Сутэмизувчилар: Кемирувчилар туркуми - Rodentia |
Катта қушоёқлар оиласи - Allactagidae |
Кичик қушоёқ – Allactaga elater (Lichtenstein, 1825) |
Ташқи кўриниши. Думи ва орқа оёқлари узун кичик ҳайвонча. Танасининг узунлиги 7,5-12 см, думи узунлиги 14-19 см, оғирлиги 32-77 г га етади. Орқа товонлари узун, тана узунлигининг яримисига тенг (5 см га яқин). Боши думалоқ, тўмтоқ калта тумшуқли ва узун (6,5-8 см) сезгир мўйловли. Қулоғи катта (3-3,5 см). Танасининг усти қум ранг тусда, ноаниқ қўнғир йўл умуртқа бўйлаб ўтади. Ён томоналри ва бошининг олд қисми оч рангда. Томоғи, яноғи, кўкраги ва қорни оқ. Қулоғи орқасида оқ доғи мавжуд. Орқа оёғининг ўртасидан кенг кўндаланг оқ йўл ўтади. Думининг учи бароқ, қуш патини эслатади. Бу «байроқча» уч рангда – асоси сарғиш, ўртаси қора, учи оқ. Тарқалиши. Евросиёнинг чўл ва яримчўллари: Ўрта Осиё, Қозоғистон, Афғонистон, Эрон, Покистон, шимоли-ғарбий Ҳитой, Муғулистон, Кавказбўйи, Турциянинг шимоли-шарқи, Россиянинг Европа қисмидаги жануби-шарқида тарқалган. Ўзбекистонда республиканинг барча текислик қисмида (марказий Қизилқумдан ташқари) ва тоғ этаклари ҳудудларида учрайди. Ҳаёт тарзи. Чўл ва яримчўлнинг типик вакили. Табиий экотизимларда ва лалмикор ерларда яшайди. Енгил қумлоқ ва соз тупроқли сийрак ўсимликли жойларни хуш кўради, лекин шағалли қаттиқ тупроқли ерларда ҳам учрайди. Тақирлардан, йирик кўчма қумликлар ва қалин ўсимликли ерлардан қочади. Нурота тоғ тизмасининг шимолий томонида денгиз сатҳидан 400 м гача баландликда ва жанубий қияликларида денгиз сатҳидан 800 м гача баландликда учрайди. Кун ботганда ва тунги ҳаёт кечиради. Яшил ниҳоллар, ўсимликлар пиёзлари ва уруғлари, шунингдек ҳашаротлар билан озиқланади. Орқа оёқлари билан сакраб ҳаракатланади, кам ҳолларда қадам ташлаб юради. Қувилганда қочиш билан сақланади, кескин чап-ўнг томонларга сакраб, ҳаракат йўналишини ўзгартиради. 2 м гача узунликга сакраши мумкин. Инларда яшайди. Ёзги ин узунлиги 80-160 см, чуқурлиги 40-70 см га етади, бир неча чиқиш йўлдан иборат, жун, пар, ўсимлик пояси билан қопланган. Қишки ини деярли чуқур. Қишни уйқуда ўтказади, 2,5 дан 4-5 ойгача давом этади, об-ҳаво шароитига боғлиқ. Баҳорда февраль-мартда уйқудан туради. Уйқудан уйғониб, кўпайишга киришади. Йил давомида 2 марта, март-апрельда ва сентябрьда болалайди. Ижобий озиқа ва табиий шароитларда айрим урғочилар ёзги насл бериши мумкин. Одатда 3-6 бола туғади (9та гача). 35-40 кунлик бўлганда ёшлар мустақил яшашни бошлайди. Баҳорда туғилган қўшоёқлар кузга келиб жинсий етукликка етади ва кўпайишда иштирок этади. Табиатда 2-2,5 йил умр кўради. Сони. Типик, айрим жойларда кўп сонли тур. Кичик қўшоёқнинг сони Нурота тоғ тизмасининг этакларида 1 гектарга 0,5-0,6 та тўғри келади, Жанубий Қизилқумда 1 гектарга 2-11 дан 40 тагача сони тўғри келади. Сони турли йиллар ва иқлим шароитига кўра ўзгариб туради, қуруқ келган йилларда сони кескин камаяди. |
Северцов қушоёғи – Allactaga severzovi (Vinogradov, 1925) |
Ташқи кўриниши. Оёқлари, қулоқлари ва думи узун майда кемирувчи. Ташқи кўринишдан кичик қўшоёқга ўхшайди, лекин бироз йирикроқ. Танасининг узуниги 13,5-17,5 см, думи узунлиги 20-25,5 см, қулоғи узунлиги 5-6 см, оғирлиги 120-240 г га етади. Устки томони қизғиш-қумранг тусда, пастки томони оқ. Думи асосида орқа оёқларининг ёнида сезиларли кўндаланг оқ йўл мавжуд. Думидаги «байроғи»нинг асоси қора, учи оқ. Орқа оёқ товонлари ён томондан дағал оч сочлар билан қопланган. Тарқалиши. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг чўл ва ярим чўлларида тарқалган. Ҳаёт тарзи. Чўлларда ва қуруқ паст тоғликларда яшайди. Сийрак шувоқ ва ўтлар билан қопланган соз тупроқли ва шағалли ерлар хуш кўради. Қумли чўлларда, шўрхок ерларда, ўзлаштирилган ерларда, яланғоч тақирларда кам ҳолда учрайди. Қизилқумнинг барча жойларда тарқалган. Нурота тоғ тизмасида денгиз сатҳидан 1800 м гача баландикда, тоғ этакларида, адирларда, соз тупроқли тоғ ёнбағирларда яшайди. Қичиқ қўшоёқ ҳаётига ўхшаб кетади ва кўпинча ўз инини уни олдида жойлаштиради. Кун ботар ва тунги ҳаёт кечиради. Кечқурун инидан қуёш ботгандан кейин 15-20 дақиқадан кейин чиқади, эраталаб эса қуёш чиқишидан олдин инига беркинади. Ўсимликлар, унинг пиёзлари, тугунаклари, илдизпоялари ва уруғлари, шунингдек ҳашаротлар билан озиқланади. Бошқа қўшоёқлилар сингари, орқа оёқларида сакраб ҳаракатланади, кам ҳолларда қадам ташлайди. Қувланганда 38 км/соат тезлик ошириб югуради, лекин тез чарчайди ва пана жойга беркинади. Худди кичик қўшоёқга ўхшаб ёзги ва чуқур қишки инларга эга. Ёзги ини узунлиги 250 см гача, чуқурлиги 50 см гача етади, фақат бир чиқиш йўлдан иборат. Инига жун, пар, ўсимликлар поялари билан тўшалган. Қишки уяси қалин қуруқ ўтлар билан тўшалган ва ер остида 150 см чуқурликда жойлашган. Қишки уйқуси октябрьдан февраль охиргача давом этади. Баҳорда уйқудан уйғониб, кўпайишга киришади. Йил давомида 2 марта, март-апрельда ва сентябрьда насл беради. 2-7та бола туғади. Сони. Типик, лекин кам сонли тур. Нурота тоғ тизмасида 1 гектарга 2-4 та қўшоёқ тўғри келади. Айрим йилларда, ноқулай об-ҳаво шароитида (қаҳратон ва кам қорли қиш ва кеч совуқ баҳор бўлганда) сони икки мартага камаяди. |