Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata

Бўғма илонлар оиласи - Boidae

Қум бўғма илони Eryx miliaris (Pallas, 1773)

          

Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган илон. Танаси узунлиги 60-65 см гача, думи калта ва тўмтоқ, 5-6 см ли. Боши бўйнидан чеграланмаган. Тумшуғи юқоридан бир оз қайрилган. Кўзи юқорига қараб қаратилган (шарқ бўғма илонининг кўзи бошининг ёнида жойлашган, шуниси билан фарқли). Юқори томони сарғиш-қўнғир ёки оч жигар ранг, елкаси бўйлаб қўнғир доғлар кўшилиб тўлқинсимон йўлга айланади. Олд томонида бу доғлар қора ранг билан чеграланган. Қорни ва ён томони оч, тўқ рангли ҳол ва доғлар мавжуд. Ареалининг ғарбий томонида қора вакиллари учрайди.

Тарқалиши. Жанубий Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, Шарқий Кавказолди, Қалмиғистоннинг қумли чўллари.

Ҳаёт тарзи. Асосан қумли чўллар, мустаҳкамланмаган баланд-паст қумликларда яшайди. Айримларида соз тупроқли чўлларда, тақирлар, жарлар атрофида, суғориладиган ерлар, тоғолди дарё воҳаларида учратиш мумкин. Қумга тезлик билан кириб, унинг тагида ҳаракатланиши мумкин (“сузиши”). Кемирувчилар инларинда беркиниб ётади, шунинг учун қумсичқон колониясида инлайди. Апрелдан октябргача фаол. Йил давомида иссиқ вақтида тунги ва қуёш ботар ҳаёт кечиради. Калтакесаклар, кемирувчилар ва майда қушлар билан озикланади. Йирик ўлжани ўраб олиб, нафасини сиқади, майдасини эса кўпинча ютиб ейди. Июнь-июль ойларида урғочи 4-10 та 12-14 см.ли  илончалар туғади. Заҳарсиз ва инсон учун хавф туғдирмайди. Илоннинг гўшти Ўрта Осиё халқ табобатида шифобахш ҳисобланади. Шунинг учун маҳаллий аҳоли бу илонларни тутади. Шу туфайли бўғма илоннинг сони кескин камайди.

Сони. Сони кам. Фориш туманида бўғма илонни сони тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ.

Шарқ бўғма илони Eryx tataricus (Lichtenstein, 1823)

          

Ташқи кўриниши. Ўртача катталиги илон. Энг йирик бўғма илоннинг узунлиги 80-90 см га етади. Боши бўйнидан чеграланмаган, танаси йўғон, думи калта ва тўмтоқ, 6-7 см ли. Тангачалари майда. Кўзи бошининг ён томонларида жойлашган. Заҳарли эмас, одамга зарар етказмайди. Юқори томони сарғиш-қўнғир, жигарранг, қора ёки қўнғир доғлар билан. Қорни оч, майда доғлар билан қопланган.

Тарқалиши. Қозоғистон, Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Ғарбий Покистон, Шимолий-Ғарбий Ҳиндистон, Ғарбий Ҳитой, Жанубий Муғулистон. Ўзбекистоннинг жанубий ва шарқий туманларида тарқалган.

Ҳаёт тарзи. Соз тупроқли чўлларда, тоғлар этагида, тўқайларда, воҳалар чеккасида, ўрмонзорларда яшайди. Нурота тоғ тизмасида д.с.б. 1500 м гача баландликда учрайди. Кемирувчилар ва тошбақалар инига яшириниб олади. Дарахт ва буталарга ўрмалаб чиқади. Тухуми урғочиси танасида ривожланади, июл-августда 10-21 та гача бола тирик тугади. Калтакесаклар, кемирувчилар, майда қушлар ва унинг тухуми билан озиқланади. Март-апрелдан октябргача фаол. Ёзда тунги ва қуёш ботар ҳаёт кечиради.

Сони. Маҳаллий аҳоли тутиш туфайли сони кескин камайди. Фориш туманида бўғма илонни сони тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ.

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие