Қушлар: Лайлаксимонлар туркуми - Ciconiiformes |
Лайлаклар оиласи - Ciconiidae |
Оқ лайлак – Ciconia ciconia (Linnaeus, 1757) |
Ташқи кўриниши. Узун тумшуқли, бўйни ва оёқлари узун йирик қуш. Умумий узунлиги 100-120 см, қанотларнинг ёзгандаги кенглиги 155-165 см, оғирлиги 4 кг гача. Туси оқ, фақат қанотларининг учи қора. Тумшуғи ва оёғи қизил. Учиши бир текисда камдан-кам қанот қоқади, тез-тез ҳавода сузади. Учаётганда бўйни ва оёқлари чўзилади. Тарқалиши. Европа, Шимолий ва Ўрта Осиёда, ғарбий Ҳитой, Африкада уялайди. Эрон, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Африкада қишлайди, қушларнинг бир қисми Ўзбекистонда қишга қолади. Ўзбекистонда Фарғона водийси, Сирдарёнинг ўрта оқимида, Чирчиқнинг ўрта қуйи оқимида, Туркистон тоғ тизмасининг адирларда, Сурхондарё вилояти жанубида учрайди. Нурота тоғ тизмасинининг адирларда ва жануби-шарқий Қизилқумдан фақат учиб ўтиши кузатилган. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Инсон билан ёнма-ён яшашга мослашган. Асосан қишлоқ хўжалиги ривожланган вилоятлари ва аҳоли яшаш жойларида уя ясайди. Уясини турли қурилмаларнинг томларида, электр устунларида, фабрикаларнинг мўрисида, дарахтларда жойлаштиради. Ини атрофи доимо нам жойларда (дарё ёқасидаги сув босадиган, кўпинча ўтлоқ ерларда, кўл, ботқоқлик, нам яйловлар, суғориладиган далалар) жойлашган. Уясини хас-чўплар, шоҳлар ва похолдан, тарнови қуруқ ўт, латта, жун, намат, қоғоз бўлаклари билан қопланган. Уялари жуда кўп йил фойдаланилади, ҳар йили таъмирланади ва қайта қурилади. Бундай кўп йиллик иншоотнинг диаметри 1,5-2 м ва баландлиги 1-1,5 м гача етади. Жуфтликлари доимий. Апрель-май ойларида 3-5та оқ тухум қўяди. 33-34 кун давомида тухумни ота-онаси босиб ўтиради. 2-2,5ойга етганда полапонлари учишни ўрганади. Лайлаклар қурбақалар, калтакесаклар, илонлар, кемирувчилар, моллюскалар, йирик хашоратлари, майда балиқлар, қушларнинг тухуми ва жўжалари билан озиқланади. Учаётганда гуруҳлаб 1ёки жуфтлаб учади, колониялар ёки алоҳида жуфтликлар бўлиб инлайди. Баҳорги учиб келиши февраль-март, кузги учиб кетиши август охири –сентябрьга тўғри келади. Сони. 1980-йилларгача Самарқанд, Бухоро ва Хоразм водийларида, шунингдек Нурота вохасининг Оқтоғ ва Нурота шаҳри орасида учратиш оддий ҳол бўлган. Бугунги кунда республиканинг фақат шарқий вилоятлари ҳудудларида сақланиб қолган. Ўзбекистон ҳудудида умуман 1,5 минг жуфти уялайди, улардан 95% - Фарғона водийсида. Бир неча юзтасигина қишга қолади. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 3 (NT) – заиф тур тоифасига киритилган. |
Қора лайлак – Ciconia nigra (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Оёқлари ва бўйни узун йирик қуш. Тана узунлиги 90-100 см, қанот узунлиги 52-60 см, қанот кенглиги 185-205 см, тана оғирлиги 3 кг.гача. Вояга етган қушлари қора тусда, фақат танасининг пастки қисми оқ бўлади. Тумшуғи ва оёқлари узун ва қизил. Урғочиларининг ва эркакларининг ранги бир хил. Ёшларида патлари қўнғир, ялтирамайди, оч ола-була доғлари мавжуд, тумшуғи қора, оёғи яшилроқ . тарқалиши. Европанинг ўрмон қисмларида инлайди (шимолий кенглиги 60°гача), Сибирда ( 61°-63° шимолий кенгликгача), Узоқ шарқда, Қримда, Кавказда, Ўрта Осиёда, Эронда, Муғулистон ва Ҳитойда учрайди. Африка, Ҳиндистон ва жанубий Ҳитойда қишлайди. Ўзбекистонда Ғарбий Тёншон ва Ғарбий Помир-Олой тоғли ҳудудларда уялайди, учиб ўтиш даврида текисликдаги сув ҳавзаларида учрайди Ҳаёт тарзи. Оқ лайлакдан фарқли қора лайлак – жуда эҳтиёткор, кўринмаслик қуш бўлиб, одам яшайдиган жойлардан узоқ масофада уялайди. Алоҳида жуфтлик бўлиб яшайди. Европада қалин ўрмонларда йирик дарахтларга, Ўрта Осиёда - қояларга ва жарликларга уя қуради. Ўзбекистонда д.с.б. 700-2000 м бўлган тоғ воҳаларида яшайди. Нурота тоғ тизмасида 1000-1400 м. денгиз сатҳидан баландликда учрайди. Лайлак жуфти бир неча йиллар давомида бир уясидан фойдаланишади ва ҳар йили янги қурилмалар қўшадилар, натижада бесўнақай диаметри 1-1,5 м ли иншоот ҳосил бўлади. Уя ясашга қуруқ сершохлар ва ингичка шохлардан фойдаланади. Тарнови ўтлар, барглар, қамишнинг поялари ва жун билан қопланган. Нурота тоғ тизмасида қора лайлаклар май ойида тухум босишга киришади. 2-5 (жуда кам 6та) оқ хира тухум қўяди. Тухумнинг катталиги (62-67) х (46-49) мм. Тухумни ота-она босиб ўтиради. Полапонлари июль ойида учишни бошлайди. Лайлаклар нам яйловлар, ботқоқликлар, дарё ва кўллар қирғоқларида, амфибия, балиқлар, майда кемирувчилар, калтакесаклар, ҳашорот, чувалчанглар ва моллюскалар озиқаси ҳисобланади. Ёлғиз ёки 4-6та сонли гуруҳ бўлиб кўчиб ўтади. Баҳорги учиб келиши февраль-март, кузгиси август охири- сентябрьга мос келади. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтадиган қушлар сентябрьнинг иккинчи ярмисида кузатилади. Сони. Барча ерда камдан-кам учрайди. Ўзбекистонда умуман 20 га яқин жуфт учрайди. 1990йилларда бир жуфти Нурота тоғ тизмасида кузатилган, қора лайлар мунтазам равишда Сентобсой, Устуксой, Мажрумсой юқори қисмида, Фозилмон кўлида учраган. Охирги вақтда уларнинг уялаши тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Учиб ўтиш даврида бир неча жуфтликлар ва гуруҳлар аҳён-аҳёнда Нуротанинг тоғ этакларида (Фориш даштларида) учрайди.Умуман Республика ҳудудида учиб ўтаётганда бир неча ўнтали сони учрайди. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:R) - заиф, табиий ноёб тур тоифада киритилган. Россиянинг Қизил Китобига ва СИТЕСнинг II-иловасига киритилган. |
|