Сутэмизувчилар: Жуфт туёқлилар туркуми - Artiodactyla |
Қувушшохлилар оиласи - Bovidae |
Северцов қўйи (Қизилқум ёввойи қўйи, архар) – Ovis ammon ssp. severtzovi (Nasonov, 1914) |
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги ёввойи қўй, хонаки қўйнинг авлоди. Танасининг узунлиги 130-140 см га, яғрин баландлиги 80-90 см га, эркакнинг оғирлиги 50-60 кг га, урғочининг оғирлиги 40 кг га етади. Эркак архари пишиқ, оғир ва жуда қайрилган шохлар билан фарқ қилади. Шохининг узунлиги 100-110 см га етади. Урғочининг шохлари ингичка ва калта бўлади, узунлиги 25-30 см дан ошмайди.. Тарқалиши. Архарнинг бу кенжа тур фақат Ўзбекистонда учрайди. Ўтмишда Северцов архари Қизилқум қолдиқ тоғларида, Нурота, Оқтов, Қоратов, Молгузар, Туркистон, Зарафшон тоғ тизмаларида яшар эди. ХХ асрнинг 1960-1970 йилларида инсон томонидан кўп ҳудудларда қирилган, сони кескин камайиб кетди ва Северцов қўйи йўқолиб кетиш ҳавфи остида қолди. 1975-йилда Нурота давлат қўриқхонаси ноеб ҳайвонни муҳофазалаш учун ташкил қилинган. Шу муносабат билан Нурота тоғ тизмасида уни сақлаб қолишга мувофиқ бўлди. Ҳаёт тарзи. Тоғларнинг ўрта ва пастки қисмларининг буталар билан қопланган тоғли даштларда, тошли ва қояли ёнбағирларда яшайди. Қишда тоғ этакларида тушади. Пода бўлиб яшайди. Қояларда эркин ҳаракатланади. Йил давомида катта кучкорлар урғочилардан алоҳида яшайди. Жуфтлашиш даври – октябр охири – ноябр ойиларида урғочилари болалар билан биргаликда ва қўчқорлари аралаш пода ҳосил қилади. Апрел-майда урғочи 1-2 та болалайди. Икки ёшгача болалари онаси билан бирга яшайди. 2 ёшда вояги етади. Ҳар хил ўтлар, яримбуталар, ёввойи бодомнинг барглари ва мевалари, тут, олма, дўлана билан озиқланади. У иссиқлик ва сув танқислигига мослашган. Северцов қўйининг асосий душманлари бўри, дайди итлар ва бургут ҳисобланади. Сони. Хозирги замонда Қизилқум архари фақат Нурота тоғ тизмасида, Оқтоғ тизмасининг ғарбий қисмида, Молгузар тоғ тизмаси ва Томдитовда қолган. Умумий сони 2000 бошга яқин, шундан 1500-1600 таси – Нурота қўриқхонаси ҳудудида мавжуд (1975-1978 йилларда қўриқхонада 500-700 бош Северцов қўйи қолган эди). Қўриқхонанинг турли жойларида қўйнинг яшаш зичлиги турлича: 0,8-1 дан 20 та 1 кв.км.га тўғри келади. Қўриқхонадан ташқарида Северцов қўйи жуда кам ҳолларда учрайди. Браконерлик, чорва молларининг кўплаб боқилиши оқибатида яшаш жойларининг бузилиши, инсон томонидан безовта қилиниши сонининг камайиб кетишининг асосий омиллари ҳисобланади. Ҳолати. Қизилқум қўйи Ўзбекистон ва Халқаро Қизил китобларига 2 (VU:D) - эндемик кенжа тур, ареали ва сони камайиб кетаётган тоифада киритилган. Бу ҳайвонни овлаш ва тутиб олиш тақиқланган. Нурота давлат қўриқхонасида муҳофазаланади. |
Жайрон – Gazella subgutturosa (Guldenstadt, 1780) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги жуда чиройли кийик. Танасининг узунлиги 93-106 см, яғрин баландлиги 60-75 см, оғирлиги 20-33 кг га етади. Танаси хушбичим, оёқлари узун ва ингичка. Туси қум-кулрангда, танасининг пастки томони оқ. Думининг узунлиги 25 см га яқин, думининг учи қора. Ёш ҳайвонларда бурни учидан кўзигача тўқ йўл ўтади. Бу йўл ёши катта бўлганда йўқолиб кетади. Эркаклари шохли бўлиб, шохининг узунлиги 27-41 см га етади. Урғочилари шохсиз ёки 3 см ли шохли бўлади. Тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Шимоли-Ғарбий Ҳитойда тарқалган. ХХ асрнинг биринчи яримида Ўзбекистоннинг барча текисликларида, Қизилқумнинг қолдиқ тоғлари, Помир-Олой ва Ғарбий Тянь-Шан тоғ этакларида тарқалган эди. 1970-йилларда Нурота тоғ тизмаси этакларида кузатилган. Бугунги кунга келиб ареали кичик популяцияларга ажралиб кетган. Ҳаёт тарзи. Чўл ва яримчўлларнинг типик вакили. Асосан соз тупроқли ва шағалли чўлларда яшайди. Шунингдек мустаҳкамланган қумликларда, сийрак саксовулзорларда ва тоғ этакларида учрайди. Хилма-хил ўтлар, шувоқ, бошқа чўл ўсимликлар, дарахт ва бута барглари билан озиқланади. Йил давомида озиқа ва сув излаб деярли узоқ масофага кўчиб юради. Ноябрь-декабрьда жуфтлашади. (1-2) жайрончалар Апрель-май ойларида урғочиси 1-2 та болалайди. Дастлабки кунларда жайрончалар ўсимликлар орасига беркиниб олади, лекин тез орада югура бошлайди ва онасининг кетидан эргашиб юради. Илгари жайронлар катта-катта пода бўлиб яшаган, ҳозир эса жуфт-жуфт бўлиб ёки унча катта бўлмаган гуруҳга тўпланиб юради. Сони. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 5-6 мингта яқин жайронлар мавжуд. Ўтмишда кўп сонли бўлган. Нурота тоғ тизмасида бутунлай қирилиб кетган, фақат якка сонлари Навоий вилоятининг Нурота ва Конимех туманларига Марказий ва Жануби-Ғарбий Қизилқумдан киради. Камайиб кетишининг асосий сабаблари – ноқоқнуний овлаш ва ерларни ўзлаштириш. Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:D) - заиф, камайиб кетаёган, мозаикали тарқалган тур тоифасида киритилган. Халқаро Қизил Китобга киритилган. Овлаш таъқиқланган. |