Қушлар: Лочинсимонлар туркуми - Falconiformes

Лочинлар оиласи - Falconidae

Итолғи – Falco cherrug (Gray, 1834)

    

Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги, узун ва учли қанотли йиртқич қуш. Нурота тоғ тизмасида учрайдиган лочинларнинг энг каттаси. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 105-130 см, умумий узунлиги 42-60 см, эркагининг оғирлиги 800-900 г, урғочисининг – 1000–1100 г. Бошқа йиртқич қушлардек, урғочи итолғи эркагидан каттароқ. Танасининг устки томони қўнғир, қизғиш ёки  сарғиш чипор тусда. Қорин қисми оқиш ёки оч сарғиш бўлиб, кўплаб узунасига кетган тўқ томчи шаклдаги доғлар бор. Бошининг ён томонларида тўқ «мўйлови» бор. Тумшуғи кўкимтир кул ранг, қора учли, оёқлари кул ранг. Кўзлари тўқ, унинг атрофи сариқ.

Тарқалиши. Европа, Сибирнинг жануби, Қозоғистон жануби, Ўрта ва Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон ва Хитойда уялайди. Ғарбий ва Ўрта Осиё, Ҳиндистонда қишлайди. Ўзбекистоннинг текисликлар ва паст тоғли ҳудудларида уялайди, учиб ўтиш ва қишлаш даврида учрайди.

Яшаш тарзи. Шимолда учиб ўтувчи, жанубда эса кўчманчи қуш. Текисликларда (урмон-даштлар, чўллар, яримчўлларда), тоғ этакларда ва тоғларда яшайди. Очик ландшафтларни афзал куради, ўрмонзорлардан қочади. Ғарбий Европада қишлоқ хўжалик ерларда ва шаҳарларда уялайди. Ўзбекистонда қоялар, жарликлар, дарахтлар, электр узатиш симлари устунларида, дарахтларда уя қуради. Одатда, бу қуш қарға, жўрчи ёки сорларнинг ташландиқ уяларини эгаллаб олади, камдан-кам ҳолда узи оддийгина уя қуради. Феврал-мартда урғочи 3-5 та тухум қўяди ва 28 кун босиб ётади. Эркаги унга озиқа олиб келади. 45-50 кундан, май-июн ойларида полопонлари уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши сентябр-ноябрда, баҳорги учиб ўтиши – март ойига тўғри келади. Кузда ва қишда кенг кўламда кўчиб юради. Итолғи кучли ва ҳаракатчан йиртқич қушлардан бири. Қушлар ва кемирувчилар билан озиқланади. Қишлоқ хўжалигига зарар етказмайди. Европа ва Осиёнинг кўп мамлакатларида бу қуш лочинларни овлаш учун қўлга ўргатилган. Овнинг бу тури ҳозир араб мамлакатларида сақланиб қолган.

Сони. Йиртқич қушлар орасида ноёб тур. Ўзбекистонда тахминан 120-150 жуфти уялайди. Нурота тоғ тизмасида жуда кам сонда уялайди (бир неча жуфт). Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди. Ҳозир ноқонуний овлаш, уяларини бузиш ва электр узатиш симларида нобуд бўлиши натижасида сони камайиб бормоқда.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 3 - (NT) заифларга якин, уялайдиган ва кўчмачи тур тоифасига киритилган. Россия ва Қозоғистон Қизил китобларига, II СИТЕС Иловасига киритилган.

Лочин – Falco peregrinus (Tunstall, 1771)

           

Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги, узун ва учли қанотли йиртқич қуш. Итолғидан анча кичик, лекин лочинлар орасида энг йирик турларидан бири ҳисобланади (карғадек). Қанотларини ёзгандаги кенглиги 95-110 см, эркагининг оғирлиги 600-750 г, урғочисининг – 1100-1300 г. Урғочилари эркакларидан каттароқ. Танасининг устки томони тўқ-қўнғир ёки тўқ-кулранг, остки қисми оч бўлиб, кўплаб кўндалангига кетган тўқ йўли бор. Ёш қушларнинг пастки қисми қизғиш, узунасига кетган қўнғир доғлар бор. Бошининг ён томонларида ўзига хос қора «мўйлови» бор. Товуши баланд, қаттиқ чинкирик «кьяк-кьяк-кьяк».

Тарқалиши. Антарктидадан ташқари ер куррасида кенг тарқалган. Евросиёда тундра ва ўрмонларда уялайди. Ўзбекистонда учиб ўтиш ва қишлаш даврида текисликларда ва тоғ этакларида учрайди.

Яшаш тарзи. Турли ландшафтларда яшайди: тундрада, денғиз, дарё ва кўллар қояли қирғоқларда,  очик жойлари бор ўрмонларда, тоғларда, хатто катта шаҳарларда. Сув ҳавзалари ёки ботқоқлик жойлари бор ҳудудлар танлайди, катта ўрмонсиз қуруқ ландшафтлардан ва қалин ўрмонлардан қочади. Шимолда учиб ўтувчи, жанубда эса кўчманчи ёки ўтроқ қуш. Ўрта Осиёда кузги учиб ўтиши октябр-ноябр ойларида, баҳорги учиб ўтиши март-апрелда бўлади. Уясини дарахтларда, қояларда, қирғоқ олди тепаликларда, ерда, баланд тошли иншоотларда (бинолар, миноралар ва бошқа) қуради. Кўпайиш даврида уясини ва унинг атрофи бошқа йиртқич қушлардан тажовузкорона қўриқлайди, ҳатто йирик бургутларга ҳам ташланади. Жуфтликлар доимий бўлади. 3-5 та бола очади. Полапонлар 35-45 кунлик бўлганда учишни бошлайди. Кичик ва ўртача қушлар билан озиқланади (ўрдак катталигида), баъзан кемирувчилар ва йирик ҳашаротларни тутади. Унинг асосий ўлжаси – сувда сузувчи ва сувлар олдида яшовчи қушлар (ўрдаклар, лойхўраклар), шунингдек каптарлар. Фаол, кучли ва тез йиртқич. Катта тезликда ўлжага учиб келади (300 км/соат, бу ҳайвонот оламида тезлик рекорди) ва тирноқлари билан ўради.

Сони. Табиатдан ноёб тур. Ноқонуний овлаш, уяларини бузиш, электр узатиш симларида нобуд бўлиши ва атроф-муҳитни пестицидлар билан ифлосланиши натижасида сони камайиб бормоқда. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишда 200-300 тагача қуш учрайди. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда баъзида ягона учиб ўтувчи ва қишлаётган қушларни учратиш мумкин.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 2 (VU:R) - табиатдан ноёб тур тоифасида киритилган. Россия ва бошқа мамлакатлар Қизил китобларига ва  CITESнинг I-Иловасига киритилган.

Жиғолтой – Falco subbuteo (Linnaeus, 1758)

          

Ташқи кўриниши.  Ўртача катталикдаги лочин (каптардек). Қанотларини ёзгандаги кенглиги 76-85 см га, оғирлиги 200-270 г га етади. Танасининг усти кулранг-қорамтир, қорни томони оқ ва кўп сонли узун тўқ доғлар билан қопланган, «шими» ва думининг ости оловранг. Бошининг чеккаларида қора «мўйловлар» яхши сезилади. Ёш жиғолтойнинг пастки томони сарғиш. Жиғолтойнинг қанотлари энсиз, узун ва учли, шиддат ва устомонлик билан учади. Учаётганда ва уясини олдида «ки-ки-ки» деб баланд овоз чиқаради.

Тарқалиши. Европа, Осиё ва Шимолий Африкада тарқалган. Ўзбекистонда уялайди ва учиб ўтиш даврида учрайди. Африка ва Жанубий Осиёда қишлайди.

Яшаш тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Турли ландшафтларда яшайди. Ўзбекистонда дарахт ва бутазор бор жойларда – тоғларда, текислик қайирли ўрмонларда, боғлар, шаҳар боғларида уялайди. Апрелнинг иккинчи яримида учиб келади. Ҳар бир жуфтининг уялаш жойи доимий бўлади. Уясини баланд дарахтларда жойлашади, лекин ўзи уя ясамайди, қарғалар ва йиртқич қушларнинг уяларидан фойдаланади. Бизнинг ҳудудда зағизғон уяларини эгаллайди. Уялаш даври жиғолтойда жуда кеч. Июн охири-июль бошларида тухум қўйишни бошлайди. 28 кун давомида тухумни фақат урғочи босади. Полопонларни урғочи озиқлантиради, эркаги эса ўлжани олиб келади. Авлодни озиқлантириш ота-онадан жуда катта кучни талаб қилади: овга куннинг ёруғ вақти кетади. Сентябрда полопонлар учирма бўлади. Жиғолтой сентябр охирида-октябр бошларида қишлашга учиб кетади. Фаол йирткич, тез ва устаомон. Майда қушлар ва йирик ҳашаротлар (ниначилар, қўнғизлар, капалаклар) билан озиқланади. Кеч кирганда кўршапалакларни овлайди. Ўлжани асосан хавода тутиб олади.

Сони. Нурота тоғ тизмасининг сойларда уни одатда ва кўп сонда учрайди.

Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Турумтой – Falco columbarius (Linnaeus, 1758)

Ташқи кўриниши.  Кичик лочин (мусичадек). Умумий узунлиги 25-30 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 50-62 см, оғирлиги 165-210 г. Урғочилари эркакларидан катта. Танасининг усти томони кулранг ёки қўнғир, пастки томони оч кизғиш, сарғиш ёки оқ, узунасига кетган тўқ чизиқчалар бор. «Мўйлови» билинар-билинмас.

Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Африкада кенг тарқалган. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишда учрайди.

Яшаш тарзи. Шимолда учиб ўтадиган қуш, жанубда эса ўтроқ яшайди. Ботқоқлик ва очик жойлар бор ўрмонларда уялайди. Ерга, қояларга уя қуради ёки дарахтларда қарғалар ва йиртқич қушларнинг эски уяларини эгаллайди. 3-4 тухум қўяди. Майда қушлар, майда кемирувчилар ва йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Ўзбекистонда қишда воҳаларда ва тўқайларда яшайди, учиб ўтиш даврида чўлларда ва тоғларда ҳам учрайди.

Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтувчи қушларни камдан-кам ҳолда учратиш мумкин.

Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Куйка (дашт миққийси) – Falco naumanni (Fleischer, 1818)

          

Ташқи кўриниши. Кичик лочин (каптардан бир оз кичикроқ). Эркагининг оғирлиги 90-180 г, урғочининг оғирлиги 135-210 г, умумий узунлиги 29-33 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 58-75 см. Миққийга ўхшайди, лекин ундан бир оз кичик ва туси очиқ бўлади. Танасининг усти томони жигар рангда, пастки томони қизғиш, эркагининг боши, бўйни ва думи кулранг бўлади. «Мўйлови» йўқ. Катта масофадан бу тур миққийдан ажратиш кийин. Учаётганда баланд «клии-клии-клии» овоз чиқаради.

Тарқалиши. Жанубий Европа, Шимолий Африка, Ғарбий ва Ўрта Осиё, Қозоғистон, Жанубий Сибирь, Мўғулистонда уялайди. Африка, Ҳиндистон ва Ғарбий Осиё жанубида қишлайди. Ўзбекистонда Ғарбий Тян-Шан ва Ғарбий Помир-Олой тоғ этакларида, Қизилқумнинг қолдиқ паст тоғларда, Зарафшон водийсида, Амударёнинг пастки қисмида уялайди. Учиб ўтишда республикамиз барча текисликлар ва тоғолди ҳудудларида учрайди.

Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Очик ландшафтлар – чўл, ярим чўл, қурғоқчил тоғ этакларида ва , паст тоғларда яшайди. Асосан, қояларга, жарликларга колония ташкил қилиб уялайди, баъзида харобаларга уя қуради ёки дарахтларда қарға ва зағизғонларни эски уясини эгаллайди. Апрел-май ойида 3-5 та тухум қўяди ва 28 кун босиб ётади. Полопонлари июн-июлда уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши август-октябрда бўлади, баҳорги учиб ўтиши – март-апрел ойида. Ҳашаротлар, баъзан майда қушлар, кемирувчилар ва калтакесаклар билан озиқланади.

Сони. Ўзбекистонда 1970-1980 йилларда 500 га якин жуфт уя қурган. Ҳозирги вақтда чўл ва тоғолди ҳудудлар ерларини ўзлаштириш натижасида сони камайиб бормоқда. Нурота тоғ тизмасида уялашда ва учиб ўтишда кам сонда учрайди.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 3 (NT) – заифга яқин учиб ўтувчи тур тоифасида киритилган. Ҳалкаро, Россия ва бошқа давлат Қизил китобларига ва CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Миққий – Falco tinnunculus (Linnaeus, 1758)

                

Ташқи кўриниши. Кичик лочин (каптардан бир оз кичикроқ). Қанотларини ёзгандаги кенглиги 69-82 см, умумий узунлиги 31-39 см, оғирлиги 180-240 г. Танасининг устки қисми жигар ранг олачипор тусда, остки қисми оч кулранг ёки сарғиш бўлиб, кўплаб узунасига кетган тўқ доғлар бор. Думи ва қанотларини пастки қисмида кўп кўндаланг тўқ йўллар бор, думининг учида кенг қора йўл бўлади. Эркагининг боши, бўйни ва думи кулранг. Табиатда уни ўзига хос равишда учишидан таниш мумкин. У ўлжа қидириб, кўпинча ҳавода бир жойда учиб туради. Жарангли «кли-кли-кли» овоз чиқаради.

Тарқалиши. Евросиё ва Африкада кенг тарқалган. Шарқий Европа, Сибир ва Қозоғистонда учиб ўтувчи қуш, Ғарбий Европада ва жанубда эса ўтроқ яшайди. Ўзбекистонда уялашда, учиб ўтишда ва қишловда барча вилоятларда, чўлларда, тоғларда, тўқайзорларда ва шаҳарларда учрайди.

Яшаш тарзи. Ўрмонли тундрадан ярим чўл ва чўлларгача турли ландшафтларда яшайди. Текислик ва тоғли очик ландшафтлари афзал куради, кўпинча қишлоқ хўжалик ерларда (далаларда, яйловларда, боғларда учрайди). Қишлоқларда ва катта шаҳарларда ҳам яшайди. Қояларда, жарликларда, дарахтларда, уй пештоқлари ва ҳоказоларга уя қуради, кўпинча қарға, зағизғон, каптар ва бошқа қушларнинг эски уялар эгаллайди. Май ойида 3-8 та тухум қўяди ва 28 кун босиб ётади. Полопонлари июн-июлда уча бошлайди. Майда қушлар, кемирувчилар, калтакесаклар ва қўнғизлар билан озиқланади. Бахорги учиб ўтиши Нурота тоғ тизмасида март иккинчи яримидан апрел оҳиригача бўлади. Кузги учиб ўтиши сентябр-октябр ойларида кузатилади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида уялашда ва учиб ўтадишда бу қуш одатда ва нисбатан кўп сонда учрайди, қишда кам сонда учрайди.

Ҳолати. CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие