Сутэмизувчилар: Ҳашаротхўрлар туркуми - Insectivora

Типратиканлар оиласи - Erinaceidae

Қўлоқдор типратиканHemiechinus auritus (Gmelin, 1770)

            

Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган ҳайвон. Танасининг узунлиги 12-20 см га ва ўртача оғирлиги 300 г га етади. Танасининг усти қалин тиканлар билан қопланган, йиртқичлардан улар муҳофаза вазифасини бажаради. Игналари ола-була рангда: асоси ва учи оқ, ўртаси қорамтир. Қулоғи узун (бошининг яримисидан узунроқ, олдинга қайрилган қулоғи кўзи орқасига ўтади). Қорни калта юмшоқ оч жун билан қопланган, бошида жуни оловранг.

Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Африканинг қуруқ даштлари, яримчўл ва чўлларда, шу жумладан Россиянинг жанубий ва жануби-шарқий ҳудудлари, Ўрта Осиё, Қозоғистон, Туркия, Афғонистон, Шимолий Ҳитой, Муғулистон, Ҳиндистонда тарқалган.

Яшаш тарзи. Ўзбекистонда текисликларда ва тоғ этакларида тарқалган. Дарё водийларида, ўзлаштирилган ерларда ва қишлоқ чеккаларида ҳам учрайди. Тунда ҳаёт кечиради, кундузи кемиручиларнинг ташландиқ инларида ёки ўзи қазиган  1-1,5 м.ли инларда беркинади. Қишда уйқуга киради. Ҳашаротлар, қурбақалар, илонлар (шунингдек заҳарли илонлар ҳам) ва майда кемирувчилар, калтакесаклар, тупроқда ин курган майда қушлар тухуми ва полапонлари, тўкилган мевалар билан озиқланади. Илон заҳрига барқарор. Жуда фаол, йирик ўлжа билан учрашганда аламуш, илон), тезлик ва чаққонликни намоён қилади. Хавфли вазиятда тиканли коптокга айланади. Йил давомида бир марта, баҳорда насл беради. Ҳомиладорлик 4-5 ҳафта давом этади, инида 2-8 тав яланғоч ва кўр болаларни туғади, бир неча соатлардан кенйи юмшоқ игналар билан қопланади, 1-1,5-ойлигида мустақил бўлади. Қишни уйқуда ўтказади, баҳорда март-апрельда уйғонади. Табиатда душмани тулки ва укки ҳисобланади.

Сони. Нурота тоғ тизмаси ва Жануби-Шарқий Қизилқумла типик вакил, лекин аниқ маълумотлар сони тўғрисида йўқ.

Қора игнали типратикан – Hemiechinus hypomelas (Brandt, 1836)

    

Ташқи кўриниши. Қулоқдор типратиканга ўхшайди, лекин бир оз каттароқ (танасининг узунлиги 27 см гача, оғирлиги 1 кг га етади). Мўйнаси узун ва юмшоқ. Қулоғи узун. Бош тепасида «кал» жойи бор, бошидаги тиканлари кенг фарқ очилган (шу фарқи билан қулоқдор типратикандан фарқланади). Икки хил рангли, тўқ ва оч тусдаги нусхалари учрайди. Тўқ рангли типратиканда жуни кул ранг ёки тўқ-қўнғир, игналари қорамтир. Оч рангли типратиканда эса жуни ва қулоғи оқ, игналари жуда оч, тўқ кўндаланг йўлларсиз.

тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Туркия, Эрон, Арабистон ярим оролида ва Шимолий Африканинг текислик ва тоғ этакларида тарқалган.

Ҳаёт тарзи. Қумли, шағалли ва тошли чўлларда, тоғ олди ва этаклари (денгиз сатҳидан 1400 м. баландликгача) яшайди. Тунги ҳаёт тарзини кечиради, кундузи кемирувчиларнинг инлари, тошлар орасидаги тешиклар ва бошқа пана жойларда беркинади. Типратиканларнинг бошқа турлари орасида тез югуради. Душмандан ҳимояланиб ёки ўлжага ташланганда сакраб яшиндек тезликда  чақиб олиши мумкин. Қишда уйқуга кетади, март-апрельда уйқудан туради. Қулоқдор типратиканга ўхшаб йилда бир марта, баҳорда кўпаяди. Одатда 3-4 бола туғилади. Ҳашоратлар, қуртлар, кемирувчилар, қурбақалар, судралиб юрувчилар, ўсимликлар билан озиқланади.

Сони. Нурота тоғ тизмаси ва Жануби-Шарқий Қизилқумда кам сонда учрайди, лекин аниқ сони тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 3 (NT) – заифга яқин тур тоифасида киритилган.

Ерқазарлар оиласи - Soricidae

Кичик оқтиш сичқонCrocidura suaveolens (Pallas, 1811)

 

Ташқи кўриниши. Нурота тоғ тизмаси ва Жануби-Шарқий Қизилқумнинг энг кичик сутэмизувчилар вакили. Кичик (сичқондан кичикроқ) ҳайвонча, ташқи кўринишдан дала сичқонига ўхшайди. Танасининг узунлиги 5-7 см га етади, думи тана узунлигигнинг яримисига тенг (2-4 см). Устки томони кулранг, сарғиш-жигар ранг, остки томони оч рангда. Думи калта мўйна билан қопланган, ундан алоҳида узун сочлари чиқиб туради. Тишлари оқ.

Тарқалиши. Шарқий Европанинг жануби, Кавказ, Ўрта Осиё, Қозоғистон, жанубий Урал, Ўзоқ Шарқда учрайди. Ўзбекистонда Амударё этаги, Сирдарё, Сурхондарё, Зарафшон, Чирчиқ дарёларниг ҳавзаларида ва Фарғона водийсида яшайди.

Ҳаёт тарзи. Баргли ўрмонларда, ўрмон-даштларда, яримчўл ва чўлларда яшайди. Кўпинча далалар, боғлар ва томорқаларда яшайди. Тупроқ устида, қисман еростида ҳам ҳаёт кечиради. Инларини ўтлар устида, тупроқ чуқурликлари, тошлар ораси, майда кемирувчилар инларида жойлаштиради. Кичик оқтиш сичқон ўзи ин қазимайди, кемирувчи йўллардан, ёки ер ости йўлларни ўтлар ва ҳазон орасида, қишда эсақор остида қазийди. Ҳашоратлар ва уларнинг личинкалари, ёмғир чувалчанглари билан озиқланади, уларни ўрмоннинг қалин ҳазони орасидан, тупроқ ва унинг устидан топади. Баъзан ўсимликлар уруғлари ва қўзиқоринлар билан озиқланади. Қишги уйқуга тушмайди. Илиқ вақт мобайнида кўпаяди. Йил давомида бир неча насл келтиради, ҳар бирида 3-7 (10та гача) болалайди. Ўтлардан иборат бўлган думалоқ уясида насли туғилади, урғочилар уни кемирувчи инида ёки тошлар орасида жойлаштиради. Ўлғайган болалар инини тарқ этганда, онасининг кетидан узоқ вақт эргашади. Шунда ҳар бир ҳайвонча ўзидан олдинги турган ҳайвонни думи асосин тиши билан қаттиқ ушлаб занжир ҳосил қилади, онадан кейинги турган боласи эса онасининг думини тишлайди. Кичик оқтишли сичқоннинг бу ажойиб хусусияти BBCнинг «Жизнь млекопитающих» (Сут эмизучиларнинг ҳаёти) номли ҳужжатли фильмида яхши намоён қилинган. Оқ тишли сичқонда жуда модда алмашинув жараёни фаол кечади, шунинг учун у кўп озиқланишга тўғри келади. Кечаю-кундуз давомида ўз оғирлигидан оғирроқ озиқани ейди, озиқасиз эса бир неча соат мобайнида нобуд бўлади.

Сони. Нурта тоғ тизмаси ва Жануби-Шарқий Қизилқумда типик вакил, лекин аниқ сони тўғрисида маълумот йўқ.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие