Сутэмизувчилар: Қуёнсимонлар туркуми - Lagomorpha

Қуёнлар оиласи - Leporidae

Қум қуён (қум товушқони)Lepus capensis ssp. tolai (Pallas, 1778)

     

Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган ҳайвон, қуёнлардан энг кичик вакили. Танасининг узунлиги 39-55 см га, думининг узунлиги 7,5-11,5 см га, оғирлиги 1,5-2,5 кг га етади. Қулоқлари ва оёқлари узун. Мўйнаси қум ранг-қўнғир ёки сарғиш-кулранг тусда бўлади, қишки туллаш вақтида рангини ўзгартирмайди. Думининг усти қора, остки томони оқ.

Тарқалиши. Ўрта Осиёда, Қозоғистонда, шимолий Каспий олди, Жанубий Сибир, Муғулистон, Ҳитой, Шимоли-Ғарбий Ҳиндистонда, Афғонистонда, Эронда, Арабистон ва Шимоли-Шарқий Африкада тарқалган.

Ҳаёт тарзи. Ўзбекистонда чўлларда, тўқай чакалакзорларида, суғориладиган ер чеккаларида, тоғ этакларида, тоғларда (д.с.б. 3000 м гача баландликда) яшайди. Турли ўтлар ва буталар билан, қишда эса шувоқ, шохлар, дарахтлар ва буталарнинг қобиғи билан озиқланади. Кўпинча ўсимликларнинг илдиз ва пиёзини қазиб ейди. Асосан, кечаси озиқланади, кундузи эса ётади. Қуёнларни безовта қилмаса жойларда, улар кундузи ҳам озиқланади. Тош ва буталар остида чуқурчада ётар жой тайёрлайди. Айрим ҳолларда суғур, тошбақаларнинг ташландиқ инларида ётади. Сийрак бутазорлар ва баланд майсазорли жойларни хуш кўради. Ўтроқ ҳаёт кечиради, вақти-вақти билан озиқа, кўпайиш ёки ёғингарчилик шароитлари билан боғлиқ бўлган қисқа вақтга қўчиши мумкин. Масалан, қорли қишда у юпқа қорли қатламли, аҳоли яшаш жойларига яқин жойга қўчиб ўтади. Ўрта Осиёда урғочи қумқуён бир йилга икки-уч марта болалайди. Иссиқ даштларда биринчи туғиш март ойида, тоғларда апрел-майга тўғри келади. Кўпайиш сентябрда тўхтайди. Биринчи туғишда 1-2, иккинчи ва учинчида 3-5та қуёнчалар туғилади. Ўрғочи алоҳида тайёрлаган ўтлар билан қопланган чуқурчада насл дунёга келади. Қуёнчалар кўзи очиқ ва жунли юбўлиб туғилади. Кейинги йили ёш қуёнлар вояга етади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида сони кам, лекин Айдаркўлнинг шимолидаги қумли чўлда бу ҳайвон кўп сонда учрайди (1 км2 га 5-20 та гача қуён учратиш мумкин). Ўзбекистонда умумий сони 100 мингта атрофида. Сони жуда ўзгариб туради. Тез кўпаяди, лекин айрим вақтларда ёғингарчилик шароити, касалликлар, қорли қишда нобуд бўлиши туфайли сони кескин камайиб кетади. Суғориладиган ерларда йўқолиб кетади.

Хўжалик аҳамияти.  Гўшти ва мўйнаси учун овланади. Қишлоқ хўжалигига зарар етказмайди.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие