Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata |
Асл калтакесаклар оиласи - Lacertidae |
Ранг-баранг калтакесакча – Eremias arguta (Pallas, 1773) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги калтакесак. Танаси узунлиги 10 см гача етади. Унинг калта ва йўғон танаси ва нисбатан калта думи бошқалардан ажратиб туради. Тангачалари майда ва силлиқ. Танасининг устки қисми кул ранг, ўзига хос нақшли. Орқасида бир нечта қатор кўндаланг жойлашган, кўзга ўхшайдиган қорамтир хошияли оч доғлар мавжуд, оёқларининг устки томонида ҳам оч тусли доғлар бор. Танасининг пастки томони оқ. Тарқалиши. Қозоғистон, Ўрта Осиё, Молдавия, Украина ва Россиянинг жанубий қисми, Крим, Кавказолди, Армения, Озарбайжон. Ўзбекистондаги деярли барча текисликларда тарқалган. Ҳаёт тарзи. Даштларда, чўлларда, яримчўлларда, тоғ этакларида, тоғларда (денгиз сатҳидан 1800-2000 м баландликгача) яшайди. Нурота тоғ тизмасида д.с.б. 1600-1700 м гача соз тупроқли чўлда, адирларда ва тоғли даштида учрайди. Юмшоқ тупроқли ва қалин ўтлар билан қопланган жойларни танлайди. Баҳорда кундузи, ёзда эрталаб ва кечқурун фаол бўлади. Тупроқдаги ёриқ-ковакларга, тошлар орасига, кемирувчилар ва тошбақалар инига, шунингдек ўзи юмшоқ тупроқда ковлаган инларига беркинади. Бошқа калтакесаклар авлодининг фарқли, у кам ҳаракатчан, хавф туғилганда кўпинча ўтлар орасида яширинади. Март ойида қишки уйқудан уйғонади, октябргача фаол бўлади. Урғочиси май охирида 8 гача ўлчами 17-20 мм келадиган тухум қўяди. Июн охирида - июлда тухумдан ёш калтакесаклар чиқади. Қўнғизлар, қуртлар, чигирткалар, ўргимчаклар, эшакқуртлар, чумолилар билан озиқланади, кўпинча ўтларнинг яшил новдалар ва уруғлар ейди. Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Фориш даштида одатда учратиш мумкин, лекин кўп сонли эмас. Айрим жойларда 1 гектарга 0,36 та калтакесак тўғри келади. |
Тўр калтакесакча – Eremias grammica (Lichtenstein, 1823) |
Ташки кўриниши. Ўртача катталикдаги калтакесак. Ўрта Осиёда асл калтакесаклар оиласининг энг йирик вакил. Тана узунулиги 9,8 см гача, думи танасидан тахминан бир ярим баробар узун. Айрим вакиллари умумий узунлиги (думи билан) 30 см гача етади. Тумшуғи чўзинчоқ, учи учли. Танасининг юқори томони қум-кул ранг, қорамтир еки тўқ жигар ранг тур нақши билан. Қорин томони оқиш. Думи йирик учли ўиткалар билан қопланган. Бармоқлари узун ва ингичка, ён томондан чўзиқ ясси учбурчак тангачалари бор, шунинг учун бу калтакесак қумда жуда енгил ҳаракатланади ва ерни яхши қазийди, қум ости инларнинг узунлиги 1.5 м гача етади. Тарқалиши. Туркманистон, Ўзбекистон, жануби-ғарбий Тожикистон, жанубий Қозоғистоннинг қумли чўллари. Ҳаёт тарзи. Қумли чўлларнинг типик вакили. Баланд-паст қумликларда, саксовулзор ва бутазорлар орасида яшайди. Қишқи уйқудан февралнинг иккинчи ярмида уйғонади. Қишга эса ноябр ойида кетади, қишнинг илиқ кунларида ернинг ташқи қатламида учратиш мумкин. Қумда буталар тагида ковланган инларда беркинади. Сочилувчан қумга жуда тез кўмилиб олади. Берикиниш учун кемирувчиларнинг инларидан фойдаланади. Ўргимчаклар, чаёнлар, ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади, уларни ердан ташқарида ёки қумдан ковлаб олади. Майда калтакесакларни, шунингдек, ўз турининг ёш вакилларини ҳам ейиши мумкин. Ўсимликларнинг меваси ва барглари билан ҳам озиқланиши мумкин. Апрел охири – май ойларида урғочи 2–6та тухум қўяди. Ёзда икки марта тухум қўйиши мумкин. Ёш калтакесаклар 2,5-3 см узунликда июн – июлда тухумдан чиқади. Сони. Ареалнинг турли қисмларида 1 га бир нечадан ва 20 дан ортиқ тўғри келиши мумкин. Қизилқумнинг жануби-шарқий қисмида учрайди, лекин кўп сонли эмас. |
Чизиқли калтакесакча – Eremias lineolata (Nikolsky, 1896) |
Ташқи кўриниши. Озғин танали ва узун ингичка думли майда калтакесак. Танаси узунлиги 5,5 см гача, думи танасидан икки марта узунроқ, оғирлиги 2,5 - 3,0 г гача. Танасининг юқори қисми қум-кулранг. Елкаси бўйлаб думгача 4-6 та тўғри қўнғир йўллар ўтади. Оёқларининг устки қисмида доира шақлидаги жигар ранг ёки оқиш доғлар мавжуд. Танасининг остки томони оқ бўлади. Думи йирик ўткир учли тангачалар билан қопланган. Тарқалиши. Туркманистон, жануби-ғарбий Тожикистон, Ўзбекистон, жанубий Қозоғистон, шарқий Эрон ва шимоли-ғарбий Афғонистон. Ўзбекистонда Устюртдан ташқари, текислик қисмида кенг тарқалган. Ҳаёт тарзи. Сийрак ўсган бутазорларда ва ўтзорларда қумли ва соз тупроқли чўлларда яшайди. Иссиқсевар калтакесак, шунинг учун қишловдан бошқа калтакесакларга қараганда кечроқ уйғонади. Баҳорда апрелда чиқади, қишловга эса сентябр-октябрда киради. Кундуз кунлари, энг иссиқ вақтларда фаол бўлади. Тез югуради, буталарга осон ўрмалаб чиқади. Тупроқ ва буталар шохида ов қилади. Тунга эса қумга ёки инларга беркинади. Майда ҳашаротлар ва ўргимчакларни ейди. Май-июн ойларида кўпаяди. Бу даврда урғочиси 2-3 марта 2-3 тадан 1,0-1,3 см ли узунликдаги тухум қўяди. Июл-августларда тана узунлиги 2,5 смли ёш калтакесаклар чиқади, улар келаси баҳорга вояга етади. Сони. Ареалнинг турли қисмларида 2 дан 10 тагача калтакесак 1 гектарга мос келади. Жануби-шарқий Қизилқумда сони ҳақидаги маълумот йўқ. Фориш даштида ва Қизилқумнинг жануби-шарқий қисмида одатда учратиш мумкин, лекин кўп сонли эмас. |
Тез калтакесакча – Eremias velox (Pallas, 1771) |
Ташқи кўриниши. Кичик ўлчамдаги, узун ингичка думли калтакесак. Танаси узунлиги 8,5 см гача (йирик вакилларнинг тана узунлиги 9,5-10,5 см гача етади). Думи 1,5–2 марта танасидан узунроқ. Оғирлиги 6 - 7 г гача. Тангачалари силлиқ. Туси ва нақши ўзгарувчан. Танасининг устки қисми кул ранг, кум ранг ёки қўнғир. Орқа ва ён томони бўйлаб қора ва қора хошияли оч доғлар мавжуд. Танасининг пастки томони оқ. Ёшларнинг танасининг устки қисмида 3 та қўнғир йўллар ўтган, думининг остки қисми қизил ёки олов ранг. Тарқалиши. Шарқий Грузия, Озарбайжон, шарқий Кавказолди, Россиянинг Астрахан ва Волгоград вилоятлари жанубий қисми, жанубий Қозоғистон ва Ўрта Осиё. Ҳаёт тарзи. Чўл, ярим чўл ва тоғларнинг қуйи қисмни вакили (денгиз сатҳининг 1600 - 1700 м гача баландликда учрайди). Мустаҳкамланган қумларда, шағалли ва соз тупроқли жойларда, дарёлар воҳаларида учрайди. Шароит яхши бўлса доимо кўп сонда. Нурота тоғ тизмасида д.с.б. 1000-1100 м гача қалин тупроқли ва ўтсимон-яримбутали ўсимликлар билан қопланган адирларда, сой воҳаларда яшайди. Кундузи фаол. Ёзнинг жазирама соатларида инда ёки салқин жойларда беркинади. Тез югуради, зарур бўлса 50 см масофага сакрайди. Қумликда ва юмшоқ ерларда кичкина инлар қазийди. Тупроқдаги дарзликлар, ўйиқлар ва жарликлар, тошлар тагидаги бўшлиқлар ва кемирувчиларнинг инлари беркинади. Нурота тоғ тизмасида баҳорда март ўрталарида чиқади. Ёш калтакесакчалар катталарга нисбатан қишловдан бир ой кейинроқ чиқади. Қишловга октябр – ноябр ойларида кириб кетади. Майдан июнгача қўшилиш давом этади. 2 дан 9 гача узунлиги 1,3 - 1,5 см га тухум қўяди. Ёшлари июль ойида дунёга келади. Ёшларнинг танаси узунлиги 2,5 - 3,0 см гача ва дум узунлиги 4,0 - 4,5 см. Турли ҳашаротлар билан, шунингдек шилимшиқ, ўргимчаклар, кам ҳолларда мева ва уруғлар билан озиқланади. Сони. Нурота тоғ тизмасида, Фориш даштида ва Қизилқумнинг жануби-шарқий қисмида одатда учратиш мумкин, лекин кўп сонли эмас. |
|