Сутэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia |
Қумсичқонлар оиласи - Gerbellidae |
Юлғун қумсичқони – Meriones tamariscinus (Pallas, 1773) |
Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган (каламушдек), кўзга ташланадиган узун думли кемирувчи. Танасининг усти жигарранг ёки оч малла тусда, пастки қисми оқ. Бошининг тепаси қизғиш, буруни оқ, ҳар бир кўзи устида оқ доғи мавжуд. Бутун думи бўйлаб калта соч билан қопланган, думининг учи бароқ. Думи икки рангли, усти тўқ (танасининг усти билан бир рангда), пастки томони оқ. Танасининг узунлиги 14-17,5 см, думи узунлиги 12,5-16 см, оғирлиги 100-130 г га етади. Тарқалиши. Қалмиқистон, Доғистон, Ўрта Осиё, Қозоғистон текисликларидан Муғулистоннинг ғарбий чеккаларигача тарқалган. Ўрта Осиёда Амударё ва Сирдарё ва унинг ирмоқлари водийларида бўйлаб тарқалган. Ҳаёт тарзи. Намгарчиликни яхши кўрадиган қумсичқон тури. Тўқайларда, шўртоб ерларда, текисликдаги кўллар атрофида, паст-баланд қумликлар оралиғидаги пастликларда, ташландиқ кўй кўраларида яшайди. Воҳаларда, дала ва томорқалар атрофида, канал ва ариқлар соҳиллари, бегона ўтлар босган бўш ерларда ҳам кузатилади. Мустаҳкамланмаган қумлардан қочади. Инларда яшайди, колония бўлиб юрмайди. Ҳар бир ҳайвон ўз ҳудудида бир неча инлар ва вақтинчали пана жойлари мавжуд, улардан навбатма-навбат фойдаланади. Ёзда тунги ҳаёт кечиради, йилнинг совуқ мавсумида кундузи фаол. Қишги уйқуга кирмайди. Озиқланиш вақтида жуда кўп юради, бир кун давомида 1-3 км масофага ўтиши мумкин. Яхши сузади ва 25-30 м кенгликдаги каналлардан бемалол сузиб ўтади. Музлаб қолган сув ҳавзаларидан музлик устидан ўтади. Хилма-хил ўсимликлар билан озиқланади, камдан-кам ҳашаротларни ҳам ейди. Қишга ғамлама тайёрлайди. Ареалнинг жанубий қисмида йил давомида, шимолий қисмида февраль-мартдан август-сентябрьгача кўпаяди. Йил давомида 3 мартагача насл келтиради, ҳар гал 6 тагача болалайди. Сони. Яшаш жойларига қараб сони ўзгариб туради, 1 гектарга якка сондан бир неча ўнликгача тўғри келади. Қурғоқчилик даврида сони сезиларли даражада камаяди. |
Қизил думли қумсичқон – Meriones libycus (Lichtenstein, 1823) |
Ташқи кўриниши. Узун думли ўртача катталикдаги кемирувчи, каламушдан бир оз кичик. Танасининг узунлиги 11-15 см, думи узунлиги 12-15 см, оғирлиги 60-80 дан 100-115 г гача етади. Туси кум рангли, танасининг пастки томони оч. Тарқалиши. Олд ва Ўрта Осиё, Озарбайжон ва Шимолий Африканинг чўл ва ярим чўлларида тарқалган. Ҳаёт тарзи. Чўл, тоғ этаклари ва қуруқ паст тоғликларда яшайди. Дала атрофида яшашни хуш кўради. Мустаҳкамланмаган қумликлардан қочади. Нурота тоғ тизмасининг денгиз сатҳидан 800 м гача баландликдаги тоғ этакларини эгаллайди. Колония бўлиб яшайди. Чуқур кўп тармоқли ер остидаги инлар қазийди. Қишги уйқуга кетмайди. Жазирама ёзда асосан кун ботганда ва тунда фаол бўлади, лекин тоғларда кундузи ҳам ташқарига чиқади. Турли хил ўсимликлар билан озиқланади, шунингдек ҳашаротлар ва майда сичқонлар ейди. Баҳорда ўтларнинг яшил ниҳоллари ва гуллари, ёз ва кузда уруғлар, қишда қуриган хас озиқа асосини ташқил қилади. Қишга ўсимликлик уруғларини ғамлаб қўяди. Мартдан сентбярь ойигача кўпаяди ва бу вақт мобайнида 3 марта насл келтиради, ҳар гал ўртача 4-6 бола бўлади. Сони. Нурота тоғ тизмасининг этакларида ва Жануби-Шарқий Қизилқумда бу энг кўп сонли кемирувчилардан бири. Яшаш шароитларда қараб сони ўзгариб туради. Тоғ этакларида сони анча кўп эмас, 1 гектарга 0,1-6 нусхаси тўғри келади. Ташландиқ лалмикор ерларда, ғалла ва беда далалар атрофида 1 гектарга 30-60 тагача қумсичқон тўғри келади. Қишги мавсумда уларнинг сони кескин камаяди, лекин баҳорда кўпайиб кетади. Хўжалик аҳамияти. Ўлат касаллигини тарқатувчиси ҳисобланади. Ғаллали эқинларга зарар етказади. |
Катта қумсичқон – Rhombomys opimus (Lichtenstein, 1823) |
Ташқи кўриниши. Қумсичқонлар орасида энг йириги, каламушдек катталикда. Танасининг узунлиги 20 см гача етади, думи танасидан бир оз калтароқ. Устки қисми сариқ-қумранг оч тусда, қорин томони оқиш. Тарқалиши. Каспий денгизидан Марказий Осиёнинг чўл ва яримчўлларида тарқалган. Ҳаёт тарзи. Қумли чўлларнинг типик вакили. Соз тупроқли ва шағалли чўллар, тоғ этакларида ҳам яшайди. Нурота тоғ тизмасида асосан ғарбий қисмида учрайди. Колония бўлиб яшайди, улар кўпинча қизилдумли қумсичқонлар билан қўшни бўлади. Жуда мураккаб ва чуқур кўп тармоқли, кўп «хонали» ва кўп чиқиш йўлли ер остидаги инлар қазийди. Қишги уйқуга кетмайди. Ёзнинг энг жазирама соатларидан ташқари, кундузи фаол бўлади. Ўтларнинг яшил ниҳоллари, шувоқ новдалари, чўл буталари ва саксовул билан озиқланади. Қишга бир оз ғамлама тайёрлайди. Февральдан сентбярьгача кўпаяди, бу вақт ичида 2-3 марта насл келтиради, ҳар гал 5-6 тагача болалайди. Сони. Жануби-Шарқий Қизилқумда типик ва кўп сонли кемирувчи, Нурота тоғ тизмасининг этакларида кам сонли. Хўжалик аҳамияти. Ўлат касаллигини ва бошқа касалликларни тарқатувчиси ҳисобланади. |
|