Қушлар: Ғозсимонлар туркуми - Anseriformes |
Ўрдаклар оиласи - Anatidae |
Қизил томоқ казарка – Rufibrenta ruficollis (Pallas, 1769) |
Ташқи кўриниши. Жуда чиройли катта бўлмаган ғоз. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 116-135 см, оғирлиги 1-1,7 кг гача етади. Унинг кўзга ташланадиган қизил-оқ-қора туси бошқа ғозлардан фарқ қилади. Кўкраги, бўйни ва яноқлари қизил-жигар ранг кенг оқ хошияли. Бошининг ён томонида тумшуғи ва кўзи орасида ҳар томонда овалсимон оқ доғи бор. Пешонаси, бошининг ва бўйнинг орқа томони, қанотлари, тумшуғи ва оёғи қора. Танаси ва думи оқ-қора. Тумшуғи катта эмас, бўйни нисбатан калта. Ёш қушлар катталарга ўхшайди, лекин ранги хирароқ. Тарқалиши. Сибирнинг шимолий қисмида уялайди. Каспий ва Қора денгизлар қирғоқларида, Ўрта Осиё, Эрон ва Ироқда қишлайди. Ўзбекистон ҳудудида Қорақир, Денгизкўл, Айдаркўл, Тузкон кўлларда, шунингдек Чордара сув омборида қишлайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Тундра ва ўрмон-тундраларда кичик колониялар бўлиб, сув атрофидаги бутазорларда уялайди. Сув ўсимликлари, яшил новдалар ва майсаларнинг илдизи ва тугунаклари ейди, қишда ғалла далаларида озиқланади. Миграция даврида бетўхтов ва дам олишсиз жуда узоқ масофага учиши қобилиятига эга. Учиб ўтиш ва қишловда қалин қирғоқолди чакалакзорли йирик чучук ва шўр сув ҳавзаларида тўхташни хуш кўради. Кўпинча ғозлар ва қизил ўрдаклар билан биргаликда тўда ҳосил қилади. Баҳорги учиб ўтиш февраль-мартда, кузги учиб ўтиш ноябрьда бўлади. Сони. Табиий доимо кам сонли ноёб тур. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишловда бир неча ўнликдан сони ошмайди. Айдар-Арнасой кўллар тизимида 2002-2005 йилларда 12-20 тагача қуш кузатилган. Ҳолати. Ўзбекистонда энг ноёб учиб ўтадиган ва қишлайдиган қушлардан бири. Миллий ва халқаро қонунчилик билан муҳофазаланди. Халқаро Қизил Китобга VU тоифада – заиф тур, Ўзбекистоннинг Қизил Китобига 2 тоифада (VU:R) - заиф, табиий ноёб учиб ўтадиган қуш. Шунингдек Россия ва Қозоғистоннинг Қизил Китобларига киритилган. Овлаш таъқиқланган. |
Кўк ғоз (кулранг ғоз, ёввойи ғоз) – Anser anser (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик ғоз, хонаки ғоздан бир оз кичикроқ. Оғирлиги 2,1-4,5 (6 гача) кг, умумий узунлиги 75-90 см, эркаклар қаноти узунлиги 43,5-51,3 см, урғочиларники - 39,5-47 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 147-180 см. Ранги кулранг, дала ғози ва оқ пешонали ғозга нисбатан очроқ. Боши ва бўйни танасидан оч эмас, бели кулранг, тумшуғи ва оёқлари пушти ранг. Қоплайдиган патлари кумуш-кулранг, шунинг учун учаётганда қанотининг олд қисми оч бўлиб кўринади (бу белги билан дала ғози ва оқ пешонали ғоздан кескин фарқ қилади, узоқ масофада ҳам кўзга ташланади). Катта ёшдаги қушлар қанотида ва ёнида оч йўллар патларнинг четлари хошиясидан ҳосил бўлади, қорнида эса майда қўнғир ола-була доғлар учаётганда кўзга ташланмайди. Ёш қушлар бир хил ранглар билан фарқланади, қорни катталарникидан тўқроқ, ола-була доғларсиз. Катталарнинг “либоси” умрининг 4-йилида ҳосил бўлади. Овози хонаки ғозларнинг ғақиллатишига ўхшайди. Учаётганда бўйни олдинга қараб чўзилган. Тўда турнақатор ёки учбурчак шаклида учади. Тарқалиши. Евросиёда кенг тарқалган (Ғарбий Европадан Узоқ Шарқгача). Кулранг ғознинг уялаш ҳудуди шимолга 55-59° шимолий кенгликгача, айрим жойларда эса – қутб доирасигача, жанубда - Испания, Кавказолди, Ўрта Осиё, Эрон ва Монголиягача. Ўзбекистонда – уялайдиган, учиб ўтадиган ва қишлайдиган типик вакил. Оролбўйи, Айдар-Арнасой кўллар тизимида, Судочье кўлида, Денгизкўл, Қорақир кўлида, Бухоро вилоятининг ташландиқ сув ҳавзаларида уялайди. Кўп сонда Айдар-Арнасой ва Ўзбекистон жанубий қисмининг сув ҳавзаларида қишлайди. Нурота тоғлар тизимида учиб ўтишда, айрим вақтларда қишда кузатилади. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Уялаш учун қалин қамишзорли кўлларни хуш кўради. Қуруқликда ва сувда озиқланади. Ғалла новдалари, эфемерлар ва эфемероидлар новдалар ва уруғлар, сув ўсимликлар ва бошқа ўсимликлар билан озиқланади. Жуда эҳтиёткор. Кулранг ғоз вояга 2-3-ёшда киришади, жуфтликлар доимий, ҳаётининг охиригача бўлади. Уялари қирғоқолди чакалакзорда жойлаштиради, қамиш новдаларидан иборат баланд тўп, пат ва пардан тарнов ясалган. Апрель-майда урғочи 4-7 та (8гача) сарғиш тухум қўяди, хонаки ғознинг тухумига ўхшаб кетади; тухум босиш даврида жигар ранг доғлар пайдо бўлади. Тухум катталиги 85х58 мм. Тухумни асосан урғочи босиб ўтиради, эркаги эса уя ва ҳудудини муҳофаза қилади. Тухум босиш 28 кун давом этади. Полапонлар қорнида сариқ рангли, танасининг усти эса яшилроқ калта пар қоплаган бўлади. Баҳорги учиб келиш февраль охиридан апрельгача, кузги учиб кетиш октябрь охиридан-ноябрьга тўғри келади. Ғозлар ўнтадан ва ундан катта тўда бўлиб учиб юради. Сони. Типик учадиган, уялайдиган ва қишлайдиган тур. Ўзбекистонда 1980-йй охири – 1990-йй. бошларида 3 дан 7 минггача кулранг ғозлар учиб ўтиш даврида ва 2 минггача қишловда кузатилган. Бугунги кунга келиб кулранг ғознинг сони сезиларли даражада кўпайди. 1993-2003 йй. Ўзбекистонда 13 дан 68 минггача кулранг ғозлар (йилдан йилга қишлайдиган қушларнинг сони ўзгариб туради), шунингдек Жиззах вилоятида 1000 га яқин қушлар (1999 ййлда -10000), Навоий вилоятида – 1800 та дан 6600 та гача сони кузатилган. 2002-2007 йилларда Айдаркўлнинг шимолий қисмида кулранг ғозлар 800 та дан 6100 та гача қишлаган. Нурота тоғлар тизимида учиб ўтиш ва қишлов даврида кам ҳолларда бир неча ўнтадан иборат тўдани кузатиш мумкин, улар айрим ҳолларда дам олиш учун ва озиқланиш учун нишабли қияликларида ва Сентобкўлнинга атрофидаги ясси жойда тўхтайди. Хўжалик аҳамияти. Ов объекти. Расмий маълумотларга қараганада Ўзбекистоннинг ҳудудида 1993-2003 йй. 552 дан 6 минггача, йил давомида ўртача 1200 сони, Жиззах вилоятида йил давомида 20 дан 50 гача, Навоийда – 10 дан 287 гача кул ранг ғозлар овланарди. Ноқонуний ов тўғрисида маълумотлар йўқ. |
Оқ пешонали ғоз – Anser albifrons (Scopoli, 1769) |
Ташқи кўриниши. Кулранг ғозга ўхшайди, лекин бироз кичикроқ (қанотларини ёзгандаги кенглиги 130-165 см, оғирлиги 2-3 кг). Ранги кулранг-қўнғир, думи ости оқ. Кўкраги ва қорнида қора кўндаланг йўллар ва доғлар мавжуд, ўсиши билан улар катталашади, оёғи оловранг, тумшуғи пушти ранг, пешонасида оқ доғи мавжуд. Ёшларида патлар ранги бир хил, доғсиз, тумшуғи қора, пешонасида оқ доғи йўқ. Овози - кулгини эслатадиган жарангли ғақиллатишга ўхшайди. Тарқалиши. Евросиё ва шимолий Американинг тундра қисмларида уялайди, шунингдек Гренландия ва бошқа арктик оролларда учрайди. Шимолий Европа ғозлари Ўртаер, Қора ва Каспий денгизларда қишлайди. Шимолий Сибир ғозлари эса қишловга Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Хитой, Корея ва Японига учиб кетади. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида (Орол денгизи соҳиллари, Амударё этаклари, Сирдарё, Зарафшон ва Айдар-Арнасой кўллар тизимида) кузатилади. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш, бошқа ғоз турларига ўхшаш ҳаёт кечиради. Жуфтликлари доимий, ҳаёти охиригача бирга бўлади. Учиб ўтиш даврида кенг ва қалин қамишли ва бошқа сув ўсимликлари билан қопланган кўлларни хуш кўради. Ўсимликлар билан озиқланади. Учиб ўтиш даврида ва қишловда кўпинча далаларда ғалла новдалари билан озиқланади. Сони. Ўзбекистонда кам сонли, кичик тўда ёки якка-якка бўлиб учрайди. Хўжалик аҳамияти. Кам сонли ов объекти. |
Чинқироқ ғоз (қорағоз) – Anser erythropus (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Ранги билан оқ пешонали ғозга ўхшайди: патлари кулранг-қўнғир, думи ости оқ, катталарида кўкрагида ва қорни кўндаланг қора доғлар мавжуд, пешонасида оқ доғи, тумшуғи пушти, оёғи оловранг. Оқ пешонали ғоздан кичиклиги билан фарқланади (қанотларини ёзгандаги кенглиги 120-135 см, оғирлиги 1,6-2,5 кг), калта тумшуқли, кўзи атрофида сариқ айланали ва бошидаги оқ доғи йирик, боши тепасигача етади. Тарқалиши. Евросиёнинг шимолий ҳудудларида уялайди. Болқон ярим ороллари, Қора ва Каспий денгизлари атрофида, Ўрта Осиё ва Ҳитойда қишлайди. Ўзбекистонда учиб ўтиш ва қишлов даврларида жанубий Оролбўйи, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Қорақир кўли, Денгизкўл, Судочье кўли, Амударё ва Сирдарё, Чордара ва Сурхон сув омборида кузатилади. Ҳаёт тарзи. Тундра ва ўрмон тундра, йирик дарёлар воҳаларида, кўллар оролларида уялайди, тоғли ва тепаликли ландшафтларни хуш кўради. Уясини қирғоқолди бутазорларда жойлаштиради. Ўсимликлар билан озиқланади. Қишловда кўпинча ғаллали ва беда далаларида ўтлайди. Баҳорги учиб келиш февраль-апрель, кузги учиб ўтиш октябрь-ноябрь. Сони. Табиий ноёб тур, доимо кам сонда бўлган. Ўзбекистонда турли йилларда учиб ўтиш ва қишловда 200 тадан 2000 тагача сони учрайди. Овлаш, яшаш жойларини қирилиши, сув ҳавзаларини кимёвий ўғитлар ва пестицидлар билан ифлосланиши туфайли сони камайиб бормоқда. Ҳолати. Ноёб, муҳофазаландиган учиб ўтадиган ва қишлайдиган тур. VU – заиф тур тоифада халқаро Қизил Китобга киритилган, 2 (VU:R) – заиф, табиий ноёб тур тоифада Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган. Шунингдек Россия ва Қозоғистон Қизил Китобларига киритилган. Овлаш таъқиқланган, лекин айримларида овчилар қора ғозни оқ пешонали ғоз деб адаштириб юборади, чунки узоқ масофада бу турни оқ пешонали ғоздан ажратиш қийин. |
Гуменник (дала ғози) – Anser fabalis (Latham, 1787) |
Ташқи кўриниши. Кул ранг ғоз катталигидаги йириқ ғоз. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 142-175 см, оғирлиги 2,5-4 кг. Кулранг ғоздан учи оловранг тумшуғи ва оловранг оёғи, тўқ қанотлари ва жуда тўқ (танасидан тўқроқ) боши ва бўйни билан фарқланади. Тарқалиши. Евросиёнинг тундра ва ўрмон тундраларида уялайди, Сибирнинг барча ўрмон ҳудудларда тарқалган. Ғарбий Европанинг атлантик сохилларида, Марказий ва Жанубий Европа, Ўрта Осиё, Ҳитой ва Японияда қишлайди. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишловда республиканинг текислик қисмидаги сув ҳавзаларида учрайди (Оролбўйи, Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Сурхандарё этаги, Айдар-Арнасой кўллар тизими ва бошқа кўл ва сув ҳавзаларида). Ҳаёт тарзи. Кулранг ғоз ҳаёт тарзига ўхшайди. Алоҳида жуфтликлар бўлиб дарё, кўл ва ботқоқликларда инлайди. Учиб ўтиш даврида сув ҳавзалари қирғоқларида, далалар ва даштларда учрайди. Кенг ва сохилбўйи қамиш ва лўхли кўлларни хуш кўради. Ўсимликлар билан озиқланади. Қишловда озиқа асосини сув ўсимликлари, эфемерларнинг яшил новдалари ва ғалланинг униб чиққан экинлари ташкил қилади. Сони. Ўзбекистонда кам сонли, кулранг ғоздан камроқ, тўдалар бўлиб учрайди. Айдар-Арнасойда учрайдиган аниқ сони тўғрисида маълумот йўқ. Хўжалик аҳамияти. Кам сонли ов объекти. |
Вишилдоқ оққуш – Cygnus olor (Gmelin, 1789) |
Ташқи кўриниш. Бизнинг ҳудудимиздаги энг йирик қушлардан бири. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 2-2,5 м. Эркаклари урғочилардан йирикроқ. Эркак оғирлиги 8-12 кг га етади, урғочи оғирлиги 5,5-6 кг. Катта ёшдаги қушлар туси оқ, тумшуғи қизил, асоси қора ўсимтали. Ёшлари қўнғир-кулранг. Сузаётганда, вишилдоқ оқ қуш кўпинча узун бўйнини «S» шаклида қайилтиради Тарқалиши. Евросиёнинг мўътадил ҳудудларида кенг тарқалган, лекин барча ерда кам сонли. Каспий, Қора ва Ўртаер денгизлари сохилларида, Ўрта Осиё, Қозоғистон, Ҳиндистон, Корея, Яқин Шарқда қишлайди. Инсон томонидан интродукция қилинган (ўз иқлим шароитида яшайдиган ҳайвонни иқлими бошқа жойга кўчирган) ва Шимолий Америка, Жанубий Африка, Австралияда муваффақиятли яшаб кетган. Ўзбекистонда Амударё дельтасида уялайди. Охирги йилларда Айдаркўлда алоҳида жуфтликлар уялашни бошлади. Республиканинг турли хил текислик сув ҳавзаларида учиб ўтиш даврида ва қишловда учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Уй-жойлардан узоқ жойлашган қамишзорли йирик чучук ва шўр кўлларда яшайди. Алоҳида жуфтликлар бўлиб уя қуради. Жуфтликлари доимий, ҳаёти охиригача ташқил қилинади. Уясини қалин сохилбўйи чакалакзор ёки оролчаларда жойлаштиради ва қуруқ қамиш ёки ўтлардан иборат бўлган катта 2-3 м диаметрли уюмни ташкил қилади. Уясининг тарнови юмшоқ қамиш ва урғочи ўз кўкраги ва қорнидан олинган пар билан тўшалган. 5-12 та тухум қўяди. Ўзбекистонда тухумни май ойида қўяди. Тухумни асосан урғочи 35 кун давомида босиб ўтиради. Эркаги ин ҳудудини муҳофаза қилади. Оққушлар ўз уясини ва полапонларини тажовузкорона муҳофаза қилади. Катта ёшдаги оққуш қанотининг кучли ҳаракатлари билан тулкини ўлдириши мумкин. Полапонлари 2-ойли бўлганда учишни бошлайди. Оққушлар бақатўн ва бошқа сув ўсимликлари, майда сув умуртқасизлари билан озиқланади. Ўзбекистонга баҳорги учиб келиш февраль-март, кузги учиб кетиш октябрьга тўғри келади. Учиб ўтиш ва қишловда жуфт ва кичик гуруҳ (12-15та) бўлиб юради. Тутқунликка осон ўрганади, кўпинча боғларда манзарали қуш бўлиб сақланади. Сони. Вишилдоқ оқ қуш бутун ареали бўйлаб жуда кам бўлади, лекин Европада охирги йилларда муҳофаза ва озиқлантириш туфайли сони ўсмоқда. Ўрта Осиёда оққушлар сони яшаш жойларини қирилиши, сув режимини ўзгариши ва ноқонуний овлаш натижасида камайиб бормоқда. Ўзбекистон ҳудудида 300-400 та жуфтлик уялайди, учиб ўтишда ва қишловда бир неча юзта оққушлар (800-900 тагача) кузатилади. Айдар-Арнасой кўллар тизимида якка уялайдиган жуфтлар (2006 йилда – 4та жуфт), қишловда бир неча ўнликдан 300-320 та қушлар кузатилган. Ҳолати. 3 (NT) – заифга яқин тур тоифада Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган. Кўпчилик мамлакатларда оққушларни ов қилиш таъқиқланган. |
Бақироқ оққуш – Cygnus cygnus (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик қуш. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 220-240 см га етади. Патлари катта ёшдаги қушларда оқ, ёшларда қўнғирроқ. Вишилдоқ оққушга ўхшайди, лекин тумшуғи сариқ, қора учли. Сузаётганда одатда бўйнини тўғри ушлайди. Тарқалиши. Евросиёнинг шимолий ҳудудларида уялайди. Ўртаер, Қора ва Каспий денгизлари сохиллари, Ғарбий ва Ўрта Осиё, Ҳитой ва Узоқ Шарқда қишлайди. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида текислик сув ҳавзаларида учрайди. Сурхон сув омборида, Бухоро вилояти кўлларида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида қишлайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Алоҳида жуфтлик бўлиб уй-жойдан узоқда жойлашган ўсиб кетган кўлларда уялайди. Тундрадан ўрмон-даштларгача учрайди. Учиб ўтиш ва қишлов даврида яхши ривожланган ўсимликларли йирик чучук ва шўр сув ҳавзаларини хуш кўради. Сув ўсимликлар ва умуртқасизлари билан озиқланади. Ўзбекистонда баҳорги учиб келиш феврал-апрель, кузги учиб кетиш октябрь-ноябрьга тўғри келади. Учиб ўтиш ва қишловда жуфтлик ва кичик гуруҳ бўлиб (10-12 та) юради. Сони. Табиий ҳолда ноёб тур, доимо кам сонли. Охирги ўн йилликларда унинг сони яшаш жойларини қирилиши ва ноқонуний овлаш туфайли янада камайди. Ўзбекистон ҳудудида 100-120 та қишлайди, шу қаторда 14-15 та Айдар-Арнасой кўллар тизимида кузатилган. Ҳолати. 2 (VU:R) - заиф, табиий ноёб учиб ўтувчи қуш тоифада Ўзбекистон Қизил Китобига киритилган. Овлаш таъқиқланган. |
Анғирт (қизил ўрдак, атайка) – Tadorna ferruginea (Pallas, 1764) |
Ташқи кўриниши. Йирик ва чиройли ўрдаклардан бири. Ранги оловранг жуда кўзга ташланади, боши оқиш, қанотлари оқ-қора. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 110-135 см, оғирлиги 1-1,6 кг га етади. Эркак ва урғочилари ранги бир хил, лекин эркакларида жуфтлашиш даврида энсиз қора бўйинтириғи кўринади. Тарқалиши. Евросиёнинг дашт ва чўл зоналарда уялайди. Болгариядан шарққа Байкал бўйи, Маньчжурия, Ҳимолой тоғларгача ва Ўртаер денгизигача тарқалган. Ўрта ва Жанубий Осиёда ва Каспий денгизининг жанубий сохилбўйида қишлайди. Ажралган уялайдиган популяцияси шунингдек Шимоли-ғарбий Африка ва Эфиопияда мавжуд. Ўзбекистонда (фақат Фарғона водийсидан ташқари) барча текисликларда ва айрим тоғли кўлларда уялайди. Ўзбекистоннинг марказий ва жанубий туманларида, Сирдарё, Амударё, Сурхандарё, Зарафшон, Айдар-Арнасой кўллар тизимида қишлайди. Учиб ўтиш даврида Ўзбекистоннинг барча жойларда учрайди. Ҳаёт тарзи. Учиб ўтадиган қуш. Саёз, ўсимликсиз чучук ва шўр текислик сув ҳавзалари, шунингдек денгиз сатҳининг 2500-3000 м баландликдаги тоғли кўлларда яшайди. Алоҳида жуфтлик бўлиб уялайди, учиб ўтиш даврида ва қишловда кичик тўдалар 50та қушлар бўлиб юради. Жуфтлари бир неча йилларга ташкил қилинади. Қизил ўрдак уясини тулки ва бошқа ҳайвонларнинг эски инларида, ташландиқ қурилмалар, тупроқли жарликлар, қоялар, дарахт коваклари, айрим вақтларда сув ҳавзасидан бир неча километр масофада жойлаштиради. 5-12 ўрдакча чиқаради. Урғочи тухум босади, эркаги эса уясини муҳофазалайди. Уяси атрофида қизил ўрдак жуда тажовузкор, шунинг учун улар баъзида тулки яшайдиган инларда муваффақиятли насл чиқаради. Тухумдан чиқиши билан ота-оналар полапонлар сув ҳавзасига олиб боради, бунда кўп полапонлар йиртқичлар ўлжасига айланади ёки йўқолиб қолади. Икки ойли ёшда ёшлари учишни бошлайди. Ўсимлик ва сув умуртқасизлари билан озиқланади. Озиқани ҳам сувда, ҳам қуруқликда излайди. Учиб ўтиш ва қишловда баъзида далаларда ўтлайди. Кузги миграция сентябрь-ноябрь, баҳорги - февраль-апрельга тўғри келади. Сони. Ўзбекистонда бугунги кунга келиб бу тур учиб ўтиш ва қишловда кам сонли. Сони яшаш жойлари хўжалик ўзлаштириш, ҳаддан зиёд кўллар сохили бўйлаб молларни ўтлатиш, инлаш даврида ноқонуний овлаш туфайли камайиб бормоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизимида турли хил йилларда бир неча ўнликдан 15000 та Қизил ўрдак учрайди. Хўжалик аҳамияти. Кам сонли ов объекти. |
Суралай ғоз – Tadorna tadorna (Linnaeus, 1758) |
Ташқи кўриниши. Йирик, кўзга ташланадиган ўрдак. Боши ва бўйнинг юқори қисми қора, пастки қисми оқ, кўкрагида оловранг бўйинтириқ, танаси ва қаноти оқ-қора. Тумшуғи ва оёқлари қизил. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 110-135 см, оғирлиги 1-1,6 кг га етади. Эркаклари ва урғочилари ранги бир ҳил, лекин урғочилари бир оз оқишроқ. Эркагида жуфтлашиш даврида тумшуғи асосида катта ўсимта бўлади. Тарқалиши. Евросиёнинг дашт ва чўли қисмларида уялашда тарқалган, шунингдек Ғарбий Европанинг атлантик ва болтиқ бўйи соҳилларида учрайди. Ўзбекистонда Орол бўйи, Амударё, Қашқадарё, Зарафшон воҳаларида, Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида, Туркистон тоғ тизмаси этагида, Мирзачўлда, Фағона водийсида уялайди. Айдар-Арнасой кўллар тизими ва Чордара сув омборида, Зарафшоннинг қуйи ва ўрта оқимида, Сирдарё ва Қашқадарёда қишлайди. Учиб ўтиш даврида Ўзбекистоннинг барча текислик ва тоғ этаклари ерларида учрайди. Ҳаёт тарзи. Ареалининг катта қисмида учиб ўтувчи қуш, Ғарбий Европа айрим ҳудудларда (масалан, Британ оролларида) ўтроқ ҳаёт кечиради. Қизил ўрдакнинг ҳаёт тарзига ўхшайди. Ўрта Осиёда очиқ ладшафтда жойлашган чучук ва шўр сув ҳавзалари соҳилларида, Ғарбий Европада – қумли ва шағалли денгиз соҳиллари ва дарё дельталарида яшайди. Алоҳида жуфтлик бўлиб уялайди, учиб ўтишда ва қишловда бир неча ўнлик тўда бўлиб юради. Уясини ҳайвонларнинг эски инларида жойлаштиради. 10 гача тухум қўяди. Ўсимлик озиқаси ва сув умуртқасизлари билан озиқланади. Сони. Ўзбекистонда бу тур уялашда, учиб ўтишда ва қишловда кам сонли. Хўжалий аҳамити. Кам сонли ов объекти. |
|
|
Литература. Кадастровый справочник охотничье-промысловых животных Узбекистана. – Ташкент: ФАН, 1992. С. 18 Красная книга Республики Узбекистан: Редкие и исчезающие виды растений и животных: (в 2-х томах): Т. 2. Животные. – Т.: Сhinor ENK, 2003 Лановенко Е.Н., Тен А. Анализ численности и добычи некоторых охотничье-промысловых птиц Узбекистана (1993-2003 г.г.) / Биоразнообразие Узбекистана – мониторинг и использование. – Ташкент, 2007. С. 231-239 Экология позвоночных животных хребта Нуратау. Сборник. – Ташкент: ФАН, 1970. С. 52 |