Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata

Сувилонлар оиласи - Colubridae

Кўндаланг-йўлли чипор илонColuber karelini (Brandt, 1838)

 

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги, ингичка танали илон. Танаси узунлиги 66,5 см гача етади, думи танасидан тахминан 2-3 баробар калта. Тумшуғи учи учли. Юқори томони кулранг, орқаси бўйлаб кўндаланг қорамтир доғлар бор, улар оралиғида, ён томонларида майда доғлар бир қатор бўлиб жойлашган. Танасининг пастки томони оч, доғсиз. Ташқи кўринишидан қизилйўлли чипор илонга жуда ўхшайди, лекин бошининг ён томонда қорамтир доғи мавжуд. Заҳарли эмас.

Тарқалиши. Жанубий Қозоғистон ва Ўрта Осиё.

Ҳаёт тарзи. Соз тупроқли ва қумли чўлларда, тоғлар этагида, қуруқ даштларда, камдан-кам ҳолда тоғларда д.с.б. 1600-1800 м гача баландликда яшайди. Кўпинча жарликларда, дараларда, харобаларда учрайди. Кемирувчилар инига ва ёриқларга яшириниб олади. Калтакесаклар, майда кемирувчилар билан озиқланади. Феврал-мартдан сентябр-октябргача фаол. Июн-июлда урғочиси 4-9 та тухум қўяди. Августда ёш илонлар тухумдан чиқади. Одам учун хавфли эмас.

Численность. Фориш даштида ва Нурота тоғ тизмасида жуда кам сонда учрайди.

Ранг-баранг чипор илон – Coluber ravergieri (Menetries, 1832)

          

Ташқи кўриниши. Нисбатан йирик илон. Танаси узунлиги 100 см гача етади, думи танасидан тахминан 2-4 баробар калта. Боши ингичка бўйни билан танасидан ажралиб туради. Тумшуғи тўмтоқ. Бу илон ҳаддан ташқари ўзгарувчан рангли бўлади, унинг номи ҳам ана шундан келиб чиққан. Кўпинча танаси кулранг, орқа томонида кўплаб кўндаланг қорамтир ёки қўнғир доғлари бор, улар оралиғида, ён томонларида майда доғлар бир қатор бўлиб жойлашган. Баъзан доғлари бўлмайдиган нусхалари, ёки фақат боши ва камдан-кам ҳолда бутун танаси қора рангли нусхалари ҳам учрайди.

Тарқалиши. Осиёда (Туркиядан Шимоли-Ғарбий Ҳитойгача) чўл, яримчўлларда ва тоғларда тарқалган. Ўзбекистонда адир ва тоғли зонада учрайди.

Ҳаёт тарзи. Ўзбекистонда тоғлар этагида, ўт ва буталар босган тоғ ёнбағирларда, арчазорларда ва баргли ўрмонларда, дараларда, жарликларда, қояларда, соз тупроқли ва шағалли яримчўлларда яшайди. Тоғларда денгиз сатҳидан 2600 м гача баландликка кўтарилади. Боғлар ва узумзорларда ҳам учрайди. Нурота тоғ тизмасида деярли ҳамма жойда учрайди, март оҳиридан октябр-ноябргача фаол. Кўпинча тошлар остига, кемирувчилар ва тошбақалар инига, харобаларга ва одам яшайдиган уйларга кириб, чордоқларга яширинади. Дарахтларга яхши ўрмалаб чиқади. Агар бу илон таъқиб этилса, ҳужумга ўтиб одамни чақиши мумкин, лекин заҳарли эмас. Амфибиялар, калтакесаклар, кемирувчилар, майда қушлар, ҳашаротлар билан озиқланади. Июн-июлда урғочиси 5-16 та ўлчами 3,5 см келадиган тухум қўяди. Сентябрда ёш илонлар тухумдан чиқади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида кўп сонда учрайди.

Қизилйўлли чипор илон Coluber rhodorhachis (Jan, 1865)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги, ингичка танали илон. Танаси узунлиги 100 см гача етади, думи танасидан тахминан 2-3 баробар калта. Тумшуғи учи учли. Юқори томони кулранг, оч сариқ ёки оч жигарранг бўлиб, кўндаланг жойлашган гуллари билинар-билинмас. Баъзан танасининг орқасида узунасига кетган қизил йўл бўлган нусхалари ҳам учрайди. Баъзан нусхалари ташқи кўринишидан кўндаланг-йўлли чипор илонга жуда ўхшайди, унинг орқаси бўйлаб кўндаланг қорамтир доғлар бор, улар оралиғида, ён томонларида майда доғлар бир қатор бўлиб жойлашган. Танасининг пастки томони оч, майда қорамтир доғлар билан. Заҳарли эмас.

Тарқалиши. Осиё ва Шимолий Африка чўл ва ярим чўл зонада тарқалган (Ўрта ва Ғарбий Осиё, Қозоғистон, Эрон, Покистон, Аравия ярим оролида).   

Ҳаёт тарзи. Ўзбекистонда тоғлар этагида ва унча баланд бўлмаган тоғларда, камдан-кам ҳолда текисликларда учрайди. Одатда, сувдан унча узок бўлмаган жойларда, жарликларда, харобаларда, қояларда, тош-шағал уюмларида, бутазорларда, дараларда яшайди. Тоғларда денгиз сатҳидан 2300 м гача баландликка кўтарилади. Нурота тоғ тизмасида март-апрелдан сентябр-октябргача фаол. Тошлар остига, ёриқларга, кемирувчилар инига, харобаларга яширинади. Калтакесаклар, кемирувчилар, майда қушлар ва унинг тухумлар билан озиқланади. Июн-июлда урғочиси 3-9 та тухум қўяди. Сентябрда ёш илонлар тухумдан чиқади.

Сони. Фориш даштида ва Нурота тоғ тизмасида кам сонда учрайди.

Нақшдор чипор илон – Elaphe dione (Pallas, 1773)

          

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги илон. Умумий узунлиги (думи билан) 130 см гача етади, танаси узунлиги 100 см гача. У бошқа чипор илонлар сингари, бақувват танаси нақшдорлиги, думи ингичка-узунлиги, тангачалари силлиқлиги билан бўлади. Боши симметрик жойлашган йирик қалқончалар билан қопланган бўлади. Умумий ранги кулранг бўлади. Бутун танаси бўйлаб узунасига кетган 4 та қорамтир йўл ўтганлиги, чуққисида кўндаланг жойлашган нотўғри шаклдаги доғлар борлиги бошқа турлардан фарқ қилади. Бошида иккита қорамтир йўл бўлиб, бу йўллар гардонидан олдинга томон йўналган ва бурчак ҳосил қилиб туташган бўлади. Бу бурчак ичида крестсимон шаклдаги доғ бўлади. Бу илоннинг номи ҳам шу нақшдан келиб чиққан. Одам учун бутунлай зарарсиз.

Тарқалиши. Шарқий Европада дашт ва ўрмон-дашт районларда, Ўрта Осиёда, Қозоғистонда, Жанубий Сибирда, в Закавказье, Казахстане, Средней Азии, Южной Сибири и на Дальнем Востоке.

Ҳаёт тарзи. Яшаш шароитига нисбатан талабчан эмас. Ўзбекистонда қумли чўллардан ташқари, деярли ҳамма жойда яшайди. Дарёлар водийси, камишзорлар, ўт босган ёнбағирлар, бутазорлар, даштлар, далалар атрофи, боғлар, узумзорлар, уватлар, бўш ётган ерлар унинг энг севимли яшаш жойи ҳисобланади. Нурота тоғ тизмасида денгиз сатҳидан 1500-1600 м гача баландликка кўтарилади. Ёзда кўпинча сув яқинида учрайди. Бақалар, калтакесаклар, майда кемирувчилар, қушлар, уларнинг тухумлари ва болалари, майда илонлар ва балиқлар билан озиқланади. Кемирувчилар инига, тошлар остига ва ёриқ-ковакларга яшириниб олади. Бу илон тез ҳаракатланади, қояларга, дарахт ва буталарга бемалол ўрмалаб чиқади, сувга тушиб қолса, яхши сузади, кемирувчилар инига кириб олади. Феврал - мартдан сентябр - ноябргача фаол. Июл - август ойида урғочиси 5–16 та ўлчами 5–5,5 см келадиган тухум қўяди. Сентябр - октябрда ёш чипор илонлар тухумдан чиқади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида кўп сонда учрайди.

Кўндаланг йўлли бўритиш илон Lycodon striatus (Shaw, 1802)

   

Ташқи кўриниши. Кичик илон, танаси узунлиги 40-45 см гача, думи узунлиги 9-15 см гача етади. Боши танасидан кам ажратилган, тумшуғи тўмтоқ. Тангачалари силлиқ ва ялтироқ. Унинг ўзига хос ранги билан бошқа барча Ўрта Осиё илонлардан фарқ килади. Ранги қора ёки жигар ранг, орқа томонида кўплаб кўндаланг жойлашган оқ ёки сариқ йўллар бор. Қорни оқ ёки сарғиш рангда бўлади.

Тарқалиши. Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон. Ўзбекистонда Сурхондарё вилоятининг жануби, Тошкент вилоятининг текисликлар ва тоғ этаклар, Зарафшон, Туркистон ва Нурота тоғ тизмаларида учрайди.

Ҳаёт тарзи. Соз тупроқли ва тошли адирларда ва тоғларнинг пастки қисмида (д.с.б. 1800 метргача) учрайди. Иссиқсевар илон. Апрел-октябрда фаол. Кечаси ҳаёт кечиради. Кундузи тупроқ ёриқларида, тошлар остида, кемирувчилар инларида, эски пахса деворлар кавагида яширинади.Июн-июлда 2-4 та тухум қўяди. Майда калтакесаклар билан озиқланади. Одам учун хавфли эмас.

Сони. Барча жойларда кам сонли. Нурота тоғ тизмасида фақат бир неча топилмалардан маълум.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:D) - заиф, табиатдан камёб тур тоифасида киритилган. Сурхон, Китоб ва Нурота қўриқхоналарида муҳофаза остига олинган.

Сувилон – Natrix tessellata (Laurenti, 1768)

          

Ташқи кўриниши. Нисбатан йирик илон. Танасининг узунлиги 140 см гача етади. Ранги жуда ўзгарувчан,  кулранг, қора ёки қўнғир, лекин танасининг устки томони бўйлаб кўпинча шахмат усулда оч ва қорамтир доғлар мавжуд. Танасининг пастки томони қизғишроқ ёки оқ булади. Одам учун хавфли эмас.

Тарқалиши. Шарқий Европанинг жанубий қисми, Кавказ, Қозоғистон, Ўрта Осиё.Ўзбекистонда сувилони Сирдарё, Амударё, Қашқадарё, Зарафшон ва уларнинг ирмоқларида, улар билан туташган кўл ва сув ҳавзаларида учрайди.

Ҳаёт тарзи. Ҳаёти сув ҳавзалари билан чамбарчас боғлиқ. Чучук ва шўр сув ҳавзаларида, денгиз қирғоқларда, дарё ва сойларда, кўлмакларда, кўлларда, ҳовузларда, каналларда, шоли далаларида яшайди. Тоғларда д.с.б. 2800 метргача учрайди. Сувилонини одатда сувда, қирғоқ атрофидаги нам жойларда учратиш мумкин. У жуда яхши сузади ва шунғийди. Сувилонини бир сув ҳавзасидан иккинчисига ўтиш учун узоқ масофани қуруқликда босиб ўтиш қобилиятига эга. Хавфли вазиятда сувда жон сақлайди ва тубида вақт ўтказиши мумкин. Қуруқликда кўпаяди ва қишлайди. Қирғоқолди қоялар, тошлар уюмларида, кемирувчилар уяси, қамишзорлар унга пана жой бўлиб хизмат қилади. Март-апрелдан октябр-ноябр ойларигача фаол. Асосан балиқ, қурбақа, бақа ва итбалиқлар билан озикланади. Айрим вақтларда майда кемирувчи ва қушларни ейди. Июн-июлда зах жойларда инларга ёки тошлар тагига 6-23 та тухум қўяди.

Сони. Нурота тоғ тизмасида кам сонда учрайди, чунки сойларда унинг озиқаси – балиқ йуқлиги сабаб бўлади. Одатда уни Айдаркўл-Арнасой кўллар тизимларида кўриш мумкин.

Ўқилон – Psammophis lineolatum (Brandt, 1838)

   

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги, узунлиги 1,2 м гача етадиган илон. Ўз номига яраша ихчамлиги ва тез ҳаракатланиши билан фарқ қилади. Танасининг ингичка ва йўғон, қум ранг ёки кулранг тусли, танасининг орқа томонда узунасига кетган 4 та қора-қўнғир йўл ўтади. Қорни оқ бўлади.

Тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистонда ва Кавказ бўйлаб тарқалган.

Ҳаёт тарзи. Чўлларда, тоғ этакларида, тоғларда д.с.б. 2500 метргача, воҳаларда учрайди. Қуруқ жойларда яшайди, нам ерлардан қочади. Бизнинг туманида одатда қумли чўлларда, камдан-кам ҳолда соз тупроқли ва шағалли чўлларда, Нурота тоғ тизмасининг этакларида, соз тупроқли ва тошли  сийрак ўсимликлар босган ёнбағирларда учрайди. Асосан кундузи фаол бўлади, кун жуда исиб кетганда буталарга ўрмалаб чиқади. Буталарда ва қумда жуда тез ҳаракат қилади. Тошлар остига, кемирувчилар инига ва бутазорларга яшириниб олади. Октябр-ноябр ойида уйқуга киради ва феврал оҳирида - март ойида уйғонади. Калтакесаклар, баъзан ҳашаротлар билан озиқланади. Урғочилари июн-июлда 3-11 тадан тухум қўяди. Июл-августда 35 см узунлиги ёш болалари тухумдан чиқади. Одамга мутлақо хавфсиз.

Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Фориш даштида кам сонда учрайди. Жанубий-Шарқий Қизилқумда одатда кўриш мумкин.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие