Сутэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia

Жайралар оиласи - Hystricidae

Жайра – Hystrix indica (Kerr, 1792)

     

Ташқи кўриниши. Ўрта Осиё кемирувчиларининг энг йириги. Ўрта катталикдаги ҳайвон (ўртача ит катталикда). Танасининг узунлиги 80-90 см, думи узунлиги 11-21 см, орқа товонининг узунлиги 10-12 см ва оғирлиги 15 кг гача етади. Танаси бақувват, ихчам тузилган, боши йирик, оёқлари калта, олд оёғи тўрт бармоқли, орқадаги беш бармоқли. Танасининг усти узун, мугуз ва жуда учли игналар билан қопланган. Игналар узунлиги 42 см гача етади. Хавф пайдо бўлганда, жайра игналарини кўтариб, йиртқичлардан ҳимояланади. Игналари терида жуда бўш ушланиб туради ва осонгина тушиб кетади. Йиртқичнинг танасига кирган игналар жароҳат қолдириб, кўп азоб етказади, айрим вақтларда  унинг ўлимига олиб келади. Туси тўқ қўнғир, айримларида оқ «бўйинбоғи» бор, игналари ола-була, қора-оқ. Жайранинг излари Нурота тоғ тизмасида яшайдиган барча ҳайвонлардан аниқ ажралиб туради. Улар шаклан кичкина инсон оёқ изига, лекин, 4 бармоқли ва калта тирноқли кенг оёқ кафтга ўхшайди.

Тарқалиши. Ўрта, Кичик ва Олд Осиё, Жанубий Қозоғистон, Кавказолди, Ҳиндистонда тарқалган. Ўзбекистонда Ғарбий Тянь-Шан, Помир-Олой тоғларда ва жанубий Устюртда яшайди.

 Ҳаёт тарзи. Тоғ этаклари, пастки ва ўрта қисмларида яшайди (денгиз сатҳидан 2400 м гача баландликда). Тунги ҳаёт кечиради, кундузи инларда беркинади. Инларини катта тошлар остида ва чуқур қоялар дараларида жойлаштиради. Шунингдек ғор, тупроқли жарликларда ҳам инлайди. Қишги уйқуга ётмайди. Қишда фаолияти йилнинг илиқ даврига қараганда камроқ, қаттиқ совуқда бир неча кунлаб индан чиқмаслиги мумкин. Ўсимликларнинг новдалари, илдизлари, тугунаклари ва пиёзлари, турли хил мевалар, ёнғоқлар, дарахтлар пўстлоғи билан озиқланади. Озиқа излаб тоғли қишлоқларнинг боғи ва томорқаларига кўпинча бориб туради ва мева, сабзавот, маккажўхори, беда, қишда мевали дарахтларнинг пўстлоғини кемиради. Жуфт бўлиб яшайди. Жуфтликлар асосан доимий. Йил давомида бир марта баҳорда кўпаяди. Урғочи 2-4 бола туғади, улар бир йил давомида ота-она билан яшайди.

Сони. Ўзбекистонда умумий сони 30 мингта атрофида. Нурота тоғ тизмасида 1970-1980-йилларда жайра типик вакил эди, айрим сойларда 4 км  масофага 3 тагача жайра учратиш мумкин эди. Бугунги кунга келиб сони ноқоқонуний ов туфайли камайиб кетади.

Хўжалик аҳамияти.  Гўшти овқатга ишлатилади. Ов объекти. Мева, сабзавот ва дарахт пўстлоғини еб, қишлоқ хўжалигига зарар етказади, лекин бундай зарарнинг кўлами катта эмас.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие