Судралиб юрувчилар: Тангачалилар туркуми - Squamata |
Агамалар оиласи - Agamidae |
Тақир тўгаракбоши – Phrynocephalus helioscopus (Pallas, 1771) |
Ташқи кўриниши. Кичкина калтакесак: тана узунлиги 6-7 см, ўртача оғирлиги 4,4 г, йирик вакиллар 11-12 г гача. Думи тахъминан тана узунлигига тўғри келади. Урғочилари эркагидан бир оз йирикроқ. тумшуғи калта, тўмтоқ. Боши йирик ва думалоқроқ, ясси танасидан ингичка бўйни ажратиб туради. Оёқлари кенг қўйилган. Бўйнида юқоридан кўндаланг эт буришган. Думи асосида кенгайган, учига келиб у ингичкалашган. Ранги ўзи яшайдиган жойи тупроғнинг рангига қараб мослашади. Масалан, шағалли ерда кулранг, сарғиш, еки жигар ранг, қорамтир доғли, тақирда оч кул ранг доғсиз. Фақат курагида қизил ёки ҳаво ранг доғи мавжуд. Думининг пастки қисми олов ранг, ҳаво ранг ёки қип-қизил рангли. Хавф туғилганда калтакесак кўринмайдиган бўлиб яширинади. Тарқалиши. Россиянинг Волгоград ва Астрахань вилоятлари, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Доғистон, шарқий ва жануби-шарқий Озарбайжон, шарқий Грузия, жанубий Арманистон, шимоли-шарқий Эрон, Ҳитой ва Муғулистоннинг шимоли-ғарбий қисмлари. Ўзбекистоннинг текисликларда кенг тарқалган. Ҳаёт тарзи. Тақир тўгаракбоши - чўл ва ярим чўл зоналарнинг типик вакили. Қум тўгаракбоши фарқли равишда қумликда жуда кам учрайди. Тупроқли ва шағалли чўлларда, адирларда, тақирларда яшайди. Ҳудудимизнинг калтакесаклари типик вакили. Фориш дашти текисликларида ва Нурота тоғ тизмасининг адирларда денгиз сатҳининг 550 м баландлигида учрайди. Беркиниш учун тупроқдаги ўйилмалар, хашоратлар инини катталаштириб яшайди. Қишловдан кейин март бошларида, айрим йилларда эса февраль якунида чикади. Қишловга ноябрьда кетади. Кундузи фаол. Майда ўргимчак ва ҳашоратлар (чумоли ва бошқалар) билан озиқланади. Баҳор ва кузда қишловга кетишдан аввал қўшилади. Бу даврда эркаклари жуда фаол бўлади ва кўпинча ўсимлик ва тошга чиқиб олади. Тепаликда ўтириб, эркаги вақти-вақти билан думини кўтариб, хар томонга ҳаракатлантиради, шунда думи остидаги жуда кескин ранги узоқдан кўзга ташланади. Йилда 2 марта тухум қўяди. Нурота тоғ тизмасида март-апрель ойларининг иккинчи яримида, иккинчи май-июньга тўғри келади. Урғочи чуқур бўлмаган чуқурлик ковлайди ва унга 2-10 майда 1,1 - 1,5 см.ли тухум қўяди. Ёш калтакесаклар 30 кундан кейин тухумдан чиқади, тана узунлиги 2,3 - 2,5 см. Ёш калтакесаклар тез ўсади ва кейинги баҳорга кўпайишга тайёр бўлади. Сони. Зоология Институтининг олиб борган ҳисоб натижаларига қараганда 1960-1970 йилларда Нурота тоғ тизмаси тоғолди текисликларида тақир тўгаракбошининг популяция зичлиги 1 га 1,5-2 та калтакесак тўғри келади. Баҳорда жануби-шарқий Қизилқумда ўртача сони 5, ёзда (ёшлари чиққандан кейин) – 1га 12 та тўғри келади. |
Қум тўгарабоши – Phrynocephalus interscapularis (Lichtenstein, 1856) |
Ташқи кўриниши. Жуда кичкина калтакесак: думи билан узунлиги 10 см дан ошмайди. Танасининг ясси, боши катта ва юмалоқ бўлади. Устки томони қум рангида-сариқ, орқаси бўйлаб кўпгина кулранг ва жигар ранг майда доғлар, кураклари оралиғида йирик қизил доғи бор. Асабийлашган ҳолатда калтакесак кўпинча думини юқори томонга эгилади ва тўғрилайди, шу билан ўз шеригини жалб этса керак. Тарқалиши. Ўрта Осиё, Жанубий Қозоғистон, шимоли-шарқий Эрон ва Афғонистон қум чўллари. Ҳаёт тарзи. Қум тўгаракбоши - Ўрта Осиё ва жанубий Қозоғистоннинг қум чўлларининг типик вакили. Асосан ўсимликсиз кўчма қумларда яшайди. Жуда тез югуради. Хавфлик туғилганда тез қочиб кетади ёки танасини тебранма ҳаракатлантириб қумга кўмилиб олади. Кундузи фаол. Тунга чуқур бўлмаган чуқур инларда беркинади, уларни жуда тез қазийди (бир неча дақиқа ичида). Кўпинча қум ичига кўмилиб олади. Майда ҳашоратлар ва ўргимчаклар, асосан чумоли билан озиқланади, ўлжани тили билан тутиб олади. Октябрь-ноябрьда қишги уйқуга кетади, март ойида уйғонади. Кўпайиш даври апрель охиридан июль бошига тўғри келади. Бу даврда 3-4 марта тухум қўяди, ҳар доим фақат 1та 1,0-1,5 см узунликда тухум қўяди. Июнь ойида 2 смли ёш калтакесаклар тухумдан чиқади. |
Туркистон агамаси – Stellio lehmanni (Nikolsky, 1896) |
Ташқи кўриниши. Йирик калтакесак. Вояга етган агаманинг узунлиги (думи билан) 40-45 см гача, оғирлиги 120 г гача бўлиши мумкин. Нурота тоғ тизмасида агамалар ўртача тана узунлиги 11-14 см (думсиз), оғирлиги 44-47 г ни ташкил қилади. Боши ва танаси ясси. Танаси кулранг, орқа томонида майда қора доғлари бор. Эркагининг томоғида қорамтир мармарсимон олов ранг доғлар хавфли вазиятни хис килганда пайдо бўлади. Орқа томони ҳар хил ўлчамдаги ва шаклдаги ўткир учли тангачалар борлиги ва думидаги тангачалар ҳалқа мавжудлиги билан дашт агамасидан фарқ қилади. Думида тўқ кўндаланг доираси бор. Эркаги урғочидан йирикроқ. Тарқалиши. Ўрта Осиёнинг тоғларда тарқалган. Ҳаёт тарзи. Туркистон агамаси – типик тоғ калтакесаги. Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмидаги тоғларда учрайди (д.с.б. 500-600 дан 3000-3300 м гача). Қояларда, тош-шағал уюмларида, соз тупроқли жарликларда, адирларда, эски тош деворлар ва харобалар орасида яшайди. Қоялар, дарахтлар ва буталарининг йўғон танаси бўйлаб яхши ўрмалаб баландга кўтарилади. Тез югуради ва 60-70 см гача сакрайди. Ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар, кичик калтакесаклар, ўтларнинг яшил барглари, ўсимлик гуллари ва тут мевалари билан озиқланади. Туркистон агамаси март ойининг бошларида қишловдан чиқади. Май ойида жуфтлашади. Июнь охири ва июль ойи давомида урғочиси қоялар ёриғига 10 тадан 22 гача тухум қўяди. Тухуми оқ рангли қалин қобиқ билан қопланган ва узунлиги 2 см атрофида бўлади. Август охирларида ва сентябрнинг бошларида тухумдан ёш агамалар ёриб чиқади. Сони. 1960 йиллар охирида Нурота тоғ тизмасида олиб борилган ҳисобга кўра 1 гектарга 4та туркистон агамаси тўғри келади. Нурота қўриқхонасида 2006-2007 йилларда олиб борилган ҳисобга кўра Ҳаётсойда ёнғоқзорларда 1 гектарга 2та агама аниқланган, қурғоқчил тошли ёнбағрида 1 гектарга 4.5дан 1.5гача агама тўғри келади. |
Дашт агамаси – Trapelus sanguinolentus (Pallas, 1814) |
Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги калтакесак. Умумий узунлиги 29 см га етади (думи билан). Тана узунлиги 11-12 см гача, оғирлиги 35 г. Нурота тоғ тизмасида дашт агама урғочининг ўртача тана узунлиги 9 см, эркагининг 9,3 см дан ошмайди. Боши йирик ва нисбатан баланд жойлашган, юраксимон шаклда ва танадан кескин ажралиб туради. Думида тангачалар кўндаланг қаторлар бўлиб қопланган, доиралар ҳосил қилмайди. Танасининг устки томонида кулранг, пастки томонида оқ ранг бўлади. Дашт агамасининг вояга етган урғочиси бирмунча кичиклиги ва орқа томонида оч жигарранг холлари билан эркагидан фарқ қилади. Эркакларининг доғи тўқ қўнғир тусда бўлади. Безовталанса, агама тез рангини ўзгартиради: эркаклари танасининг бутун пастки қисми кўк рангга киради, урғочиларнинг орқасидаги доғлари қизаради. Тарқалиши. Кавказолди, Жанубий Қозоғистон, Ўрта Осиёда тарқалган. Ҳаёт тарзи. Ўзбекистондаги текислик ва адирларнинг типик вакили. Чўлда, ярим чўлда, қурғоқчил тоғ олдида ва тоғларнинг пастки қисмларида, қуруқ жойларда, айримларида инсон яшайдиган жойларда ва йўллар атрофида учрайди, лекин сочилувчан қумликларни ёқтирмайди. Нурота тоғ тизмасида 700 м денгиз сатҳидан баландликда ва ундан баландроқда ҳам учрайди. Дашт агамаси жуда эҳтиёткор бўлади. Хавф сезиши билан тезда қочиб, кемирувчилар эски инларига, тошлар остига ёки ёриқ ковакларга яшириниб олади. Ёзда кўпинча буталар учига чиқиб олади, шу билан иссиқдан сақланади ва ўз ҳудудини кузатиб туради. Ҳашарот ва унинг лиинкалари, эшакқурт, шилимшиқ, ўргимчак, айримларида майда калтакесаклар билан озиқланади. Қишловдан илиқ кунлар бошланиши билан, яъни февраль - март ойида ер юзига чиқади. Апрельда жуфтлашади. Кўпайиш вақтида (апрел - июл) урғочи агама 3-4 марта ин ёки чуқурча қазийди, уларга ўлчами 2 см келадиган (ҳар гал 8-10 тадан) тухум қўяди. 35-40 кунда тухумдан ёш агамалар очиб чиқади. Янги туғилган агамаларнинг узунлиги 32 мм (думи билан 8 см). Ҳаётининг иккничи йилида ёш агамалар вояга етади Сони. Нурота тоғ олди ва тоғ ости текисликларида 1га 3,3 та дашт агама тўғри келади. |
|