Қушлар: Лочинсимонлар туркуми - Falconiformes

Қарчиғайлар оиласи - Accipitridae

ҚарчиғайAccipiter gentilis (Linnaeus, 1758)

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш, қарғадан йирикроқ. Қанотлари нисбатан калта, кенг ва думалоқ учли, думи узун, кенг ва думалоқ учли. Ургочиси эркагидан анча каттароқ. Эркакнинг оғирлиги 600-1200 г, урғочининг – 800-2000 г, умумий узунлиги 50-68 см, қанотларининг ёзгандаги кенглиги 97-127 см га етади. Танасининг устки қисми кулранг, остки қисми оч кулранг бўлиб, кўплаб кўндалангига кетган тўқ йўллар бор. Кўзининг устидан оқ йўл ўтади, оёқлари ва кўзлари сариқ. Учаётганда думида иккита ингичка ва битта кенг кўндаланг тўқ йўллар куриниб туради. Ёш қушлар усти кунгир ранг кизгиш ёки оч рангли чизикчали, паскт кисми очрок узунаси буйлаб тук чизикчалари мавжуд. Овози - баланд ва жарангли «кьяк-кьяк-кьяк» деб қичқиради.

Тарқалиши. Шимолий ярим шарида ўрмонли ҳудудларда кенг тарқалган. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида ва қишда учрайди.

Яшаш тарзи. Ўрмонларда яшайди. Асосан, ўтроқ ҳаёт кечиради, аммо баъзан Сибирдан чиққан қушлар қишлаш учун жанубга, Қозоғистон ва Ўрта Осиёга учиб кетади. Сезгир ва эҳтиёткор қуш. Фаол йиртқич, тез, чаққон ва устомон. Асосан майда ва ўртача қушлар (ўрдак катталигида), баъзан майда кемирувчилар ва қуёнлар билан озиқланади. Аҳоли яшайдиган жойларда кўпинча товуқларни ов қилади. Ўлжани дарахтда беркиниб кузатади, ва уни ҳавода, ерда, очик жойда, буталар орасида, сувда ва дарахтда ўшлаб олади, дарахтлар орасида моҳирлик билан учади. Жуфтлар бутун умрга ҳосил бўлади ва уялаш учун доимий бир майдонни эгаллайди. Уясини ердан 8-20 м баландликда баланд дарахтга хас-чўплар, шоҳлардан ва ўтлардан қуради. Апрелда 3-4 та тухум қўяди. Тухум босиш 35 кун давом этади. Май ойининг иккинчи ярими - июнь бошланишида полапонлар очиб чиқади ва июль ойининг оҳирида уча бошлайди.

Сони. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтиш даврида ва қишлашда жуда кам сонда учрайди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

ҚирғийAccipiter nisus (Linnaeus, 1758)

            

Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган йиртқич қуш (каптардек). Қанотлари калта, кенг ва думалоқ учли, думи узун. Эркакнинг оғирлиги 100-220 г, урғочининг180-340 г, умумий узунлиги 28-41 см, қанотларининг ёзгандаги кенглиги 55-78 см га етади. Эркагининг усти томони кулранг, остки қисми оқиш бўлиб, кўплаб кўндалангига кетган қўнғир ёки қизғиш йўллар бор, юзи қизғиш. Урғочиси эркагидан анча каттароқ, танасининг усти кулранг-қўнғир, остки томони оқ, тўқ кулранг кўндаланг йўлли, қоши ва томоғи оқ. Оёқлари ва кўзлари сариқ. Думининг учи текис кесилган, думалоқ эмас. Учаётганда думида 4та ингичка ва четида битта кенг тўқ йўл куринади. Учиши тез, ниҳоят ҳаракатчан, дарахтлар орасида моҳирлик билан уча олади, камдан-кам парвоз қилади. Овози баланд ва тез – «кик-кик-кик» деб қичқиради.

Тарқалиши. Шимолий ярим шарда кенг тарқалган. Ғарбий Европадан Узоқ Шарқ ва Ҳимолойгача, Шимолий Африкада учрайди. Ўзбекистонда деярли барча жойларда тоғларда, текисликларда, ўзлаштирилган ерларда, аҳоли яшайдиган ерларда, шунингдек, катта шаҳарларда учрайди.

Яшаш тарзи. Ареалнинг шимолий қисмида учиб ўтувчи, жанубий қисмида кўчманчи ёки ўтроқ қуш. Ўрмон ва ўрмон-даштли ландшафтларда яшайди. Очик жойлари бор сийрак ўрмонларни афзал куради. Ўзбекистонда тоғли ва тўқайли ўрмонларда, дарахтзорларда, боғларда уялайди. Қирғий жуфти уялаш учун доимий жойни эгаллайди. Уясини дарахтнинг калин шохлар орасига, ердан 5-15 м баландликда хас-чўплар ва шоҳлардан қурилади. Уяси унча катта ва мустаҳкам бўлмайди, унинг диаметри 30-50 см, баландлиги 10-30 см га етади. Май оҳирида 3-4та тухум қўяди ва 33-35 кун давомида босиб ётади. Июл-августда полопонлари уча бошлайди. Фаол йиртқич, жуда ҳаракатчан, чаққон, дарахтлар орасида чап бериб учади. Асосан қушларни (мусича ва каклик катталикдаги), айримларида кемирувчилар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Ўзлаштирилган ерларда майна унинг асосий ўлжаси бўлади. Дарахт ёки бошқа пана жойдан беркиниб ўлжани кузатади, тез ва кутилмаганда ташланади. Одатда ўлжани учаётганда ўшлаб олади.

Сони. Оддий тур, лекин бошқа йиртқич қушлар сингари, сони анча кўп бўлмайди. Нурота тоғ тизмасида дарахт-бутазор бор ҳар бир катта сойда ўртача 1-2 та қирғий жуфти уялайди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Тош қирғийAccipiter badius (Gmelin, 1788)

 

Ташқи кўриниши. Катта бўлмаган йиртқич қуш (каптардек). Умумий узунлиги 30-38 см, қанотининг узунлиги 18-23 см, оғирлиги 190-270 г. Учаётганда қирғийга ўхшайди, фақат ранги оч, қанотлари узунроқ, ингичкароқ ва қора учли бўлиши билан фарқланади. Бошқа йиртқич қушларга ўхшаб, урғочилари эркакларидан каттароқ. Эркагининг усти кўкимтир-қўнғир, остки томони оқ  кўндаланг қизғиш йўлли, томоғида узунасига кетган тўқ йўл бор. Урғочисининг усти қўнғир, остки томони оқ, кўндаланг қўнғир йўлли. Оёқлари калта ва йўғон, сариқ, кўзлари оловранг. Тарқалиши. Африка ва Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда уялашда, учиб ўтишда ва қишлашда учрайди. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтиш даврида учрайди, уялаши ҳам мумкин.

Яшаш тарзи. Очик жойлари бор сийрак ўрмонларда, ўзлаштирилган ерларда, аҳоли яшайдиган ерларда, шунингдек, катта шаҳарларда (Тошкентда ҳам) яшайди. Уясини дарахтларда 3-17 м баландликда жойлашади. Уясининг четларига ва остига ҳар доим яшил барглар тўшайди, ва шу билан қирғий уясидан фарқланади. Ўрта Осиёда май оҳирида 3-4та тухум қўяди ва 33-35 кун давомида босиб ётади. Ёшлар июльнинг оҳирида-августнинг бошида уча бошлайди. Ушбу даврда уларнинг «тюю-вик», «тюю-вик» деган қичқириклари эшитилиб туради, бу эса ҳар бир жуфтининг яшайдиган жойларини аниқлашда ёрдам беради. Судралиб юрувчилар, майда сутэмизувчилар, майда қушлар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Одатда очик жойларда ов қилади. Қирғийдан фарқли, ўлжани кўпинча ерда ўшлайди.

Сони. Нурота тоғ тизмасида учиб ўтиш даврида учрайди, якка қушлар йил давомида ҳам кўзатилади, аммо уялаш ҳакида маълумотлар йўқ.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

 

     

 

 

     

 

 

     

 

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие