Қушлар: Ғозсимонлар туркуми - Anseriformes |
Ўрдаклар оиласи - Anatidae |
Ёввойи ўрдак – Anas platyrhynchos (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Кенг тарқалган ва энг таниқли ўрдак тури. У хонаки ўрдакдан бир оз кичикроқ, оғирлиги 850-1400 г га, қанотларини ёзгандаги кенглиги 81-98 см га етади. Қишда ва баҳорда, «турмуш либосда» бўлиб, эркаги очиқ ранг-баранг тусда, унинг ташқи кўриниши кўзга ташланади. Урғочиси кам сезилдиган сариқ-қўнғир чипор тусда. Ёзда эркагининг ва урғочисининг ранги бир хил бўлади. Ёввойи ўрдакнинг қанотида ёрқин кўк “ойнача” бор. Тарқалиши. Евросиё, Шимолий Америка ва Австралияда кенг тарқалган. Ўзбекистонда кўп сонда уялашда, учиб ўтиш даврида ва қишловда учрайди. Ўзбекистонда Орол денгининг қирғоғида, Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёларнинг сув ҳавзаларида, Айдаркўл, Тузкон ва Арнасой кўлларида уялайди. Учиб ўтиш даврида Республикамиздаги сув ҳавзаларида деярли ҳамма жойда учрайди. Кузда кўпчилик ёввойи ўрдаклар жанубга учиб кетади, баъзилари ўлкамизда қишлаб қолади. Ҳаёт тарзи. Экологик пластик қуш, турли хил сув-ботқоқлик яшаш шароитига мослашади. Секин оқар дарёларда ва каналларда, чучук ёки шўр кўлларда, сув омборларида, ҳавзаларида, денгиз қирғоқларида яшайди. Қирғоқда сувдан узоқ бўлмаган жойга ёки қамишзорларга уя қуради. Унга қуруқ ўт ва пар тўшайди. 8-12 та (баъзан 19 та гача) тухум қўяди. Фақат урғочиси тухумини босади ва болалари боқади. Эркаги насл тарбиясида иштирок этмайди. 26 кунда тухумдан жўжалари чиқади, улар биринчи кундан бошлаб яхши сузади ва шўнғийди. Икки ойлигидан ёш ўрдаклар уча бошлайди. Ёввойи ўрдак сувўтлар ва бошқа ўсимликлар, турли сув умуртқасизлар, итбалиқлар, балиқларнинг чавоқлари ва увилдириқ билан озиқланади. Ғалла экинзорларида тўкилган-сочилган донни чўқилаб ейди. Баҳорги учиб ўтиш февраль-мартда, кузги учиб ўтиш август-ноябрьда бўлади. Сони. Типик учадиган, уялайдиган ва қишлайдиган тур. Ўзбекистонда 1980-йй охири – 1990-йй. бошларида 400 минггача ёввойи ўрдаклар учиб ўтиш даврида ва 60 минггача қишловда кузатилган. Арнасойда ёввойи ўрдаклар 1 км2 4 та жуфт уялайдиган. Нурота тоғлар тизимида учиб ўтиш ва қишлов даврида кам ҳолларда бир неча ўнтадан иборат тўдани кузатиш мумкин, улар айрим ҳолларда дам олиш учун ва озиқланиш учун сойларда ва Сентобкўлда тўхтайди. Сентобкўлда кам сонда уялайди. Хўжалик аҳамияти. Бу ўрдак овлашда катта аҳамиятга эга. Баъзи хонаки ўрдакларнинг турлари ёввойи ўрдакдан келиб чиққан. |
Чуррак – Anas crecca (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Кичик ўрдак. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 58-64 см га, умумий узунлиги 34-38 см га, оғирлиги 200-450 г га етади. Эркагининг боши жигарранг, бошининг ён томонида оқ ҳошияли тўқ-яшил йўл ўтади. Кўкраги пушти рангда, танасининг усти ва ён томонлари кулранг, қорни оқ бўлади. Урғочиси кам сезилдиган сариқ-қўнғир чипор тусда. Қанотининг устки томонида яшил-қора «ойначаси» бор. Бир ёшгача бўлган ёш чурраклар ранги билан урғочисига ўхшайди. Учиши тез ва устаомон. Эркаги хуштак ва «гэ-гэ-гэ» овози чиқаради. Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Американинг мўътадил иқлим зонасида кенг тарқалган. Ўзбекистонда уя қурмайди, лекин учиб ўтиш даврида ва қишловда деярли барча текисликдаги сув ҳавзаларида кўплаб учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Турли сув ҳавзаларида яшайди, лекин ўта шўр кўлларда учрамайди. Кўпинча катта бўлмаган, саёз ва ўсимликлар босган сув ҳавзалари танлайди. Сувўтлар ва майда сув умуртқасизлари билан озиқланади. Сони. Ўзбекистонда энг кўп сонли учиб ўтадиган ва қишлайдиган ўрдаклар бири. Республика бўйича умумий учиб ўтадиган ўрдакларнинг баҳорда 50%, кузда 40% ташкил қилади. Айдар-Арнасой кўллар тизимида одатий бўлади. Нурота тоғлар тизимида учиб ўтиш ва қишлов даврида кам ҳолларда бир неча ўнтадан иборат тўдани кузатиш мумкин, улар айрим ҳолларда дам олиш учун ва озиқланиш учун сойларда ва Сентобкўлда тўхтайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Қўнғир ўрдак – Anas strepera (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги ўрдак, ёввойи ўрдакдан бир оз кичик бўлади. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 78-90 см га, умумий узунлиги 45-56 см га, оғирлиги 850-950 г га етади. Баҳорда, «турмуш либосда» бўлиб, эркаги кулранг тусда, қанотларининг устки томони жигарранг, «ойначаси» оқ, думи қора, тумшуғи кулранг бўлади. Урғочиси сариқ-қўнғир чипор тусда. Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Американинг мўътадил иқлим зонасида кенг тарқалган. Ўзбекистонда Амударё этакларида ва дельтасида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида ва Фарғона водийсида уялайди, учиб ўтиш даврида ва қишловда деярли барча текисликларидаги сув ҳавзаларида учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш, бошқа ўрдак турларига ўхшаш ҳаёт кечиради. Очиқ текислик ландшафтларда жойлашган катта, саёз ва ўсимликлар босган сув ҳавзалари танлайди. Уясини қирғоқларда ёки оролларда қуради. 4-12 та бола очади. Сув ўсимликлар, ҳашаротлар ва майда сув умуртқасизлари билан озиқланади. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида уялашда сони кам, учиб ўтиш даврида ва қишда сони нисбатан кўп бўлади. 1997-2007 йилларда Айдаркўлнинг шимолий қисмида қишловда 350 тадан 2800 тагача қўнғир ўрдаклар учраган. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Олақанот – Anas penelope (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги ўрдак, боши ва тумшуғи нисбатан кичик бўлади. Умумий узунлиги 45-51 см га етади. Эркакларининг умумий туси оч кулранг, қорни оқ, думи қора, боши малла рангда, тумшуғидан бошининг тепасигача очиқ тусли йўл ўтади. Қанотларининг устки томонида яшил «ойначаси» бор. Урғочиси қўнғир-кулранг чипор тусда, қорни оқ, қанотларида бинафшаранг «ойначаси» бор. Эркаги «свииуу» деб овоз чиқаради. Тарқалиши. Евросиёнинг мўътадил иқлим зонасида кенг тарқалган. Ғарбий Европадан Узоқ Шарқгача ва ўрмон-тундралардан Қозоғистон ва Мўғулистоннинг даштларгача уялашда учрайди. Ўзбекистонда уя қурмайди, фақат учиб ўтиш даврида ва қишловда сув ҳавзаларида учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Қамиш ва бошқа ўсимликлар босган дарё ва кўлларда уялайди. Уя қурадиган жойларга апрелда учиб келади. Қирғоқнинг сувга яқин жойига уя қуради. Учиб ўтиш даврида ва қишловда чучук сув ҳавзаларининг саёз ва ўсимликлар босган жойлар танлайди, очик ва чуқур жойларда учрамайди. Сув ўсимликлар, уруғлар, тўкилган дон, итбалиқ, ҳашаротлар, чувалчанглар ва майда сув умуртқасизлари билан озиқланади. Қишловда кўпинча далаларда ўтлайди. Баҳорги учиб ўтиши февраль-март, кузги учиб ўтиши сентябрь-октябрьда бўлади. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида учиб ўтиш даврида ва қишда одатда, лекин кам сонда учрайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Суқсур – Anas acuta (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик ўрдак, унинг думи ингичка ва узун, қанотлари энсиз, бўйни узун бўлади. Эркакларининг умумий туси кулранг кулранг, бўйни ва қорни оқ, думи қора, боши жигар рангда, тумшуғи ва оёқлари кулранг бўлади. Қанотларининг устки томонида яшил «ойначаси» бор. Урғочиси қўнғир-кулранг чипор тусда. Тарқалиши. Евросиёда тундра зонасидан Қозоғистоннинг даштларгача уялашда учрайди. Ўзбекистонда уя қурмайди, фақат учиб ўтиш даврида ва қишловда учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Очиқ ландшафтларда жойлашган дарё ва кўлларда, шунингдек нам ўтлоқларда уялайди. Уя қурадиган жойларга апрелда учиб келади. Қирғоқда ўтлар орасига уя қуради. 6-10 та бола очади. Учиб ўтиш даврида ва қишловда катта сув ҳавзаларининг очик ва саёз жойлар ёки шоли далалар танлайди, қалин ўсимликлар босган ва чуқур жойларда учрамайди. Асосан, сув ўсимликлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиши февраль-март, кузги учиб ўтиши сентябрь-октябрьда бўлади. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида учиб ўтиш даврида сони нисбатан кўп бўлади, қишда кам сонда учрайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Суқсун – Anas clypeata (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги ўрдак. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 73-82 см га, умумий узунлиги 44-52 см га, оғирлиги 470-1000 г га етади. Тумшуғи катта ва унинг учи кенг ва ясси бўлиши билан бошқа ўрдаклардан фарқ қилади. Баҳорда, «турмуш либосда» бўлиб, эркаги очиқ ранг-баранг тусда, унинг ташқи кўриниши кўзга ташланади. Боши ва бўйни қора бўлиб, яшил рангда товланади. Қанотларининг устки томони кўкимтир-кулранг, унинг учи жигарранг, «ойначаси» ёрқин яшил рангда бўлади. Кўкраги оқ, қорни ва танасининг ён томонлари қизил, тумшуғи қора, кўзлари сариқ. Урғочиси кам сезилдиган сариқ-қўнғир чипор тусда, қанотларининг устки томонида яшил «ойначаси» бор. Ёзда эркагининг ва урғочисининг ранги бир хил бўлади. Тарқалиши. Евросиё, Шимолий Африка ва Шимолий Америкада кенг тарқалган. Ўзбекистонда текисликларидаги сув ҳавзаларида уялайди, учиб ўтади ва қишлайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Тундра, ўрмон, ўрмон-дашт, дашт ва ярим чўл зоналарда саёз очиқ сув ҳавзаларида уялайди. Бўйида қалин ўрмон ва чакалакзор босган кўлларда яшамайди. Қирғоқнинг қуруқ ва сувга яқин жойига ёки оролларга сийрак ўсимликлар орасига уя қуради, остига қуруқ ўт ва пат тўшайди. 7-13 та тухум қўяди ва 23-25 кун босиб ётади. Жўжаларни фақат онаси боқади. Ёшлар 40-45-кунлик бўлганда уча бошлайди. Майда сув умуртқасизлар, уруғлар билан озиқланади, улар ясси тумшуғи билан сув юзасидан сизиб ўтказиб ушлаб олади. Ўзбекистонда баҳорги учиб келиш феврал-март, кузги учиб кетиш сентябрь-октябрьга тўғри келади. Учиб ўтиш ва қишловда кўпинча текисликдаги очиқ саёз шўр кўлларда учрайди. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида уялашда ва қишловда сони кам, учиб ўтиш даврида сони нисбатан кўп бўлади. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Катта чуррак – Anas querquedula (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Кичик ўрдак, чурракдан бир оз каттароқ бўлади. Умумий узунлиги 40 см га етади. Эркагининг боши жигарранг, бошининг ён томонида кенг оқ йўл ўтади. Танасининг устки қисми ва кўкраги тиниқ нақшли қўнғир рангда, қорни оқ бўлади. Урғочиси оч қўнғир чипор тусда. Қанотлари кўкимтир-кулранг, «ойначаси» яшил, тумшуғи қора. Тарқалиши. Евросиёнинг мўътадил иқлим зонасида кенг тарқалган. Ўзбекистонда уя қурмайди, учиб ўтиш даврида барча сув ҳавзаларида учрайди, Республиканинг жанубий районларда қишловда ҳам кўзатилади. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Уя қурадиган жойларга апрелда учиб келади. Уялаш учун катта бўлмаган, саёз ва ўсимликлар босган сув ҳавзалар ва ботқоқликлар танлайди. Қирғоқда бутазор ёки қалин ўтлар орасига ерга уя қуради. 7-10 та бола очади. Учиб ўтиш даврида ва қишловда катта бўлмаган саёз сув ҳавзаларда, қамиш босган каналларда ёки шоли далаларда учрайди. Асосан, сув ўсимликлар ва сув умуртқасизлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиши февраль-март, кузги учиб ўтиши август-сентябрьда бўлади. Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида учиб ўтиш даврида одатий ҳолда учрайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
Олмабош – Netta rufina (Pallas, 1773) |
Ташқи кўриниши. Йирик ва чиройли ўрдаклардан бири. Умумий узунлиги 53-57 см, оғирлиги 1-1,5 кг га етади. Эркакларининг малла ранг боши катта, тумшуғи қизил ва кўкраги қора бўлади. Учаётганида танасининг очиқ рангли ён томонлари ва қанотлари аниқ кўринади. Урғочиси қўнғир тусда бўлади. Тарқалиши. Жанубий Европа, Шарқий Европанинг жануби, Жанубий, Ўрта ва Марказий Осиё, Қозоғистонда тарқалган. Ўзбекистонда текисликларидаги сув ҳавзаларида уялайди, учиб ўтади ва қишлайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган сувда сузувчи қуш. Асосан сувўтлар билан озиқланади. Уялаш учун қалин қамишзор босган катта текислик сув ҳавзалари танлайди. Қағ-қағлаши ва жуфтлашиши апрель ойида бошланади. Кўл ўртасида ётиб қолган қамишларга уя қуради. 10-12 тагача тухум қўяди. Лекин жўжалари кўплаб йиртқичларнинг ўлжани бўлади. Сони. Ўзбекистонда ва Айдар-Арнасой кўллар тизимида энг кўп сонли учадиган, уялайдиган ва қишлайдиган ўрдаклардан бири. Республикамиз ҳудудида учиб ўтиш даврида 450 мингтагача олмабош учрайди ва 160-170 мингта қишлайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. |
|
|
|
|
|
|