Балиқлар: Олабуғасимонлар туркуми - Perciformes |
Илонбошлар оиласи - Channidae |
Илонбош – Channa argus (Cantor, 1842) |
Ташқи кўриниши. Йирик балиқ. Танаси узунлиги 1 м гача, оғирлиги 10 кг гача етади. Танаси чўзинчоқ, шилимшиқ. Боши катта, чўзилган, тангачалар билан қопланган, илон бошига ўхшайди. Бу балиқнинг номи ҳам ана шундан келиб чиққан. Пешонаси ясси, оғзи катта, ўткир катта ва майда тишлар билан таъминланган. Ранги кўкимтир ёки олтин-жигарранг, танасида ва сузгичларда тўқ доғлар бор, бошининг ён томони иккита тўқ йўл ўтган. Қорни оқ. Танасининг устидаги сузгичи узун, 47-53 та паррак билан. Ён томони чизиғида 60-75 тангача. Дум сузгичи думалоқ. Тарқалиши. Шарқий Осиёда Амур дарёдан Янцзы дарё ҳавзасигача тарқалган. Ўзбекистонга 1960-йилларда Сирдарёга тасодифан келтирилган бўлиб, ўша вақтдан барча текислик ҳавзаларида яшайди. Ҳаёт тарзи. Ҳар хил сув ҳавзаларида - дарёларда, каналларда, кўлларда, ҳовузларда, зовур ва суғориш тармоқларда яшайди. Саёз, сув ўсимликлари жуда кўп ўсган ва қуёш нурида иссиқланган жойларни танлайди. У оқмайдиган, шунингдек, таркибида кислороди кам ва олтингугурт кўп бўлган сувларда яшашга мослашган. Бу балиқ доим сув юзасига чиқиб, ҳаводан нафас олади ва шу хусусияти билан бошқа балиқлардан фарқ қилади. Илонбош бир сув ҳавзасидан иккинчисига ўтиш учун узоқ масофани қуруқликда босиб ўтиш қобилиятига эга. Агар унинг яшайдиган сув ҳавзаси қуриб қолади, сув тубидаги балчиққа кириб олиб, кейинги нам мавсумигача уйқуга кетади. Йиртқич бўлиб, балиқлар, бақалар, сув умуртқасизлар билан озиқланади. 2-ёшга келиб ва тана узунлиги 30-35 см бўлганда вояга етади. Июнь-июль ойларида сув ҳарорати 20-26° C етганда увилдириқ ташлайди. Бу даврда урғочи ва эркаги сувда қамиш барглари ва сувўтлардан диаметри 1 м келадиган катталикда уя қуради, унга 20-120 мингтагача майда увилдириқ ташлайди. Ота-она уяси ва чавоқларини муҳофазалайди. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида сони кўп эмас. Хўжалик аҳамияти. Қимматли овланадиган балиқ. Спорт ва кўнгилли ов объекти. |
|
|
|
|
|