойда яшамайди. Нурота тоғ тизмасида барча ерда учрайди. Ўтроқ ҳаёт кечиради, қишки уйқуга кетмайди. Якка ҳолда ёки оила бўлиб инларда, тошлар тагида, дарахтлар остида, синган дарахтлар тагида, ковакларда яшайди. Баъзан бошқа кемирувчилар инларини эгаллайди. Инида барглардан, қуриган ўт ва жундан юмалоқ шакда уя қуради, шунингдек 1-2 та «омборхона» қуради, бу ерда у қишки ғамламаларини сақлайди. Асосан ўсимликлар уруғлари, яшил новдалари, ҳашаротлар, дўлана, олча ва бошқа резавор мевалар билан озиқланади. Дарахт ва буталарда яхши ҳаракатланади. Кун ботганда ва қоронғида фаол. Сакраб ҳаракатланади (сакраш узунлиги 25 см гача етади). Йилнинг илиқ даврида кўпаяди (Нурота тоғларида февральдан ноябрьгача). 1 дан 10 тагача бола туғади, улар иккинчи ойга келиб жинсий етукликка етади. Сони. Нурота тоғ тизмасида бу типик вакил. Ўрмон сичқони ёнғоқзор бор сойларда кўп учрайди (1 гектарга 7-8 та сичқон), буталар билан қопланган тоғ қиялиқларида 1 гектарга 4-5 та сичқон тўғри келади. |
Уй сичқони – Mus musculus (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Узун думли майда кемирувчи. Қулоғи ва кўзи ўрмон сичқонидан кичикроқ. Туси кулранг ёки оч қўнғир. Танасининг узунлиги 7-10 см, думи узунлиги 4,5-8,5 см, қулоғи узунлиги 1-1,3 см, орқа товони узунлиги 1,4-1,8 см га етади. Тарқалиши. Инсон қурган иншоотларда яшашга мослашган бу кемирувчи бутун дунёда қадим замондан тарқалган. Ҳаёт тарзи. Ўзбекистоннинг энг кўп сонли ва жуда кенг тарқалган кемирувчиларидан бири. Уй-жойлар ва хўжалик иншоотлари, далалар, томорқа, боғлар, ташландиқ ерлар, дарё ва кўллар соҳиллари, чўл қудуқлари, чорва қўралари, хашак ғарамлари, харобалар, чўллар, яримчўллар, бутазорлар ва тоғли даштларда яшайди. Денгиз сатҳидан 3000 м баландликгача тоғларга кўтарилади. Табиий шароитда одатда қумсичқонлар, дала сичқонлар ва юмронқозиқларнинг колониялари олдида яшайди. Ёввойи табиатга қараганда аҳоли яшаш жойларида уй сичқони кўп бўлади. Йил давомида фаол. Баҳорда далага ўтади, кузда эса уй-жойга қайтади. Инсон қурган иншоотларда яшайдиган сичқонлар асосан ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан озиқланади. Табиатда улар маданий ва ёввойи ўсимликлар уруғлари, кўкат ва ҳашоратларни ҳам ейди. Иншоотларда яшайдиган сичқонлар йил давомида кўпаяди. Далада ва табиатда яшайдиган сичқонлар йилнинг илиқ даврда кўпаяди. 1 тадан 14 тагача бола туғади, 2 ойда жинси етукликка етади. Сони. Нурота тоғ тизмаси ва Жануби-Шарқий Қизилқумда барча аҳоли яшайдиган жойларда кузатилади. Сони яшаш жойи, мавсум ва йилларга қараб ўзгаради. Хўжалик аҳамияти. Туляремия, ўлат ва бошқа хавфли касалликларнинг тарқатувчиси ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигига, озиқ овқат маҳсулотлари, ем-хашак, уй-жой деворлари ва хўжалик биноларга, пахта кўрпалари, китоблар, кийим, пойафзал, электр кабелларига катта зарар етказади. Инсон хўжалигига етказадиган зарари ҳажми билан барча бошқа кемирувчилардан фақат кулранг каламуш уй сичқондан ўтади. |
Туркистон каламуши – Rattus turkestanicus (Satunin, 1903) |
Ташқи кўриниши. Узун думли ўртача катталикдаги кемирувчи. Танасининг узунлиги 15-23 см, думи узунлиги 14-24 см, орқа товони узунлиги 3-3,5 см, қулоғи узунлиги 1,9-2,4 см, оғирлиги 150-300 г га етади. Эркаги урғочидан йирикроқ. Танасининг усти қизғиш-кулранг тусда, қорни оқ ёки сарғиш. Думи жунсиз. У дунёда кенг тарқалган кулранг каламушга ўхшайди, лекин кичиклиги ва қорни оқ бўлиши билан фарқланади. Тарқалиши. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон тоғли ҳудудлари, шунингдек Ҳиндистон ва жанубий Қозоғистон. Ҳаёт тарзи. Тоғларда баргли ўрмонларда (асосий ёнғокзор ва пистазорлар), тоғ дарёлари водийсида, тош уюмларида, боғларда, қишлоқ ва шаҳарларда учрайди. Дарахт ковагида, илдизлар ва тошлар остида, эски биноларда яшайди. Соз тупроқли жойларда 7-10 м гача узун бўлган ин қазийди. Асосий тунда ҳаёт кечиради. Қишки уйқуга кирмайди. Мевалар, ёнғоқлар, бодом, ўтларнинг уруғи, пиёзлари, новдаси ва бошқа ўсимлик озиқалари билан озиқланади. Ёмгир чувалчанги, тухум ва майда қушларнинг жўжаларини ҳам ейди. Қишлаш учун дарахт коваги ёки инига 7-14 кг гача ёнғоқ, ўрик данаклари ва олмалар ғамлов тайёрлайди. Бир кун давомида 3-8 дона ёнғоқ ейди. Урғочиси йил давомида 3-4 марта ҳар гал 12 гача болалайди. Жинсий етукликка 3-4ойда етади. Сони. Нурота тоғ тизмасида бу кемирувчи кўп сонда учрайди. Ёнғоқ-мевали ўрмонларда 1 гектарга 4-12 та каламуш тўғри келади. Хўжалик аҳамияти. Аҳоли яшайдиган жойлардаги каламушлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак, уй-жой деворлари ва хўжалик биноларга, пахта кўрпалари, электр кабелларига ва бошқаларга катта зарар етказади. Табиий шароитда ёнғоқ-мевали ўрмонларда ҳосилининг 20% гача ейди, шу билан ўрмон хўжалигига зарар етказади. |
|