Қушлар: Лочинсимонлар туркуми - Falconiformes

Қарчиғайлар оиласи - Accipitridae

Арихўр – Pernis apivorus (Linnaeus, 1758)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йирткич куш, қарғадан тахминан 1,5 баробар каттарок. Умумий узунлиги 52-60 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 135-150 см ва оғирлиги 600-1000 г га етади. Катталиги ва танасининг шакли бўйича кўпроқ сорга ўхшайди. Боши кичик, тумшуги унча катта эмас, тумшуги атрофида каттик кайилган патлари бор. Катта қушлар кузлари сарик, ёшларини тўқ булади. Қанотлари ва думи кенг ва анча узун, унинг учи думалоқ шаклида озгина кайилган. Танасининг усти қисми қизғиш, тўқ кулранг, қорамтир ёки қўнғир, остки қисми оч. Бутун танаси ва қанотлари бўйлаб кўндаланг ўтган йўллар аниқ кўзга ташланади. Думи ва қанотларининг учида энли қорамтир йўл бўлади, думининг остки томонида иккита кўндаланг тўқ йўли бор, қанотларининг эгиладиган қисмида катта тўқ доғи мавжуд.

Тарқалиши. Европанинг урмон ва урмон-даштлари, Ғарбий Сибирда, Олтойда уялайди, шимолий-шарқий Қозоғистонда ҳам уялаши мумкин. Африка ва Жанубий Осиёда қишлайди. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида учрайди.

Яшаш тарзи. Баргли ва аралаш ўрмонларда уялайди. Уялайдиган жойларга апрель оҳири-май бошларида учиб келади. Одатда узи уя қуради, баъзан қарға ва сор эски уясини эгаллашади. Уясини баланд дарахтларга жойлашади. Май оҳирида-июнь бошида 1-2 та тухум қўяди, полапонлар июль бошида очиб чиқади. Кузги учиб ўтиши август-сентябрь ойларида бўлади. Асосан асалари, қовоғари, қизил ари, сариқ арилар ва уларнинг қуртлари билан озикланади. Ҳашаротларнинг инларини ерда, дарахт ва буталарнинг шохларида излаб топади, кейин уни оёғи билан очиб ташлайди. Арилар кам бўлса бошқа йирик ҳашаротлар (қўнгизлар, чигирткалар), шунингдек қурбақа, калтакесак, кичик қуш ва кемирувчиларни билан озиқланади.

Сони. Табиатдан камёб тур. Нурота тоғ тизмасида ва Жанубий-шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида жуда кам сонда учрайди.

Ҳолати. CITES II-Иловасига киритилган.

Қора калхат – Milvus migrans (Boddaert, 1783)

            

Ташқи кўриниши. Қарчиғайлар оиласига мансуб ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қарғадан 1,5 баробар йирикроқ, узун ва кенг қанотли ва узун думли. Қанотларини ёзгандаги кенглиги 160-180 см, умумий узунлиги 55-60 см, оғирлиги 630-950 г га етади. Ранги қўнғир, қари қушларнинг боши оч тусда бўлади. Думида ўйилма бор. Шу туфайли бу тур ҳудудимизнинг бошқа йиртқич қушлардан тез фарқланади. Овози - тез-тез «ки-ки-ки» ёки майин хуштак.

Тарқалиши. Евросиё, Африка, Австралияда кенг тарқалган. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида барча ҳудудларда учрайди. 1960-йилларгача Нурота тоғларда уялаши одатий эди, ҳозир уялаш жойларида безовта қилиниши ва тоғ воҳаларининг ўзлаштирилиши натижасида жуда кам сонда уя қуради.

Яшаш тарзи. Ўрта Осиёда  учиб ўтувчи қуш, тропик ҳудудларда ўтроқ бўлиб яшайди. Одатда сув ҳавзалари ёнида ўрмонлар атрофида, Ўрта Осиё тўқай ва қайир тоғли ўрмонларда уя қуради. Ўзлаштирилган ерларда, аҳоли яшайдиган жойлар атрофида ҳам уялаши кузатилган. Уясини дарахтда жойлаштиради. Март ойида учиб келади. Апрелда 2-4та тухум қўяди. 30 кун давомида тухумни фақат урғочи босади, эркаги эса ўлжани олиб келади. Полопонлари июн-июлда уча бошлайди. Кузги учиб ўтиш даври – сентябр-октябрда, баъзан Ўзбекистонда қишлайди. Қора қалхат озиқага бефарқ қарайди. Турли ўлаксалар ва ташландиқлар, кемирувчилар, амфбиялар, калтакесаклар, ҳашаротлар, қушлар, уларнинг болалари ва тухуми билан озиқланади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида ва Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларида учиб ўтиш даврида учрайди, аммо кам сонда кузатилган. 1960-йилларгача Нурота тоғларда уялаши одатий эди. Ҳаётсойда 1982 йилгача бир жуфти уяладиган, махаллий ахоли вакиллари айтишларича, 1990-йилар оҳиригача яна бир жуфти Сентобсойда уя қурган. Ҳозир уялаш жойларида безовта қилиниши ва тоғ воҳаларининг ўзлаштирилиши натижасида уя қуриши номаълум эди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Дала бўктаргиси – Circus cyaneus (Linnaeus, 1766)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун ва ингичка, думи узун. Эркакнинг оғирлиги 0,3-0,4 кг, урғочининг - 0,4-0,7 кг, умумий узунлиги 43-56 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100-124 см. Эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади. Эркагининг умумий туси оч кулранг, белида кенг оқ йўл мавжуд, қанотларининг учи қора бўлади. Учаётганда қанотларининг четида тўқ кулранг йўл кўринади. Урғочисининг усти томони қўнғир, остки томони сарғиш-қўнғир чипор рангда, думининг асоси оқ, думи ва қанотларининг пастки қисмида 3 та тўқ йўллар мавжуд. Бўйнида кўндаланг оч йўл («бўйинбоғ») бор, кўзлари атрофида оч ҳалқа бўлади. Учаётганда бир текисда парвоз қилади ва қанотларини кам қоқади.

Тарқалиши. Евросиёда уялашда кенг тарқалган, тундрадан даштларгача ва Ғарбий Европадан Узоқ Шарқгача. Нурота тоғ тизмасида фақат учиб ўтиш даврида учрайди.

Яшаш тарзи. Ўрмон ва бутазор атрофида бўлган очиқ жойларни (далалар, ўтлоқлар, ботқоқликлар) танлайди. Тоғларда ўрмон юқори чегарасида ҳам яшайди. Кемирувчилар, қурбақалар, қушлар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Уялашни май ойида бошлайди. Уясини ерда қалин ва баланд ўтлар орасида жойлаштирилади. 3-5 та (камдан-кам 6 та) тухум қўяди. Полапонлар июнь ойининг биринчи яримида очиб чиқади, июл ойининг иккинчи яримида учишни бошлайди. Баҳорги учиб ўтиши Нурота тоғ тизмасида март ойининг иккинчи яримида – апрель ойида, кузги учиб ўтиши сентябрь ойида бўлади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Дашт бўктаргиси – Circus macrourus (S.G.Gmelin, 1771)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун, ингичка ва ўткир, думи узун. Эркакнинг оғирлиги 300-500 г, урғочининг 370-600 г, умумий узунлиги 43-53 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 95-120 см га етади. Бошқа бўктаргилар сингари, эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади. Эркагининг устки томони оч кулранг, остки қисми оқ, думида кўндаланг кулранг йўллар бор, қанотларининг учи қора бўлади. Урғочисининг усти қўнғир, танасининг пастки қисми қизғиш, белида оқ йўл мавжуд. Кўзлар атрофида оч ҳалқа, бошининг ёнида кенг ярим ой шаклида тўқ қўнғир йўл, бўйнида оч «бўйинбоғ» бор. Думи ва қанотларининг пастки қисмида 2 та тўқ йўллар мавжуд. Катталарнинг кўзлари ва оёқлари сариқ рангда. Ёш қушлар ранги билан урғочисига ўхшайди, аммо патларининг асосий туси қизғиш, кўзлари тўқ бўлади. Бошка бўктаргилар фарқли, қанотлари учли, учиши тез. Учаётганда бу қуш балиқчига ўхшайди.

Тарқалиши. Шарқий Европа, Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Шимолий Эронда уялайди. Қишни Африка, Ҳиндистон, Покистон, Эронда қишлайди. Ўзбекистонда фақат учиб ўтиш даврида учрайди.

Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Очик ландшафтларда, ўрмон-дашт, дашт ва чўлларда сув ҳавзалари ёнида яшайди. Уясини ерда қалин ва баланд ўтлар ва бутазор орасида орасида жойлаштиради. 3-6 та тухум қўяди (одатда 3-4 та). Кемирувчилар, майда қушлар ва унинг тухумлари, калтакесаклар йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Баҳорги учиб ўтиши март-май ойларида, кузги учиб ўтиши август-сентябрьда бўлади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.

Ҳолати. Ўзбекистоннинг Қизил китобига 3 (NT) – заифга яқин тур тоифасида киритилган. Ҳалкаро ва Россия Қизил китобига,  CITESнинг II-Иловасига киритилган. Овлаш ман этилган.

Ўтлоқ бўктаргисиCircus pygargus (Linnaeus, 1758)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари узун, ингичка ва ўткир, думи узун. Ўрта Осиёда учрайдиган бўктаргиларнинг энг кичик вакили. Эркакнинг оғирлиги 0,25–0,3 кг, урғочининг 0,3–0,45 кг, умумий узунлиги 41-52 см, қанотларини ёзгандаги кенглиги 100–115 см га етади. Бошқа бўктаргилар сингари, эркаги урғочидан туси билан катта фарқ қилади, эркаги урғочидан нисбатан кичик. Эркагида танасининг устки томони, боши ва кўкраги кулранг, остки қисми оқ бўлиб, тўқ доғлар бор. Қанотларининг учи қора (бу қора доғи катта бўлиши билан дала ва дашт бўктаргилардан фарқ қилади). Қанотининг остида узунасига кетган иккита, устида битта қора йўл бор, думи кўндаланг тўқ йўлли. Урғочиси дала бўктаргисининг урғочига ўхшайди, фақат белидаги оқ йўли ингичка, бўйнида оч «бўйинбоғи» йўқ. Қанотларининг пастки қисмида 3 та тўқ йўллар мавжуд. Катталарнинг кўзлари сариқ. Ёшларнинг боши, бўйни ва танасининг ости қизғиш рангда, танасининг усти қўнғир, кўзлари тўқ.

Тарқалиши. Европа, Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Шимолий Эронда уялайди. Шимолий Африка, Ўртаер денгизи атрофида, Ўрта Осиёда ва Ҳиндистонда қишлайди. Нурота тоғ тизмасида фақат учиб ўтиш даврида учрайди. Айрим жуфтлар Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларида уялаши мумкин.

Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Дарёлар водийсида, кўллар қирғоқларида, ўтлоқларда, далаларда, боткоқлиқларда, ўрмон-дашт ва даштларда учрайди. Кемирувчилар, қушлар, қурбақалар, калтакесаклар, йирик ҳашаротлар билан озиқланади. Очик жойда ов қилади. Ерга уя қуради. Баҳорги учиб ўтиши Нурота тоғ тизмасида март ойининг иккинчи яримида – апрель ойида, кузги учиб ўтиши сентябрь-октябрьда бўлади.

Сони. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда учиб ўтиш даврида кам сонда учрайди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Соз бўктаргиси (ботқоқлик бўктаргиси)Circus aeruginosus (Linnaeus, 1758)

     

Ташқи кўриниши. Ўртача катталикдаги йиртқич қуш. Қанотлари ва думи узун. Ўрта Осиёда учрайдиган бўктаргиларнинг энг йирик вакили. Умумий узунлиги 48-56 см, эркакнинг оғирлиги 400-670 г, урғочининг 550-800 г, қанотларининг ёзгандаги кенглиги 110-140 см га етади. Эркаклари урғочидан ранги билан фарқланади. Эркагида бош, бўйин, танасининг усти ва қанотининг олди қисми жигарранг-кулранг бўлади, қанотининг учи қора. Қорни олов ранг ёки оқиш. Думи, қанотининг усти кўп қисми ва деярли бутун қаноти орқаси оч кулранг. Урғочи жигар рангли, бошида оловранг ёки сарғиш «қалпоғи» бор. Ёшлари ранги билан урғочига ўхшайди.

Тарқалиши. Евросиё ва Шимолий Африкада уялашда кенг тарқалган. Сувлар музламайдиган жойларда Каспий денгизи ва Ўрта Осиёдан бошлаб, Африка ва Жанубий Осиёгача қишлайди. Ўзбекистонда барча текислик сув ҳавзаларида учрайди, тоғларга ҳам учиб ўтади.

Яшаш тарзи. Учиб ўтувчи қуш. Қалин қамишзорларда, ботқоқликларда, кўллар қирғоқларида ва нам яйловларда яшайди. Кузги учиб ўтиши август-сентябрда, баҳорги учиб ўтиши март-апрелда бўлади. Апрель-май ойининг бошларида қамишзорларда уя қуради. 2-6та тухум қўяди. Урғочиси тухум босади, эркаги озиқа олиб келади. Кичик ва ўртача қушлар (ўрдак катталигида), уларнинг жўжалари ва тухуми, қурбақа, ёш ондатралар, юмронқозиқ, қўшоёқ, дала сичқонлари, калтакесаклар, йирик хашаротлар билан озиқланади. Айримларида ўлаксалар ва чалаўлик балиқларни ейди. Ўртача баландликларда ўлжани излаб парвоз қилади. Овчилик хўжаликлари учун зарарли қуш ҳисобланади.

Сони. Айдар-Арнасой кўллар тизимида одатий ҳолда учрайди, уялайди, учиб ўтади ва қишлайди.

Ҳолати.  CITESнинг II-Иловасига киритилган.

Рыбы

Амфибии

Рептилии

Птицы

Млекопитающие